'Одам маймундан пайдо бўлмаган дея дарс бера бошлагандим'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

"Мен зиёли оилада катта бўлганман. СССРнинг вақтида дин афюн деган шиор бор эди. "Муштум" журнали бор эди ўшанда, диндорларни қандай танқид қилишарди. Биз энди шунинг таъсирида ўсган авлодмиз. Дадам коммунист эдилар. Албатта, коммунистлар динга қарши бўлишлари керак-да, аммо Оллоҳ раҳмат қилсин, бвамларни (она-Би-би-си) рўза тутишларига шароит яратиб берардилар. "Рўзангга мен ҳам шерик бўламан", деб ҳазиллашардилар. Хуллас, ўша вақтларда мен Оллоҳни танимаганман. 10 йил мактабда, 5 йил институтда "Худо йўқ", деб ўқиганман. Институтни тугатгандан кейин, худди шундай деб ўқувчиларга дарс берганман", дейди Мақсадой опа.

1991 йил Тожикистон мустақилликка эришаркан, нафақат бу ерда, балки Марказий Осиёнинг барча давлатларида динга эркинлик бериш бошланиб, мактабларга диншунослик дарслари ҳам киритила бошлади. Масадой опага эса, айнан диншуносликдан дарс бериш юклатилади.

"Оллоҳ бошимга ўша пайтлар озгина синовли кунларни солди...Ўша синовли кунларнинг бирида ўқитувчим қўлимга Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг "Иймон" деган китобчасини тутқаздилар ва: "Эртага шу асосда 7-синфларга диншуносликдан дарс берасан", деб айтдилар. Ўша кеча ухламай, шу китобни ўқиб чиқдим. Ва шу пайтгача бўлган тасаввурларим пароканда бўлиб кетди. Ўшанда мен Оллоҳнинг борлигини, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо С.А.В элчиликларини, Оллоҳнинг буюрган нарсаларини бажариш шартлигини билдим. Кейин, кимки 5 вақт намозни ўқиса, Рамазон рўзасини тутса, ўзини ҳаромдан сақласа ва Оллоҳнинг буюрганларини бажариб, қайтарганларидан қайтиб, намозларидан кейин нима дуо қилиб сўраса, шу берилади, деган жойни ўқидим. Кўрсам, ниҳоятда осон имконият-да, масалан, ман ўзимни ниятимга эришиш учун осон имконият. Лекин, ўша вақтда гапнинг очиғи, ман фарз бўлгани учун бошламаганман намозни. Ҳаётимни яхшилаш мақсадида бошладим. 17 йил бўлибди шунга. Бошида кўр-кўрона бошлаган бўлсам, кейинчалик секин-секин китобларни ўқиб, олимларнинг амри-маъруфларини эшитиб, Ислом дини нақадар инсонпарвар дин эканлигини тушуна бошладим...Энди ўқувчиларга одамлар маймундан эмас, уни Оллоҳ Таоло яратганлигини, китобдагига зид равишда тушунтира бошладим. Хато қилмасам, 2000 ёки 2011 йилда сатр(ҳижоб)га кирдим".

Аммо, Мақсадой опа кўп ўтмай ўз ишидан кетишга мажбур бўлади. Унга ё ишини ёки рўмолини танлаш айтилади.

"Бир куни РайОНО мудири келиб қолди ва мани кўриб: "Бу ерда отинлар ҳам дарс берадими", деб сўрабди. Директоримиз: "Энди шу аёл шундай қилиб келган", дегандан кейин мани чақиришди...Ман: "Илгари шундай юрганман, билмасдим. Қачонки, буни фарзлигини билганимдан кейин шу йўлни танладим", дедим. Кейин у киши: "Ё мактабни танлайсиз ёки рўмолингизни танлайсиз...", дедилар. Шундан кейин мактабдан кетдим. Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ қаерда бўлсангиз ҳам рисқингизни етказади, ҳозир аҳволимиз аввалгидан кўра анча яхши. Ислом менинг ҳаётимда ниҳоятда яхши таъсир қилди. Мен аввал кўр-кўрона намоз ўқиган бўлсам, энди муҳаббат билан намоз ўқий бошладим...".

Ёлғиз она Мақсадой опа ҳозир оиласини диний китоблар сотиладиган дўконни юритиб боқади.