Саудия маликаси: Ватанимда кўришни истаган ўзгаришлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Марҳум Саудия Қироли Фахднинг қизи малика Басма Бинт Сауд Бин Абдулазиз Би-би-си билан суҳбатда бир вақтлар ташлаб чиқиб кетган ватанида кўплаб ўзгаришларни кўришни исатаётганлигини айтди.

Малика Басма ажрашган ва фарзандлари билан Лондонда яшайди.

"Менинг отам, марҳум Қирол мамлакатда аёллар учун биринчи университетни ташкил этган, қуллик тизимини бекор қилган ва конституцион монархияга асос солган шахс эди", дейди Малика.

Лекин малика Басманинг айтишича, афсуски Саудия Арабистонида ҳозирга қадар отасининг кўплаб режалари ҳануз амалга оширилмаган ва мамлакатда асл фуқаро қонунчилиги яратилиши керакдир.

"Қиз фарзанд, сингил, собиқ рафиқа, она, ишбилармон аёл ва журналист сифатида мен қуйидаги ўзгаришларни ватанимда кўришни истардим:

1. Конституция

Мен аёл ва эркакларни қонун ўнгида теппа-тенг кўрадиган, фуқаровий қонунлар ва сиёсий маданиятимизни муҳофаза қила оладиган Конституцияни кўришни истардим.

Масалан, бугунги кунда Саудия маҳкамаларида ҳамма ҳукмлар ҳакамнинг Қуроъни Каримнинг шахсий талқини асосида чиқарилади. Кўпда ҳукм умумжаҳон миқёсида қабул қилинган тамойиллар ва Конституцияга эмас, мутлақо ҳакамнинг шахсий нуқтаи назари ва эътиқодига асосланган бўлади.

Мен ғарб тизимини кўр-кўрона олиб киришни таклиф қилаётганим йўқ, лекин бу тизимни бизнинг эҳтиёж ва маданиятимизга мос келадиган равишда мослаштирилишини истардим.

Бир сўз билан айтганда, Конституция ҳар бир фуқаронинг, унинг жинси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар аслий ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак. Қонун ўнгида ҳамма баробар бўлиши шарт.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Малика Басма ажрашган ва фарзандлари билан Лондонда яшайди.

2. Ажралиш ҳақида қонунлар

Менинг қатъий ишончим шуки, биздаги ажралиш ҳақидаги жорий қонунлар ҳақоратлидир.

Бугунги кунда Саудияда аёллар фақатгина катта миқдорда, ўн минглаб доллар миқдорида пул тўлаб, ёки ўз айбловига гувоҳ топган тақдирдагина ажралиш ҳақида ариза бера олади. Бу иккала шартни ҳам бажариш ўта мушкул, деярли имконсиз.

Аёлни оилада мажбуран ушлаб туришнинг яна бир жиҳати ёши олтидан ошган ҳар бир фарзанд ажралиш вақтида фақатгина отаси билан яшашга ҳукм этилади.

Буларнинг ҳаммаси Қуръон асосида бизда ишлаб чиқилган қонунларга зид. Қуроъни Каримда аёл кишига ажралиш ҳуқуқи муайян асосларда берилган.

3. Таълим тарбия тизими

Бугунги кунда аёлларга бўлган муносабат Саудия Арабистонида мавжуд таълим-тарбия тизимининг маҳсулидир.

Болаларга ёшликдан аёлнинг жамиятдаги ўрни эркакникига қарганда паст, деб ўргатиб келишади.

Унинг роли оиласига хизмат қилиш ва фарзанд ўстириш билан чекланган, дея айтилади.

Аёл Яратгандан кўра бошқага эътиқод қилса, у унинг турмуш ўртоғи бўлиши керак, деб уқтирилади.

Аёл эрига бўйсунмаса қарғишга учрайди, дея ишонтирилади.

Қизларга спорт билан шуғулланишга рухсат берилмайди.

Буларнинг ҳаммаси Қуроънни нотўғри талқин қилиш натижасидир. Бу ғояларнинг ҳаммаси ҳақоратли.

Бундан ташқари таълим тизимининг асоси Ҳадислар, Фиқҳ, Тафсир ва Қуроъни Каримни ўрганишда, дея кўрилади.

Гўёки диний билимни олмасанг жаннатга тушмайсан, вақтни бекор ўтказган бўласан, дейилади.

Мен диний таълимни Қуръон ва Суннани ўрганиш билан чекланишини хоҳлардим. Чунки бошқа жиҳатлар ёшларни Қуръоннинг асл маъносидан узоқлаштириб, ақидапараст ва террорситик ғоялар йўлида талқинларга берилишларига йўл очмоқда.

Ҳадис, Фиқҳ ва Тафсирдаги нарсаларни ёд олишга зеҳнни сарфлаганда кўра, эркин фикрлаш, жамиятимизни яхши йўлда ўзгартириш учун ташаббускор бўлиш ва ижодий ёндошувни қўллаб қувватлашимиз лозим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Саудия иккинчи Қиролининг кенжа қизи Басма Британия ва Швецарияда таълим олган.

4. Ижтимоий ҳимоя тизимини тубдан ўзгартириш

Ижтимоий муҳофаза вазирлиги аёлларга қарши зўравонликка қарши курашиш ўрнига бу зўравонликларга тоқат қилиб келади.

Оиласида ҳақоратланган аёл фақатгина давлат қармоғидаги бошпанларга бора олади. У ерда эса уларга оиладан бош олиб чиқиб, оила шаънига доғ туширганликлари ҳақида ҳамиша уқтирадилар.

Агар аёл қудратли ва бой оиладан бўлса улар томонидан босимдан қўрқиб, шу заҳотиёт ортга қайтариб юбориша ҳаракат қиладилар.

Натижада аёллар орасида, ҳатто ўқимишли шифокор ва олим аёллар орасида ўз жонига қасд қилишлар кўпаймоқда.

Аёлларга ҳақиқий бошпана берадиган ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган мустақил муассасалар керак.

5. Маҳрамлар роли ҳақида

Саудияда аёллар бирон маҳрам эркаксиз уйдан чиқа олмайдилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (C.А.В) даврида аёллар албатта эркак ҳамроҳ билан сафар қилардилар, лекин у даврда ҳамма ёқда қароқчилар мавжуд эди.

Ҳозирда эса бу талаб фақатгина аёл эркини чеклаш учунгина керакдир. Бу талаб аёлларни тобора эркакларга қарамлигини кучайтирмоқда.

Бундан ташқари ҳозирда мамлакатда аёллар машина ҳайдаш ҳуқуқига эга эмаслар.

Айни шу ҳолат кўпда ғарбликлар томонидан танқид остига олинади, лекин биз бунданда аввалроқ етишишимиз керак бўлган ҳуқуқлар бор.

Мен аёлларнинг машина ҳайдай олишлари тарафдориман, лекин ҳозир бу борада қонунни ўзгартириш мавриди эмас.

Агар бугун Саудияда аёлларга машина ҳайдаш ҳуқуқи берлса, улар ҳақорат ёки сабоқ бериш йўлида ҳатто калтакланишлари ҳам мумкиндир.

Шунинг учун мен бу масалалар борасида халқнинг маълумотлари оширилгани ва тегишли қонунлар қабул қилинганига қадар бу ҳуқуқнинг берилишига қаршиман.

Акс ҳолда бу ҳуқуқни ҳозирда аёлларга бериб, биз ақидапарстларга бизни янда кўпроқ ҳақорат қилиш учун имкон яратиб берамиз.