BBC navigation

'Ичиш-чекишни ташлаб, Исломга киргач бахт ва қаноат топдим'

Сўнгги янгиланиш 20 март 2012 - 09:22 GMT

Динара Исломга киргач, номусулмон оила-аъзолари билан муносабатлари қарийб узилиб кетаёзганини айтади

Динара ва турмуш ўртоғи Рустам Москва марказидаги чоғроққина квартирада яшашади. Исмидан ва кийимидан татар қизи, деган хаёлга борасиз. Аммо мактабда инглиз тилидан дарс берадиган 27 яшар муаллима аслида насроний оиласида туғилиб ўсганини, кейинчалик Исломга кирганини айтиб беради:

"Беш йил олдин Исломни қабул қилдим. Илгари христиан эдим. Аммо мен доим илоҳий учлик нима, нега худо учта бўлиши керак, деб ўйлардим. Черков руҳонийларидан сўраганимда, ҳеч қачон жавоб топиб бера олишмаган. Ислом эса нафақат бу каби шахсий кечинмаларга, балки иқтисод, сиёсат ва турмушнинг барча жаҳбаларига тааллуқли саволларга жавоб беради.

Илгари сигарета чекиб, ароқ ичганман, мини юбка кийиб юрганман. Бу энди қўштирноқ ичидаги "эркин даврларим" эди. Лекин мен ўшанда бахтсиз эдим. Мусулмон бўлгач, бахтимни топдим, хотиржам бўлдим ва борига қаноат қилишни ўргандим.

Исломга кирганимни уйимдагилар жуда катта норозилик билан қабул қилишган, менга ёмон муносабатда бўлишган. Лекин ҳозир қариндошларим билан алоқаларим тикланаяпти. Тўғри, улар менинг эътиқодимни ҳазм қилишолгани йўқ. Бироқ ўртада муроса бор, учрашганда биз муҳокама этмайдиган масалалар бор. Дин - шулардан бири.

Ҳар тугул, ҳозир ғайримусулмон қариндошларим оилавий йиғинларга таклиф этишади. Мен борсам, ёнимда ароқ ичишмайди. Бу ҳам яхши бир ўзгариш.

Қайтага, университетдаги дугоналарим, кўчадаги одамлар менга у қадар адоватли муносабат қилишмаган. Кўп дўстларим мен мусулмон бўлганимдан кейин Исломга қизиқиб, саволлар сўрашган, ўқиб-ўрганишган. Тўғри, баъзан кўчаларда кекса одамлар менга бармоғини ниқтаб "ана террорчи келаяпти" ва ёки "муҳожирлар кўпайиб кетди" деб қолишади. Лекин бу мени қўрқитмайди.

Кўпчиликнинг ўйлашича, мусулмон эрлар хотинларини чеклашади. Бу - нотўғри фикр. Менинг биринчи эрим мусулмон эмасди. Ўшанда ўқирдим, ишлардим, уйга келиб, овқат пишириб, уй тозалардим. Россияда кўп эрлар ҳозир диванда оёғини узатиб ётади. Аёллар иккита иш қилишади. Ҳозир эса фақат ярим ставка муаллиммалик қиламан. Шунга қаноат қиламан.

Ҳозирги эрим - Рустам мусулмон. Ўртамизда ишонч бор. Эрим ароқ ичадими, бошқа аёллар билан юрадими, деб хавотирланмайман. Чунки тақводор одам бундай ишлари қилмаслигини биламан. У ҳам менга ишонади. Динсиз оилаларда эса эр ё хотин жазман тутиши, фаҳшга юриши мумкин. Мусулмон оилалар бунақа нарсалардан ҳимояланган бўлади".

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.