Радиодастур таништирув тақдимотини қандай ёзиш керак?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Аксар янгилик ва дараклар дастури бир дақиқалик таништирувдан бошланади, дейди Жонатан Стоунмен. Бу тақдимот гўё дўкон пештахтаси бўлиб, унда сиз ўз радиодастурингизни ташвиқ қиласиз.

Дўконда бўлгани сингари сиз одамларнинг ҳамма нарсани кўчадан томоша қилиб ўтиб кетаверишларини истамайсиз. Сиз инсонларнинг дўконнинг ичкарисига киришлари ва ниманидир харид қилишидан манфаатдорсиз.

Шундай экан, сиз одамларга дастурнинг ичида нималар борлигини айтишингиз лозим, буни шундай шаклда айтиш зарурки, тингловчиларнинг бу дастурни эшитгиси келсин. Аммо бу ерда шундай хавф ҳам борки, сиз шу қадар кўп тафсилот берганингиз туфайли тингловчи радиодастурни тўлиқ эшитмасдан ҳам бу дастурда нималар борлиги ҳақида етарли маълумотга эгаман, деган фикрга келиши мумкин.

(Шуниси ҳам борки, агар сиз дастур бошида куннинг уч ёки тўрт асосий янгилигинигина эълон қилсангиз, тингловчи ушбу мавзулардан кейин дастурни тингламай қўйиши мумкин. Шунинг учун дастурингизни таништиришда унинг охирроғидаги камида бир мавзуни ҳам эълон қилиб ўтиш фойдали.)

Сиз одамларнинг дастурингиз якунигача қолиб тинглашларини истайсиз, шундай экан, бошида уларга бутун воқеа тафсилотини ҳикоя қилманг – уларнинг ўзларига воқеа давомини топишларига қўйиб беринг.

Одатда таништирувлар иллюстрациялар билан безатилади. Сиз дастурингиз ичидаги кичик клипларни тақдимотга киритишга ҳаракат қилинг, бу клиплар овоз эффектлари, иқтибос, интервьюлардан парча бўлиши мумкин. Яъни, тингловчини дастурни тинглашига жалб этадиган барча воситалардан фойдаланиш зарур; клиплар бошқа бир иш билан машғул кишини ҳам радио яқинига келтириши, савол пайдо қилиши мумкин.

Дастурни тақдим этувчи қўйган савол таништирувнинг энг муҳим таркибий қисми бўлиши лозим, мисол учун, «Сиз извошингиз ё отингизни 100 илгари бу нарсанинг ичидан ҳайдаб ўтган бўлишингиз мумкин, аммо ҳозир унинг ичидан автомобилингизни ҳайдаб ўтишни хоҳлармидингиз?” шаклида(Лондондаги Темза дарёси остидан ўтган Блеквол туннели ҳақидаги лавҳа)...

(Дастур бошида саволлар қўйиш фойдали – бироқ сиз ўзингиз ҳар куни фақат бошланишида савол сўралгани учунгина радиоэшиттиришни тинглаган бўлармидингиз?)

Бу ўринда ҳам Би-би-сининг аниқлик, ҳаққонийлик ва холислик мезонлари сингари таҳририй стандартларини назарда тутиб иш кўрган маъқул.

Ва ёдингизда тутингки, дастур бошидаги таништирув учун сизнинг ихтиёрингизда атиги бир дақиқа бор.

Бу эса яхшигина мушоҳадани талаб қилади. Сиз дастурингиз тақдимоти ҳақида чуқур ўйлаб олганингизга ишонч ҳосил қилинг(яхшиси, дастур таништирувининг хомаки матни дастурингиз ичида нималар бўлиши ҳақида бир қарорга келганингиз ҳамон тайёр бўлгани маъқул. Бу, албатта, дастур бошланишига бир неча дақиқа қолганда ёзилган тақдимот матнидан яхшироқ бўлиши аён.