Қирғизистондаги тараққиёт ишларида ёш масаласи нақадар аҳамиятли?

kyrgyz Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Ёш масаласи Марказий Осиёнинг бу мамлакатида муҳим аҳамиятга эга ва бу омил эътиборга олиниши лозим

Йигирма беш ёшли Бахтигул Қирғизистонда рўйхатдан ўтказилган 11000 ноҳукумат-нотижорат ташкилотларидан бирининг ходимаси.

Унинг вазифаси овулма-овул юриш ва одамлар ўртасида семинарлар ташкил этиш.

Бу семинарларнинг мавзуси эса қандай қилиб турли жамоалар биргаликда янада самаралироқ, тинч йўлда иш олиб боришни ўрганишларига бағишланган.

Бироқ Бахтигулнинг ўзининг "тренер" деган вазифасидан кўнгли тўлмайди. Унинг Бишкекдаги идорасида чой ичиб ўтирганимизда, менга бунинг сабабини тушунтиради:

"Семинар ўтказаётган пайтларимизда одамлар менга қараб "нима учун бу ёш қиз менга ақл ўргатаяпти", деб ўйлаётганларини сезаман.

Бу гапини улар тўғридан-тўғри айтишмайди. Биз семинаримиз пайти "сиз мана шу нарсани ўрганишингиз керак", деб айтмаймиз.

Унинг ўрнига "келинг тажрибаларимизни бир-биримиз билан ўртоқлашамиз", деймиз. Одамлар "бу қизни ўзи ким юборган экан?" деб ўйлашади.

Улар мени бирор чет эллик мутахассиснинг "помошниги" бўлса керак, деб тахмин қилишади.

Улар мени тренер сифатида қабул қилишмайди, қандайдир чет эллик эмас, менинг ўзим мана шу машғулотларни ўтадиган мутахассис эканимни билиб ҳайратланишади.

Мана шундай қарашлар мавжудлигидан ҳам менинг семинарларим самараси кам бўлаяпти, менинг одамларга нафим кам тегаяпти, деб ўйлайман".

Мана шундай вазиятда инсоннинг ёш ёки кексалиги қанчалар муҳим?

Бу дегани Бахтигул ўргатмоқчи бўлаётган нарсаларни одамлар унинг ёши туфайли қабул қилмайдилар, деганини англатадими?

Одатда қирғизлар ўзларини оврўполиклардан фарқли ҳисоблашади ва ёши катта инсонларга ҳурмат бажо келтириш масаласида ҳам ёндашув бошқачалиги кўзга ташланади.

Шунингдек, мамлакатда ёши катта одамнинг иш топиши ҳам мушкул.

Баъзан ёши 40 дан ошган одамларнинг ҳаммаси "Совет менталитетига эга" деган нотўғри қарашнинг ҳам гувоҳи бўлиш мумкин.

Бахтигул ривиожлантириш соҳасида банд бўлган кўп сондаги яхши билим олган қирғиз ёшларидан биридир.

Бу ёшларнинг аксари рус тилини жуда яхши билишади ва баъзан инглиз ва бошқа тилларни ҳам ўзлаштирган бўлишади.

Бу ёшларнинг аксарини хотин-қизлар ташкил этади.

Агар сен Қирғизистондаги ҳаётни яхшиламоқчи бўлсанг ва бир вақтнинг ўзида яхши маош тўланадиган ишни хоҳласанг, ноҳукумат-нотижорат ташкилоти бунинг учун айни муаддаодир.

Бу янги авлод вакиллари нотижорат ва нодавлат ташкилотларининг вакиллари сифатида давлат сиёсатчилари мамлакатда амалга оширмоқчи бўлган ишлар юкининг анчасини ўз елкаларига олишлари мумкин.

Бу уларнинг жуда муҳим ва мураккаб вазифалари борлигини англатади.

Лекин уларнинг ишлаш услуби бошқаларникидан фарқ килади.

Бахтигул одамларга маъруза қилмайди, уларни ёзиб олишга ундамайди.

У одамларни тажрибалари билан ўртоқлашиш, муҳокама қилиш ва муаммонинг ечимини биргаликда топишга ундайди.

Албатта эшитувчиларнинг орасида мавқеи нуқтаи назаридан каттароқ одамлар ҳам учрайди.

Шунинг учун уларнинг ўзаро бир-бирларини тинглаб, фикрлашишлари бироз қийин кечиши табиий.

Лекин бу усул Бахтигул каби инсонларнинг ўргатиш услубининг асоси саналади.

Баъзида одамлар "Нима учун биз буни эшитишимиз керак.

Бундан бизга ҳеч кандай наф йўқ",- деб кетиб қолганлари ҳам бўлади.

Лекин бошқалар уларнинг фикрларини қадрлаб қулоқ тутишади.

Улар кандай килиб хаётни яхшилаш мумкин, кандай килинса тинчликни саклаш, можароларни бартараф этиш мумкин, деган муҳим саволларга жавобларни беришлари мумкин.

Албатта, бугун Қирғизистонга қандай қилиб мамлакат ҳаётини яхшилаш ҳақида маслаҳатлар бераётган "экспертлар" ҳам кўп.

Худди Шўролар даврида агрономлар ва инспекторлар колхоз ва совхозларга бориб тарғибот юритганидек ҳоллар ҳам бўлди.

Қирғизистонда теледебатларни кўриш мумкин, ундаги одамларнинг фикрлари ҳар доим ҳам бир жойдан чиқавермайди.

Шундай экан, одамлар қандай қилиб билишлари мумкин, Бахтигул уларга яхши ва фойдали маслаҳат ва ўгитлар бераётганини?

Ҳозирги пайтда одамлар Ислом динига эътиқод қилишнинг янги йўлларини тарғиб қилаётган қирғиз даъватчиларига ҳам кам ишонишмоқда.

Қишлоқ одамлари худди ноҳукумат-нотижорат ташкилоти ходимлари сингари ўзларининг қишлоғига кириб келаётган бу ёшларнинг қаердан келаётганлари, бермоқчи бўлаётган маълумотини қаердан олганларини, бу ахборотни тарқатиш учун пулни қаердан олганларини билишмайди.

Шунинг учун ҳам Бахтигул сингари фаоллар дуч келаётган ва ҳал этилишини кутаётган кўплаб муаммолар бор.

Унинг мисолида кўриш мумкинки, сизнинг ёшингиз нечадалиги аёл ёки эркаклигингиздан кўра муҳимроқдир.

Ёш масаласи Марказий Осиёнинг бу мамлакатида муҳим аҳамиятга эга ва Қирғизистонга ва унинг халқига ёрдам бермоқчи, улар жамиятини ўзгартиришга кўмаклашмоқчи бўлган ташкилотлар, улар қирғиз нодавлат- нотижорат ташкилоти бўладими ё халқаро донорлар, ушбу муҳим омилни инобатга олиб иш кўрмоқлари лозим.

Бу мавзуда батафсилроқ