"Афғонистон давлат ходимларининг маошларини беришга ҳам қодир эмас"

Иноятуллоҳ Фараҳманд
Image caption Иноятуллоҳ Фараҳманд Афғонистон парламентидаги ўзбек миллатига мансуб 18 вакилдан биридир

Би-би-си меҳмони - Афғонистон парламентининг вакили Иноятуллоҳ Фараҳманд.

Афғонистондаги ўзбек миллатига мансуб ёш сиёсатчилардан бири bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Иноятуллоҳ Фараҳманд ўтган йил Афғонистонда бўлиб ўтган сайловларда мамлакат шимолидаги Шибирғон вилоятидан парламент вакили этиб сайланди.

33 ёшли сиёсатчи ҳозирда таниқли генерал Абдуррашид Дўстум асос солган Жунбиши Миллии Исломии Афғонистон партиясининг етакчиларидан бири ҳисобланади.

Парламент вакили, шунингдек, Президент Карзай ҳукуматига қарши мухолиф қарашлари билан танилган.

У Афғонистон президентлик тизимидан парламент тизимига ўтиши керак деб ҳисоблайди.

Иноятулло Фараҳманд 2004 йилда Мазори Шариф шаҳридаги Балх Миллий Университети Тиббиёт Факултетини тамомлаган.

2003 йилдан 2011 йилга қадар Кобулдаги Би-би-си мухбири сифатида фаолият олиб борган.

Би-би-си:Ҳуррам исмли мухлисимиз иккита савол йўллаган: 1. Афғонистонда Толибон яна қудратга келиши мумкинми?

Иноятуллоҳ Фараҳманд: Афғонистонда 30 йилдан буён уруш давом этаяпти, биласиз. Лекин, Афғонистон халқи энг оғир замонни, энг қаттиқ даврни Толибон пайтида бошидан ўтказди. Толибонни истаётган одамлар ҳам бўлиши мумкин Афғонистонда, йўқ дея олмаймиз. Аммо кўпчилик одамлар Толибондан нафратланади. Толибонни истамайдилар. Бугунги кунда Афғонистон халқи толибларни нафақат истамайди, балки уларга қарши, керак бўлса, қўлига қурол олиб курашишга тайёр. Бошқа томондан, дунё ҳамжамияти ҳам Толибоннинг ҳокимиятни қайта қўлга олишини истамайди. Толибларнинг қайта ҳокимиятга келиши ғайри маҳол, яъни номумкин. Толиблар, ўз замонида, баъзи бир инсоний ҳақларни оёқ ости қилишди. Улар Ислом номидан фойдаланиб, ўзларининг қабилавий қонун-қоидаларини ўрнатишга уринишди. Бошқа қавмларга ҳақ бермадилар. Афғонистон жанубидаги паштун миллатига мансуб урф-одатларни бошқа минтақаларда куч билан жорий этмоқчи бўлдилар. Одамларнинг ташқи дунё билан алоқаларини узиб қўйишди, барча нарсадан маҳрум қилишди. Аёлларни ишга, мактабга боришга, дарс олишга қўймади. Бир томондан ишсизлик ва иккинчи томондан уларнинг қаттиққўл сиёсати натижасида кўпчилик афғонистонликлар ватанларини тарк этишга мажбур бўлишди. Шунинг учун, агар фикрларни ўрганмоқчи бўлсангиз, халқнинг 90% Толибоннинг қайта ҳукумат тепасига келишини хоҳламайди. Қанчалик қимматга тушмасин, халқ уларга қарши туришга ҳозир, менимча.

Би-би-си: 2. Афғонистонлик ўзбеклар орасида толибларни қўллаб-қувватлайдиганлар борми? – деб сўрапти яна Ҳуррам.

