Яхши радиолавҳа қандай тайёрланади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи afp

Радио лавҳалар воқеа-ҳодисани тингловчиларга сўзлар ва овозлар ёрдамида етказишнинг энг яхши йўлидир.

Яхши радиолавҳа, моҳиятан, интервю ва овозларни ўз ичига олган ва олдиндан тайёрланган лавҳалар тингловчининг диққатини бирдан ўзига жалб этади ва воқеани қизиқ ва ижодий бир йўлда баён қилади.

Би-би-сининг тажрибали мухбирларидан Карен Хогган тарафидан ёзилган қўлёзма қандай қилиб радио учун яхши лавҳа тайёрлашни ўргатади.

Ҳозирлик

Биринчидан, нимаики мавзунга қўл урманг, сиз лавҳанинг тахминий режасини аввалдан тузиб олишингиз керак бўлади.

Лавҳанинг узунлиги қанчалик бўлади, унда қайси жиҳатларга эътибор қаратмоқчисиз-буларни билишингиз керак.

Бу ўз навбатида сизга кимларни интервю қилишингиз ва қандай овозларни тўплаш борасида қарор қабул қилишингизга ёрдам беради.

Лавҳани режалаштираётганда қуйидаги жиҳатларга эътибор беринг:

Тадқиқот: Сиз ўзингиз ёритаётган мавзу ҳақида маълум далилларга эга бўлишингиз керак. Суҳбатдошингиз ким ва нима учун у билан гаплашаётганингизни билишингиз лозим.

Овозлар: Овоз эффектлари радиода жуда ҳам муҳим, чунки телевидениедан фарқли ўлароқ, воқеани баён қилишда сизга ёрдам берадиган тасвирлар бўлмайди.

Шунинг учун хатто воқеа жойига етиб боришдан олдин қандай овозларни эшитишингиз мумкинлиги ва қанақа товушлар сизнинг лавҳангизни қизиқарли қилиши мумкинлиги борасида ЎЙЛАНГ.

Image caption Воқеа жойидан ёзиб олинган овоз ва шовқинлар лавҳани бойитади

Воқеа жойига етиб боргандан сўнг эса, ДИҚҚАТ БИЛАН ЭШИТИНГ.

Кейин овозларни ёзишни бошланг. Масалан, агар мактабдан лавҳа тайёрлаётган бўлсангиз, қўнғироқ товуши, ҳовлида ўйнаётган болалар, синф хонасидаги шовқин, спорт хоналари, футбол ва ҳоказоларни ёзишингиз мумкин.

Шовқин: Қаерда бўлманг, атрофингиздаги овозлар-шовқинларни ҳеч кимнинг овозисиз (ўзингиз дохил) ёзиб олишни унутманг.

Бу лавҳанинг барча қисмларини бир жойга тўплаётган пайтингиз сизга ёрдам беради.

Интервюлар: Саволингизга берилаётган жавобни диққат билан эшитишга ҳаракат қилинг. Агар жавобдан қониқмасангиз, қўшимча саволлар сўрашни унутманг. Суҳбатдошларингизнинг исм-шарифларини ёзиб олинг ва уларни қандай талаффуз қилишни сўранг.

Монтаж қилиш

1. Биринчи навбатда муқаддима-бошловчи ўқийдиган "кириш сўзи"ни ёзинг. Лавҳанинг муқаддимаси тингловчининг қизиқиши ва эътиборини жалб қилишда жуда ҳам муҳим рол ўйнайди.

2. Лавҳанинг бошланиши. Лавҳанинг ҳар доим овоз эффектлари билан бошланиши яхши. Бу билан тингловчини худди ўша воқеа жойига саёҳат қилдиргандек бўласиз ва сизнинг қаердалигингиз ҳақида уларда тасаввур ҳосил бўлади.

3. Воқеани ривожлантириш. Бунинг учун сиз лавҳага қуйидагиларни киритишингиз мумкин.

* студиядан сизнинг овозингиз *воқеа жойидан овозингиз *суҳбатдошларингиздан бири-интервюнинг 20-30 сониялик энг яхши жойидан парча.

4. Шундан сўнг қўлингиздаги материалларнинг барчасини ўзингиз истаган йўсин ва кетма-кетликда монтаж қилиб, лавҳага айлантиришингиз мумки.

Лавҳа қизиқ, маънили, холис ва аниқ бўлиши лозим.

Бу мавзуда батафсилроқ