Озмоқчи бўлсангиз шоколад еб туринг...

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Олимларнинг айтишларича, мунтазам шоколад истеъмол қилиб турадиган инсонлар озғинроқ бўлар эканлар.

Америкада ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, мунтазам равишда шоколад танаввул қилиб турадиган инсонлар одатда озғинроқ бўлар эканлар.

Тадқиқотчилар 1000га яқин одамнинг нималар ейишлари, кунига истеъмол қилган калориялари ва семизлик индексини текшириб чиқишган.

Натижалар шуни кўрсатдики, ҳафтасига бир неча бор шоколад еб юрадиган инсонлар уни жуда кам истеъмол қиладиган инсонларга қараганда озғинроқ эканлар.

Олимларнинг ишонишларича, шоколад калорияга ўта бой бўлса ҳам вазнни йўқотиш жараёнида рол ўйнайди.

Бундан ташқари айтилишича, ейилган шоколад миқдори эмас, не қадар тез-тез истеъмол қилиш кўпроқ рол ўйнар экан.

Яъни онда-сонда лекин кўп шоколад ейиш исталган натижани бермайди.

Тадқиқот олиб борилган Калифорния Университетидан доктор Беатрис Голмбнинг айтишича, тадқиқотлардан шу нарса англашиладики, умумий калория миқдори эмас турли маҳсулотлардаги калориялар чатишмаси инсон вазнига таъсир кўрсатади.

Олимлар шоколаднинг инсон организмига ижобий таъсири ҳақида биринчи бор айтаётганлари йўқ.

Муайян турдаги шоколод маҳсулотларини тановвул қилиш қон босими, инсуллин ва холестерин даражасига ижобий таъсир кўрсата билиши ҳақида ҳам тахминлар ўртага ташланганди.

Бундан ташқари қора шоколад инсон организми ҳужайраларига зарар етказувчи унсурларни йўқотишга ҳам хизмат қилиши аниқланган.

Тадқиқотнинг бир қисми кемирувчиларда ҳам ўтказилган.

Сичқонларга 15 кун давомида қора шоколад таркибида бўлувчи епицатцин моддаси берилган вақти жисмоний қуввати ошганлиги ва мушак таркиби ҳам ўзгарганлиги кузатилган.

Эндиликда бу натижаларни исботлаш учун инсонларда ҳам тажриба ўтказилиши лозим.

Лекин бу мақолани ўқиб шоколадга қўл узатишингиздан аввал шуни ҳам билиб қўйингки, шоколад борасида ҳали очиқ қолаётган саволлар жуда кўп.

Бу саволларга ҳали жавоб топилмаган экан мутахассилар шоколадга нисбатан ҳануз огоҳ бўлишга даъват қилмоқдалар.

Унда-бунда бир оз миқдорда шоколад ейишнинг зарари йўқ, лекин ҳаддан ташқари кўп ейиш ундаги калория ва шакар миқдори туфайли зарарли бўлиши мумкин.

Агарда кундалик ейиш-ичишингизни яхшилаш йўлларини излаётган бўлсангиз, турли-туман озуқа ва мева-сабзавотларни кўпайтиришнинг фойдаси кўпроқ бўлиши айтилади.