Иноятулло Фараҳманд: Афғонистонлик ўзбеклар орасида сўнгги пайтларда толибларнинг сиёсатини қўллаб-қувватлайдиган эмас, аммо уларга тарафдор бўладиганлар, оз бўлса-да, чиқиб турибди. Бунинг бир неча сабаби бор. Биринчиси, Афғонистонда баъзи бир жиноятларга қўл урган, маҳкамадан қочган ёда полициядан қочган одамлар қўлларига қурол олиб, Толиблар сафида давлатга қарши курашмоқда. Яъни улар қонуний жавобгарликдан қочиш учун тоғларга чиқиб, Толиблар сафига қўшилганлар, қўлларига қурол олганлар. Иккинчидан, Покистонда таълим олиб қайтган ёшлар бор. Улар уйларида телевизор қўйишни хоҳлашмайди, ё бўлмаса, опа-сингиллари ваё оналарини, уй ичида бўлса ҳам, очиқроқ кийинишини истамайди. Аммо уларнинг сони 1%га ҳам етмайди. Афғонистондаги ўзбеклар ҳозир тушуниб қолишган ва фарзандларини Покистондаги мадрасаларга юборишмаяпти.

Би-би-си:Фарғонадан Собир исмли мухлисимиз қуйидаги саволни йўллаган: Афғонистонда ўзбек миллатига мансуб сиёсатчилар кўпми? Уларнинг фикрлари билан ҳисоблашишадими?

Иноятулло Фараҳманд: Афғонистонда ўзбек сиёсатчилари ҳозир ўз фоизига қараб... Масалан, биз ўзимизни Афғонистон аҳолисининг камида 10% ташкил этамиз деб ўйлаймиз. Ҳозирда Афғонистонда 30 миллион аҳоли бор. Буларнинг 8 миллионини ўзбеклар ва туркманлар ташкил этади. Бу 8 миллиондан кўпи билан 1-1.5 миллиони туркманлар, қолганлари ўзбеклардир. Яъни, аслида биз 10% дан кўпроқмиз. Аммо, ўша биринчи президентлик сайлови пайтида генерал Абдур Рашид Дўстум ўзини ўзбеклар вакили сифатида президентликка номзодини илгари сурди ва 10% овоз олди. Ўша сабабли Афғонистонда бизни 10% деб ҳисоблайдилар. Шу аҳоли орасидан чиққан фаол сиёсатчиларимиз бор. Ва, хусусан, Жунбуши Миллии Исломии Афғонистон, деган бир ҳаракатимиз бор. Бу партия Афғонистоннинг охирги 30 йил ҳаётида катта нақш ўйнаб келган. Яъни ёмон кунларда ҳам, яхши кунларда ҳам нақш ўйнаган. Ҳозир Афғонистон халқи ўзбекларни тан олади. Ҳозирги кунда парламентда 249 аъзо бўлса, улардан 24 нафари ўзбеклар ва туркманлардир. Нафақат Афғонистон парламентида, ундан ташқарида – ҳукумат кабинетида ҳам бизнинг бешта вазиримиз бор. Ҳозир Афғонистон сиёсатида ўзбекларнинг яхши нақши бор. Уларни ҳеч ким на сон жиҳатидан ва сиёсатдаги ўрни жиҳатидан йўқ деб ҳисоблай олмайди.

Би-би-си: Навбатдаги мактуб Афғонистон билан чегарадош Сурхандарё вилоятининг Денов туманидан Абдулла Азимов исмли мухлисимиздан келган. “Марказий Осиё раҳбарлари агар Америка ва НАТО қўшинлари Афғонистонни тарк этса, минтақада катта хавф пайдо бўлиши ҳақида айтмоқда, сизнингча бунинг қандай хавфли томонлари бор,” - деб сўраган.

Иноятуллоҳ Фараҳманд: Бу ташвиш минтақадаги қўшни мамлакатлар орасида, балки Афғонистон фуқаролари орасида ҳам мавжуд. Агар 2014 йилда НАТО ва Америка кучлари Афғонистонни тарк этгудек бўлса, албаттаки, бу толиблар ва уларнинг тарафдорлари учун Афғонистонда қайта ҳокимият сурмаса ҳам, мамлакатни осонлик билан тинчсиз қилиб туришига қулай бир фурсат яратади. Афғонистон ҳозир унчалик кучга эга эмас. Афғонистон армияси ва полицияси яхши жиҳозланмаган.

