Яна Россиянинг қатор шаҳарларида норозилик намойишлари ташкил этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Мухолифат раҳбарларига кўра, Москвадаги норозилик намойишига 50 мингдан ортиқ одам йиғилган

Москва марказидаги Сахаров майдонига бир неча ўн минг киши Дума сайловлари натижалари сохталаштирилганига қарши норозилик намойишига йиғилганлар.

Ҳаво ҳарорати -3 бўлганига қарамасдан, мухолифат "Ҳаққоний сайловлар учун" деб номлаган норозилик амалиётида қатнашиш учун Сахаров майдонига, ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, 28 минг киши йиғилган.

Бироқ норозилик тадбири ташкилотчиларига кўра, Москвадаги намойишга 120 мингдан ортиқ келган.

Facebookда 52 минг киши пойтахтдаги тадбирда иштирок этиш истагини билдирган эди.

Намойишлар бутун Россия бўйлаб ташкил этилгани хабар қилинган, улардан энг йириги Россия Узоқ Шарқидаги Владивосток шаҳрида бўлиб ўтган.

Владивостокда намойишчилар Россия Бош вазири Владимир Путинни маҳкамага тортиш чақириғи ёзилган шиорларни кўтариб олганлар.

Москвада намойишчилар қўлида Владимир Путин боши презервативга ўралган сурат кўринган, бу ўзининг йиллик телевизион мулоқоти пайти жаноб Путин 10 декабр куни пойтахтда намойишга чиққан кишилар кўкракларига ёпиштириб олган оқ гулларни прзеревативга қиёслаганига жавоб бўлган.

Владивостокдаги намойишда маҳаллий кенгаш аъзоси Артём Самсонов сайловлар натижаларини бекор қилишга чақирган.

Бугун Москвадаги намойиш иштирокчилари қўлларида оқ шарлар ва "Ҳаққоний сайловлар учун" деган ёзувларни тутиб турганлар.

Москва шаҳри ҳокими Сахаров майдонидаги намойишга рухсат берган, хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Шу ҳафта Президент Медведев мамлакатда сиёсий ислоҳотлар ўтказишга ваъда берган, куни кеча Россияда сиёсий партияларни рўйхатга олишни осонлаштириш мақсадини кўзлаган ҳужжат эълон қилинган.

Шунингдек, минтақалар губернаторлари бундан кейин тайинланиши эмас, сайланиши эълон қилинган.

Бироқ намойишчиларнинг айтишларича, ҳукуматнинг бу қилаётган ишлари етарли эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