Латвияда рус тилининг мақоми референдумга қўйилди

Латвиядаги референдумда овоз бериш
Image caption Ушбу референдум Латвияда рус тилига давлат тили мақомини бермайди, деб кутилмоқда.

18 феврал куни латвияликлар рус тилига иккинчи давлат тили мақомини бериш масаласи кун тартибига қўйилган референдумда овоз берганлар.

Амалда икки тилли мамлакат ҳисобланган Латвияда рус тилини иккинчи давлат тили мақоми деб эълон қилиш мавзуси мамлакатнинг сўнгги 20 йиллик тарихидаги энг қизғин баҳс этиб келинаётган мавзуга айланган.

Этник руслар Латвия аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этади.

Латиш тилидан имтиҳон Латвия фуқаролигини қўлга киритишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади, буни хоҳламаган аксар русийзабонлар бугун овоз беролмаяптилар. Бироқ, мухбирларга кўра, ушбу референдум мамлакатда русийзабон сиёсатчилар таъсири ошаётганининг белгисидир.

Латвиянинг икки миллионлик аҳолисининг учдан бир қисми русийзабонлар бўлиб, улар Латвия Шўролар Иттифоқидан ажралиб чиққанидан кейин латиш тили давлат тили деб эълон қилиниши ортидан ўзларининг камситилаётганларидан шикоят қилиб келадилар.

Мамлакат қонунчилигига биноан, Латвия фуқаролигига эга бўлиш учун латиш тилини билиш лозим.

Аммо бу талабдан норози бўлган Латвияда узоқ йиллардан буён яшаб келаётган русийзабон инсонларнинг 300 минг атрофидагиси расман фуқароликсиз умргузаронлик қилаяпти, деб кўрилади.

Фуқаролиги йўқ дегани сайловда овоз бериш, давлат идораларида ишлаш ҳуқуқларидан маҳрумликни ҳам англатади.

Камситишлардан шикоят қилиб Латвия фуқаролигини олмаганларнинг овозлари ушбу референдумда ҳам инобатга олинмайди.

Рус тили Латвияда иккинчи давлат тили, деб мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиш учун референдумда жами овоз берувчиларнинг 50 фоизи ёки 770 мингдан ортиқ киши ёқлаб овоз бериши талаб этилади.

Референдум рус тилига давлат тили мақомини бермайди, деб кутилмоқда.

Сўнгги соатларгача референдум масаласи Латвия жамиятида қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

Ушбу масаланинг референдумга олиб чиқилаётгани Латвияда русийзабон сиёсатчиларнинг таъсири ошиб бораётгани аломати ҳам деб кўрилмоқда.

Латвия бугунги кунда Оврўпо Иттифоқи ва НАТО аъзоси бўлган мамлакат ҳисобланади.

Ўтган йили сентябр ойида ўтган парламент сайловида аҳолининг русийзабон камчилигини тамсил этган партия "Гармония маркази" парламентдаги кўп ўринларни эгаллашга муваффақ бўлганди.

Бироқ парламентдаги этник латишлардан иборат партиялар "Гармония маркази"га ҳукуматни шакллантиришга изн бермадилар. Бу эса аксар русийзабонларни ғазаблантирган.

Айни пайтда аксар латишлар мамлакатда рус тилига расмий мақом берилишини Латвия мустақиллигига дахл қилиш деб ҳам қабул қиладилар.