Қирғизистонда икки тиллилик

Image caption Чингиз Айтматов қирғиз ва рус тилларини ўз фикр-туйғуларини ифодалашда эҳтиёж сезадиган ўзининг "икки қаноти" деб атаган эди.

Университетни якунлашдан олдин, 1998 йилнинг ёзида мен Қирғизистон шимолидаги Иссиқкўл вилоятидаги қишлоқда инглиз тилидан дарс бердим. Мен мактабни тугатганимдан кейин рус тилини ўрганишни бошлагандим, у ердаги ўзаро мулоқотларимда рус тилини қўллардим. Мен яшаган уй соҳибаси Салтанат бир неча жуда муҳим қирғиз ибораларини менга ўргатди, бу иборалар инсоннинг овқатланишдек асосий эҳтиёжи қондирилганини англатувчи иборалар эди: раҳмат, тойдум! Жоқ, ичпейим! Бошқа пайтларда эса Салтанат билан унинг қирғизчадан русчага осонлик билан ўтиб кетадиган суҳбатдошларининг гурунгларини тинглаб ўтириб, кўп нарсани англамай қолардим. Мен радио эшитиб, ундаги гапларни тушунишга ҳаракат қилар, аммо айрим сўзларни англасам-да, умумий мазмун мен учун тушунарсиз бўлиб қоларди. Мен Англияга чемоданим ичидаги "Қирғизчани ўзинг ўрган" деган китоб билан қайтдим. Кейинги йил мен Қирғизистондаги тил ислоҳоти сиёсатига бағишланган диплом ишимни ҳимоя қилдим. Бу диплом ишимда мен 1989 йилда Қирғизистонда давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинганидан кейинги даврда қирғиз тилининг ижтимоий ва сиёсий ҳаётда тутган ўрнини таҳлил қилишга уриндим.

Ўшандан буён 10 йилдан ортиқ вақт ўтди. Қирғизистонда "тил масаласи" бундан ўн йил олдингига нисбатан ҳам долзарб масалага айланди. Салтанат ва унинг дўстлари суҳбатларида кўзга ташланган икки тиллиликнинг бугунга келиб тобора камайиб бораётганини кўриш мумкин. Уйларида қирғизча гаплашмайдиган шаҳар болалари ва қирғиз болалар боғчаси ёки мактабига бориб кўрмаган ёшлар мактабнинг 11-синфини тугаатганларида соф қирғиз тилида сўзлашишга қийналадилар. Айни пайтда айрим жойларда рус тили чет тили сифатида мактаб дастурига киритилган, макктабдан ташқари болалар рус тилининг норасмий дарсларини телевизор орқали оладилар.

Мамлакатда икки тиллилик сақланиб қолиши йўлида бугун қандай тўсиқлар мавжудлиги оммавий баҳс-мунозараларда батафсил айтиб ўтилган. Қирғиз тилини самарали ўргатиш ҳали ҳам йўлга қўйилмаган. Мактабларда тилни оғзаки нутқда қўллаш амалиёти ўрнига китобдагини ўқиб айтиб бериш билангина чегараланади. Уйларида қирғиз тилида гаплашадиган аксар ёшлар қирғиз тилини ўрганишга вақт ва кучини сарфлагандан кўра чет тилини ўрганишни ўз келажаги учун афзал деб билади. Ҳозирга келиб тажрибали рус тили ўқитувчилари сони ҳам қолган. Демографик ўзгаришлар Бишкекдан ташқаридаги болаларнинг кўча ўйинларида ёки кундалик мулоқотларида рус тили бундан 10 йил аввалгига нисбатан кам эшитилаётганига ҳам олиб келган.

