Путин муҳожирлик масаласини тартибга солмоқчи

Муҳожир ишчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Россияга келиб ишлаётганларнинг аксари марказий осиёликлар

Россия Бош вазири Владимир Путиннинг айтишича, "резина" квартиралар соҳиблари, муҳожирларни сохта рўйхатга олганлар ва иш рухсати бўлмаганларга иш берувчиларни жиноий жавобгарликка тортиш керак.

Бу ҳақда Путин Федерал Миграция Хизмати мажлисида гапирган.

Владимир Путинга кўра, ноқонуний муҳожирлик мамлакатда коррупция, жиноятчилик ва ҳатто миллий низоларга ҳам замин яратаётган экан.

"Россия бош вазирининг айтганларидан миллионлаб Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирларининг ҳаммаси ҳам хавотирга тушаётгани йўқ", дейди тожикистонлик муҳожир Фурқат Абдураҳмонов.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Путиннинг айтган гаплари ҳар доим бор. Ижозатсиз ишга олган одамларни 800 мингга жарима қилади. "Резина" квартиралар маън қилинсин", деган гаплар аввал ҳам бор эди", дейди у.

Фурқат Абдураҳмонов Путин жанобларининг сўнгги чиқишини президентлик сайловларидан олдинги кампаниянинг бир қисми эканини айтади.

Шу билан бирга у Россия Бош вазири айтаётган ҳолатлар барчага маълум муаммолар экани, аммо мулозимлар бу муаммолардан кўз юмишларини таъкидлайди.

"Кўп ўзбек болаларни ўз кўзим билан кўраман, биз яшайдиган уйнинг ертўласида яшашади. Уларнинг шароитлари ҳақиқатда ҳам қийин. Неча марта буни телевизордан гапиришди, лекин бунга кўз юмишади. Маъмуриятда ишлайдиган одамлар яхши билишади бу нарсани...Эрталаб соат бешда туриб, қайси ўрис қор курайди ё ахлат тозалайди? Фақат Ўрта Осиёдан борган одамлар бу ишни қилади. Агар буларни ҳайдаб юборса, бу Москва шаҳри ахлатга тўлиб кетади. Шунинг учун, улар битта ойликни икки-уч одамга бўлиб беришади, бир одамнинг ўрнига икки-уч одам ишлайди", дейди Фурқат.

Меҳнат муҳожирлари керакми?

Россияга келиб ишлаётганларнинг аксари марказий осиёликлардир.

Жаҳон банки Россия ҳукуматини мамлакатга меҳнат муҳожирларини кўпроқ жалб этишга чақирган эди.

Жаҳон банкига кўра, Россияда тобора қисқараётган ишчи кучининг ўрнини қоплаш учун яқин 20 йилда 12 миллион меҳнат муҳожири жалб этилиши лозим бўлади.

Банк мутахассислари фикрларича, Россия аҳолиси сони камайиб камайиб бораётгани иқтисодда салбий акс этиши мумкин.

Россия расмийлари меҳнат муожирлари жалб этилиши лозимлигини тан олишса-да, жамиятда муҳожирларга бўлган муносабат ҳамон мураккаблигича қолаётир.

Ирқчилик асосида муҳожирларга ҳужумлар сони ортиб бормоқда.

Жаҳон банки тадқиқотига кўра, яқин 10 йил ичида Россияда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони йилига бир фоизга қисқариб бораверади.

Асосан Марказий Осиё мамлакатларидан келган меҳнат муҳожирлари Россияда аксарият ҳолатларда кам иш ҳақи тўланадиган "қора ишлар"ни бажаришади ва деярли ҳар қадамда камситишга дучор бўлади.

Глобал иқтисодий инқироз Россияда меҳнат муҳожирлари аҳволини янада қийинлаштиргани айтилади.

Ҳукумат 2010 йил Россия ўз фуқароларини иш билан таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш мақсадида муҳожирларга белгиланган квота микдорини анча камайтирган эди.

2011 йил бўйича бутун Россия буйича қарийб 2 миллион ҳорижликка ишлаш квотаси ажратилган.

Мутахассисларга кўра, биргина Москвада 2 миллионга яқин меҳнат муҳожирлари ишлаётгани ҳисобга олинса, ушбу квота миқдори ниҳоятда камдир.

Федерал миграция хизмати раҳбариятига кўра, Россияда ҳозирда 5 миллиондан зиёд хорижлик ишчи меҳнат қилади.

Ўтган йилги рақамларга кўра, улардан фақат 1,5 миллионигина меҳнат қилиш рухсатномасига эга.

Бу мавзуда батафсилроқ