BBC navigation

Шевкет Акйилдиз:1992-2012 йиллардаги Ўзбекистон Олимпия жамоаси кучига назар

Сўнгги янгиланиш 27 август 2012 - 18:02 GMT

Шўролар даврининг жисмоний тарбия ва спортидан Марказий Осиёда аҳамиятли мерос қолди.

Совет замони ортда қолди, аммо Шўроларнинг ғарб услубидаги спорти, спорт психологияси, шифокорлари, тренер кадрларининг таъсири мустақил Марказий Осиё жамиятларида сақланиб қолди. Лондондаги 2012 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларида турли миллат вакилларидан иборат Ўзбекистон спортчилари ўз маҳоратларини намойиш этишди. Мусобақалар бошланишида Ўзбек Олимпия жамоаси чиқишларини кузатарканман, ўз-ўзимга савол бердим: ўзбекистонлик спортчилар 1992 йилда қўлга киритган муваффақиятларини яна давом эттира оладиларми, ўшандаги медаллари сонини сақлаш ёки кўпайтириш уларнинг қўлларидан келармикан?

Шўролар Иттифоқи парчаланганидан кейинги 1992 йилги Барселона Олимпиадаси Ўзбек спортчилари учун янги тажриба бўлганди. Илгари бир Бирлашган Жамоа аъзолари бўлган собиқ Шўро республикалари, хусусан Россия ва Ўзбекистон спортчилари энди алоҳида-алоҳида майдонга чиққандилар. Собиқ Шўро республикалари ва Россия 1992 йилги олимпиада ўйинларига бир неча йил давомида тайёргарлик кўришган ва уларнинг қўлга киритган ютуқлари Совет спорт моделининг(иқтисодий таназзул ва бузилишларга қарамасдан) халқаро мусобақалар учун кучли спортчиларни қандай тайёрлай олишининг исботи сифатида кўзга ташланган эди. Чиндан ҳам медаллар сони қувонарли эди. Мустақил Ўзбекистонни тақдим этган спортчилар учта олтин, иккита кумуш ва бир бронза медални қўлга киритдилар. Аёллар ўртасидаги гимнастика мусобақаларида Оксана Чусовитина ва Розалия Галиевалар олтин медал ютишган. 4x100 метрлик эстафетада Марина Шмонина қўлга киритган олтин медал Ўзбекистон спортчиларининг бу олимпиададаги биринчи олтини бўлган. Оғир атлетикада Сергей Сирцов кумуш медал соҳиби бўлган, отиш мусобақасида Анатолий Асрабей ҳам кумуш, қиличбозликда Валерий Захаревич бронза медалларини ютган эдилар.

1992 йилги Барселона Ўйинларидан кейин Ўзбек Олимпия терма жамоасиинг кўрсаткичлари мунтазам яхшиланиб борди. 1996 йилдаги Атланта Ёзги Ўйинларида икки олтин, 2000 йилги Сидней олимпиадасида тўртта медал, 2004 йилдаги Афина Ўйинларида бешта ва 2008 йилги Пекин олимпиадасида олти медал қўлга киритилди.

2004 йилдаги Афина Ўйинларида Ўзбекистон медаллар жадвалида 34-ўринни эгаллади. 5 медалдан иккитаси кураш бўйича олтин, кураш бўйича бир кумуш ва боксдан иккита бронза эди. Ўзбекистон жами қўлган киритган медаллари сони бўйича Жанубий Африка, Белгия, Чехия республикаси ва Ирландиядан олдин эди. Ўзбекистон 2008 йилдаги Пекин Олимпия Ўйинлари меддаллар рўйхатида 40-ўриндан жой олди. Шуниси ҳам диққатга сазоворки, Ўзбекистон жамоаси Шўролар замонида йўлга қўйилган турли миллат вакиллари тамсилини сақлаб қолмоқда. Пекинда жамоага кураш бўйича олтин медал олиб берган Артур Таймазовнинг асли келиб чиқиши Шимолий Осетиядан. Параллел бруслардаги чиқиши билан бронза медалини қўлга киритган Антон Фокин аждодлари славяндир.