Икки тиллилик тўсиқларидан бири айримларнинг бунга қаршилиги ҳамдир. Яқинда ўзининг блогида журналист Бектур Искандар русийзабон муҳитда ўсиб катта бўлган одам дуч келадиган мушкулллик ҳақида ёзди. Қирғиз тилини ўрганмоқчи бўлган киши учун энг асосий тўсиқ ўқув материалларининг етишмовчилигида эмас, атрофидагиларнинг унга нисбатан муносабати деб ёзади журналист. Ўзининг миллий ўзлигини қадрлаган киши қирғиз тилида мукаммал сўзлашиши керак, деб ўйлайдиганлар бундай кишига ёвқараш муносабатда бўладилар. Бектур Искандар ёзишича, русийзабон муҳитда катта бўлган одамдан кўра, чет элликнинг қирғиз тилини ўрганиши осон, чунки хорижликнинг қирғизчани акцент билан гапиришини ҳамма тўғри қабул қилади, маҳаллий қирғизнинг эса йўқ.

Мен Бектур Искандарнинг фиркларига тўлиқ қўшила олмайман - тилни ўрганиш ҳар доим истакка боғлиқ ва бунда хато қилишдан уялиш керак эмас. Сен ўз тилингни ўрганаяпсанми ёки чет тилни, бунинг фарқи йўқ. Бироқ Искандар ёзганлари бир муҳим нарсага эътибор қаратади: Қирғизистонда қирғиз тили фақат ўзаро мулоқот воситаси ёки давлат тилигина эмас. Қирғиз тили шахсиятни кўрсатиб берувчи, сенинг бир этник жамоанинг аъзоси ёки йўқлигингнинг кучли бир белгиси ҳамдир. 2009 йилда Қирғизистонда давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинганининг 20 йиллиги нишонланди. Кўчаларда тилни асраб қолиш элни асраш учун муҳимлиги эслатилган шиорлар осилди.

Бундай шиорлар давлат тили ҳақидаги ғамхўрлик ва унга ҳурматни намойиш этади. Шунингдек, бу шиорлар қирғиз тилининг фақат тил ва фуқароликни англатибгина қолмасдан, миллий мансубликнинг энг асосий белгиси эканини ҳам урғулайди. Бу ўзини этник қирғиз ҳисобламайдиганларни "меники эмас", "уларнинг тили" деб ўйлашга мажбур қилади. Бундай вазият қирғиз бўлатуриб, рус тилини ўзининг биринчи тили деб биладиганларга нисбатан Искандар ёзганидек ёвқараш муносабатни ҳам пайдо қилади.

Чингиз Айтматов қирғиз ва рус тилларини ўз фикр-туйғуларини ифодалашда эҳтиёж сезадиган ўзининг "икки қаноти" деб атаган эди. 2000 йиллар бошларида икки тиллиликни ривожлантириш мақсадида қатор ташаббусларга қўл урилди, улардан бири болалар боғчасида болаларни икки тилга ўргатиш эди. Бундай ташаббусларнинг айримлари расмий даражада илиқ кутиб олинди. Болалар янги тилни катталарга нисбатан осон ўрганишлари ҳаммага аён. Шунингдек, болалар катталарга ўхшаб тил ўрганиш жараёнига сиёсий ёки рамзий мазмунларни қўшишга интилмайдилар. Болалар қўлига тўп бериб кўринг-а: улар ўйнаётган пайтларида тўхтаб қайси тилда ўйнаётганларини муҳокама қилишга тушмайдилар. Болалар гапираётганида ким қандай хатога йўл қўйганига эътибор ҳам қаратмайдилар. Биз тил қанчалар рамзий маънони ташишини ҳам кўришимиз мумкин. Мисол учун, қирғиз тилида хато қилиб гапириш манқуртлик нишонаси, деб қабул қилиниши ҳам мумкин. Шунинг учун биз катталарга нисбатан ҳам болаларнинг ёндашуви прагматик ёндашув кўринади: гапираётганида акценти кучли-кучли эмаслигининг аҳамияти йўқ, энг муҳими, гапираётган одамнинг ўша тилдаги мулоқотга қанчалар чанқоқлигидир.

Бу мавзуда батафсилроқ