Радио учун янгиликларнинг қисқа баёнини ёзиш

Тингловчилар

Радиони ким тинглаётгани ҳақида ўйланг. Радиостанция тингловчилари сонини оширадиган ҳамда аудитория қизиқишларига мос тушадиган қисқа янгиликларнинг яхши баёнини ёзиш йиллар мобайнидаги тажриба ортидан эришиладиган маҳоратдир.

Ҳелен Морган Винне Лондондаги Би-би-си Радио янгиликлари Уйида муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлайди. Унинг айтишича, тингловчиларингиз қизиқишларини англаш ҳамда сиз танлаган мавзуга таъсир кўрсатадиган биринчи нарса, бу:

Давомийлик

Хўш, янгиликлар бюллетени ёки қисқа баёни давомийлигини нималарга асосланиб белгилаган маъқул? Мазмуни қизиқарли янгиликлар бюллетенини ёзиш учун ҳар бир янгилик вақти ўлчовини назарда тутиб туриш муҳим. Бешта янгиликнинг узунлиги икки дақиқа бўлса ёки олти ёки етти янгиликни уч дақиқа давомида ўқиб тугатилса ва бу янгиликлар орасида икки ёки уч овоз билан иллюстрация қилинса, буни мукаммал бюллетен деб аташ мумкин. Янгилик орасидаги овозларнинг узунлиги 35 сониядан ошмагани маъқул.

Текшириш

Янгиликларни қайта-қайта текшириш нима учун муҳим? Сиз ишга киришган пайтда ўзингиздан олдин тайёрланган янгиликлар баёнини ўқиб чиқинг, балки радиостанциянгиз бирор бир хабарни тарқатганидан кейин яна қандайдир ўзгариш бўлгандир, ҳодисалар орада яна ривожланган бўлиши мумкин. Янгилик матнини эфирда ўқишдан олдин аввало уни ўзингиз тушуниб олганингизга ишонч ҳосил қилинг.

Оддийлик

Янгиликлар бюллетенининг тили жуда оддий, тушунарли бўлиши талаб қилинади. Радио - бу имкон қадар сўзлашув тили дегани. Шунинг учун сиз янгилик ёзаётганда ҳар бир сўз ҳақида қайта-қайта ўйлаб, қарор қабул қилишингиз керак. Такрорга йўл қўймаслик лозим.

"Хабарларнинг аксарини икки ёки уч жумлада содда қилиб тушунтириш мумкин - ҳар бир янги қатор нимадир янгилик қўшишни англатади"

дейди Ҳелен Морган Винне.

Янгилаш

Сиз кун мобайнида ахборотни қандай янгилаб боришни яхши билишингиз керак. Агар бирор янгилик бир неча соатдан буён оммавий ахборот воситалари эътиборида турган бўлса-ю, сиз унга янги бир қирра беришни истасангиз, асосий янгиликка муносабат қандай бўлаётганини ўрганишингиз мумкин. Агар кун бўйи одамлар радиода фақат бир янгиликни қайта-қайта эшитаверсалар, зерикиб қоладилар.

Маслаҳат

Ҳелен Морган Винне янгилик ёзишда якуний маслаҳатни беради ва "балки бу энг муҳим нарсадир", дея қўшимча қилади:

"Агар вақтингиз камлик қилаётган бўлса, эфир вақтига қадар янгиликлар матнини тугатишга улгурмаётган бўлсангиз, кўмак сўранг. Сизнинг ишингиз жамоанинг таркибий қисми бўлган ишлардан ҳисобланади ва сизнинг ҳолатингизга ҳар ким тушиши мумкин".