Хўш, Ўзбек олимпиадачиларининг 2012 йилги Лондон Ўйинларидаги чиқишлари қандай бўлди? Олимпия Ўйинларида медални қўлга киритишнинг ўзи аксар спортчилар учун катта мукофот, аммо қўшимча моддий рағбатлантириш ҳам зарар қилмайди. Ғарб матбуоти хабар қилишича, Ўзбек спорти расмийлари Лондонда олтин медал ютган спортчига 150000 АҚШ доллари миқдорида мукофот пули эълон қилишган. Лондон Ўйинлари Ўзбек спортчилари учун хурсандчилик билан бошланмади. 25 июлда 20 ёшли гимнастикачи Луиза Галиулина допинг текширувидан ўтолмади. Олимпия Ўйинлари расмийлари Галиулина сийдигидан тақиқланган фуросемид моддаси топилганини эълон қилдилар, ҳойнаҳой бу Галиулинанинг мазаси қочган июн ойидаги даволаниш асорати эди. Уни мусобақалардан четлаштиришга қарор қилдилар.

Спорт жабҳасида илгарилаш 28 июл куни кузатилди. 25 ёшли Ришод Собиров 60 килограмм вазндаги эркаклар ўртасидаги дзюдо мусобақаларида бронза ютди. Ниҳоят биринчи медал қўлга киритилди. 1 август куни 25 ёшли Денис Истомин эркаклар ўртасидаги теннис мусобақасида чорак финалдан юқорига кўтарила олмади. У Уимблдон чемпиони швейцариялик Рожер Федерерга 7-5, 6-3 ҳисобида ютқазди. Кейинги куни 2 августда Осиё чемпиони Рамзиддин Сайидов (30 ёш, 100 кг вазн тоифасида эркаклар ўртасидаги дзюдо) олмониялик Димитри Петерс(28 ёш) дан мағлуб бўлиб, бронза медалидан айрилди. 10 август куни бирданига икки бронза медали қўлга киритилди. Улардан бири 74 килограмм вазнда эркин курашда Сослан Тигиев (28 ёш), иккинчиси 75 килограмм вазнда боксда Аббос Атоев (26 ёш) эди. Лондон 2012 Олимпия Ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар орасида 15 тача аёл атлет бор эди. Улар орасида 48 килограммгача вазнда оғир атлетика бўйича Марина Сисоева, 67 килограмм вазнда таэквандо бўйича Наталя Маматова, баландликка сакраш бўйича Светлана Радзивил ва ядро улоқтириш бўйича Елена Смоляновалар бор эди. Энг сўнггида Ўзбекистон жамоаси олтин медални ҳам ютди. Яна 33 ёшли Артур Таймазов 120 килограмм вазндаги курашчилар мусобақаси финалида гуржистонлик 25 ёшли Давит Модзманашвилини мағлуб этди. 2012 йилги Лондон ўйинларида Ўзбекистон Олимпия жамоаси 47-ўринни эгаллади. Бу Пекин олимпиадасидан етти қатор паст эди. Лондонда жами тўрт медал ютилди, бу 2008 йил Пекинда қўлга киритилган медаллардан иккита кам. (Қўшни Қозоғистон Олимпия жамоасига солиштирганда, улар медаллар жадвалида 12-ўринни эгалладилар) Бироқ Ўзбекистон Олимпия жамоасининг якуний ўрни Ҳиндистон, Индонезия, Юнонистон ва Латвиядан баланда, бу эса Ўзбек спортчилари имкониятлари ва қудратидан далолатдир.

Биз марказий осиёлик барча спортчиларга 2012 Лондон Паралимпик Ўйинларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Шевкет Акйилдиз 2011 йилда Лондон Университетининг Шарқшунослик ва Африка Тадқиқотлари мактаби фан докторлигини қўлга киритган. Ҳозирги пайтда у Лондондаги Аркадиа Университети ва Лондон Университетининг Шарқшунослик ва Африка Тадқиқотлари мактабида ишламоқда. Шевкет Акйилдиз ўзининг академик изланишларида давлатчиликни барпо этиш ва ўзлик, спорт ва мультикультурализм, мувозанатли ва экотурмуш масалаларига эътибор қаратган, у ўз тадқиқотлари ҳудудлари сифатида Марказий Осиё ва Буюк Британияни танлаган. Унинг докторлик диссертацияси мавзуси 1980-1991 йиллар оралиғидаги Ўзбекистондаги Шўро таълими ва фуқаровий ўзликка бағишланган. Шевкет Акйилдиз Овросиё Тадқиқотлари жамияти Eurasia Studies Society (TESS) асосчиларидан, у қатор мақолалар муаллифи.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.