BBC navigation

Би-би-сининг таҳририй мезонлари ҳақида қўлланма

Сўнгги янгиланиш 20 сентябр 2012 - 14:00 GMT

Би-би-сининг таҳририй мезонларига бағишланган қўлланма Би-би-си журналистларининг кўп йиллар мобайнида йиғилган тажрибаси ва таҳлиллари асосида барпо этилган ва биз ўзимизнинг ушбу билимимизни дунёдаги журналистлар билан бўлашишга қарор қилдик.

Бу қўлланмада таъкидланадигани - журналистика алал-оқибат тил деганидир.

Журналистика қадриятларини муҳокама этишдан илгари авваламбор, ушбу қадриятларни ифодалашда тил нақадар муҳим роль ўйнашини англаш талаб этилади.

Бу дастлабки қадам ва биз ушбу саҳифаларнинг тобора кўпайиб бориши, журналистика ва тил борасидаги тўлақонли қўлланмага айланишини истаймиз.

БИ-БИ-СИ ТИЛИ

Дунёда мавжуд медиа ташкилотларнинг аксари маълум мақсадларни кўзлаб иш тутади. Уларнинг баъзилари ҳукумат, баъзилари мухолифат ва яна баъзилари маълум бир шахслар манфаатини ҳимоя қилади.

Би-би-си ўз фаолиятини сиёсий бетарафлик тамойилларига асосланиб олиб боради. Хабар ва лавҳаларни тайёрлашда биздан Би-би-си ўрнатган аниқ тартиб ва қоидаларга риоя этиш талаб қилинади.

Биз тайёрлайдиган хабар холис, бетараф ва аниқ бўлиши керак. Мисол учун, биз “террорчилик ҳужуми” иборасини деярли ишлатмаймиз.

Бунинг ўрнига “қуролли ҳужум” иборасини қўллаймиз. Мазкур ибора Би-би-сининг сиёсий жиҳатдан холис ва бетараф бўлиш тамойилига мос келади.

Аммо бизнинг холислигимиз умумбашарий қадриятлар ё-да, дейлик, оғир жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортиш масалаларига бетараф ва бефарқ эканлигимизни англатмайди.

Мисол учун, 1960-1969 йиллар давомида Би-би-си Бош директори бўлган Сэр Ҳью Грин шундай деган эди: “Би-би-си умуман олганда холисдир. Аммо биз апартеидга нисбатан бефарқ эмасмиз”.

Би-би-си жамият ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солиб турувчи қонунлар ўнгидаги масъулиятини унутмаган ҳолда, фикр билдириш бўйича ўзининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиши мумкин.

Биз доимо холис, бетараф ва аниқ бўлишга интиламиз. Аммо мавзуларни холис ёритиш уларни зерикарли ва қизиқарсиз тарзда тайёрлаш ва тингловчига етказиб беришни англатмайди асло.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.