Би-би-си: Абдулла яна нима учун Америка ва НАТО Толибонни 2001 йилдан буён нима учун тўлиқ мағлуб эта олмагани билан қизиққан.

Иноятуллоҳ Фараҳманд: Сабаби буки, Толибон олдингидек бир жойга жамланган куч эмас. Толиблар ақидаси асосан Афғонистон жанубидаги халқ орасида мавжуд. Улар кўп бўлса 10, 20 ваё 30 кишилик кичик гуруҳлардан иборат. Жануб аҳолиси уларни ҳимоя қилади, моддий ёрдам беради. Улар олдингидек маълум бир куч эмас ва асосан чирики шаклда (партизанлар сингари) фаолият олиб борадилар. Иккинчиси сабаби шуки, уларнинг фаолияти кўпроқ Афғонистон ташқарисида режаланади. Уларнинг режалари кўпроқ Покистонда тузилади. Фалон жойни портлатиш керак, фалон жойга ҳужум қилиш керак ва ҳоказо, дея уларга топшириқ берилади. Шунинг учун Афғонистонни қўллаб-қувватлаётган дунё ҳамжамияти, хусусан АҚШ кучлари Афғонистон ичкарисида уларнинг ҳаммасини бир ерда топа олмайди ва, улар Покистон ҳудудида бўлсалар, нишонга олмайди. Америка. уларни ҳадафга олиб, Покистон ҳудудида йирик амалиётни йўлга қўйгани йўқ. Фақат, онда-санда учоқлар билан уларни ҳадафга олади, аммо бу етарли эмас. Шу икки сабаб боис бўлганки, АҚШ етакчилигидаги халқаро кучлар Толиблар Афғонистонда бутунлай йўқ қила олишмади.

Би-би-си: “Ҳурматли Иноятуллоҳ Фараҳманд, зиёли бир инсон сифатида мени кўпроқ бугунги афғон ёшларининг ўй-хаёллари қизиқтиради, - деб ёзади Лондондан ўзини “Инсон” деб таништирган мухлисимиз. – Мамлакат аста-секин оёққа туриб бораётган ўта масъулиятли даврда эртанги кундан умидлар не қадар?”

Иноятуллоҳ Фараҳманд: Мен, Афғонистондаги ёш сиёсатчи, парламент аъзоси сифатида, келажакдан буткул умидсиз эмасман. Аммо, бошқа ўлкалар билан таққослаб кўрганда, жуда ҳам умидсизман. Афғонистонда ҳеч бир нарса ҳозиргача тиклангани йўқ. Мисол учун, мактабларимиз ёки университетларимиз дунё меъёрларига баравар бўлмаяпти. Ё бўлмаса, Афғонистонда ер ости конлари бор. Уларни чиқариб ололаётганимиз йўқ. Сувимиз бор. Эронга, Покистонга ваё бошқа ўлкаларга кетади. Улардан ҳам фойдалана олмаяпмиз. Сабаби шуки, дунё ҳамжамияти Афғонистонга ҳозиргача анча ёрдам берди, аммо Афғонистонни оёққа турғизишга ҳаракат қилмади. Бирорта ҳам соҳада худкифо бўлиш яъни ўзи ўзини эплашга қодир бўлиш учун ҳаракат қилинмади. Ёрдамлар келади, аммо – давлат ичидаги юқори мулозимлар ўртасида коррупциянинг жуда ҳам чуқур илдиз отгани боис – бир гуруҳ ичида тарқатилади, вассалом. Хусусий ширкатлар ҳам шуларда. Улар бўлса, олинган ёрдамнинг фақат ярими сарфлашади ва қолганини ўз чўнтакларига уришади. Шунинг учун, Афғонистон бир фоиз ҳам илгарилагани йўқ. Афғонистон давлат ходимларининг маошларини беришга ҳам қодир эмас. Мен инсон сифатида умидсиз эмасман, аммо бу ҳолатнинг тез орада яхшиланишига ишонмайман.

Бу мавзуда батафсилроқ