BBC navigation

Кристиан Блуэр: Тожикистондаги фуқаролар уруши хотиралардан ўчмоқда

Сўнгги янгиланиш 17 ноябр 2012 - 15:39 GMT

Тожикистондаги фуқаролар уруши ҳақидаги маълумотлар тобора камайиб бормоқда.

Уч йил аввал мен Тожикистоннинг Қўрғонтепа шаҳридаги ўрта мактаб ўқувчилари билан мамлакат тарихи ҳақида суҳбатлашгандим.

Улар менинг Тожикистон Коммунистик Партияси қўмитаси бош котиблари ва маданият арбоблари исмларини билганимдан ҳайратга тушгандилар.

Лекин мамлакатда давом этган 1992-1997 йиллардаги фуқаролар уруши давридаги таниқли шахсларни тилга олган вақтим улар ким ҳақида гапираётганимни умуман билишмаганди.

Мен уларнинг Халқ Жабҳасининг энг қудратли қўмондони бўлган ва улар яшайдиган шаҳарни қўлга олган Сангак Сафаров ҳақида умуман эшитмаганларидан ҳайратга тушгандим.

Суҳбатимизда қатнашган олийгоҳ талабаси ёши каттароқ йигит ўқувчиларни фуқаро уруши ҳақида ҳеч нима билмасликда айблаб, Сангак Сафаров ҳақида эшитганликларини айтганди.

Бу суҳбатдан бир неча кун ўтиб, мен маҳаллий бозордаги мактаб дарсликлари сотиладиган расталарни бориб кўрдим.

Тарих дарсликларини варақлар эканман, уларда фуқаро уруши ҳақида фақатгина жуда қисқа маълумот берилганлигини кўрдим.

Ўшандан бери бошқа маҳаллий дарсликлар ва тарих бўйича китобларни кўздан кечириб чиқдим. Уларнинг ҳаммасида шўролардан сўнгги Тожикистон тарихининг белгиловчи ҳодисаси бўлган уруш ҳақида жуда кам маълумот бор эди.

Умуман олганда бу ҳолатни Тожикистондаги ҳамма босма нашр ва матбуот воситларида кузатиш мумкин.

Фуқаролар уруши сабаб кўплар уйларини ташлаб чиқишган, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш жуда қийин аҳволда эди.

Тожикистон аҳолиси фуқаролар урушини ёддан чиқармоқда.

Ёшлар орасида фуқаролар уруши ҳақида яхши маълумотга эга бўлган, асосан шаҳарда яшовчи кам сонли зиёли гуруҳ бор. Лекин улар бу маълумотларга ўзлари ҳаракат қилиб эришганлар, шунингдек уларни кенг халқ оммаси билади, деб бўлмайди.

Интернетдаги баъзи веб-саҳифаларда ва баъзан рўзномалардаги мақолаларда фуқаролар уруши мавзуси кўтарилиб туради. Аммо бу веб-саҳифа ва рўзномалар кўплар учун қўл етарли даржада эмас.

Бундан ташқари фуқаролар уруши мавзуси катталарнинг ўз фарзандлари билан муҳокама қиладиган мавзулар қаторидан ҳам ўрин олмаган.

Бу мавзуни номақбул мавзу сифатида четлаб ўтишга ҳаракат қиладилар.

Агарда Тожикистондаги ёш авлод фуқаролар уруши ҳақида маълумотсиз қолаверар экан, охир-оқибат бутун мамлакат аҳолиси урушдан бехабар авлодга айланади.

Фуқаролар уруши даври бошларида Қўрғонтепа шаҳри ва атрофдаги Бохтар ва Вахш водийси аҳолиси кўплаб қурбонлар берган, кўпчилик яшаб келган уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Лекин бу минтақада ҳам ёшлар фуқаро уруши ҳақида жуда кам нарса биладилар.

Балки бу ҳолатнинг ҳам ижобий ва ҳам салбий томони бордир.

Салбий томони шуки, ёшлар раҳбарларнинг сиёсий ва ижтимоий равишда тутган раҳмсиз йўлари не қадар тезлик билан кенг миқёсдаги зўравонликларга айланиб кетиши мумкинлигидан бехабарлар.

Лекин бунинг ягона ижобий томони шуки, ёшлар бошқа урушдан кейинги даврни бошдан кечираётган мамлакатларда бўлганидек ғазабга тўлган эмаслар.

Тожикистондаги жамоа ғазаби даражаси можарони бошдан кечирган бошқа давлатлардаги каби одамларнинг ўзликларини белгилашда муҳим рол ўйнайдиган омил эмас.

Фуқаролар уруши ҳақида маълумот олишни истаган ҳар қандай фуқаро эса мактаб ё-да олийгоҳ дарсликларини титкилаб овора бўлмасин.

Тожикистонда фуқаролар урушини таҳлил қилувчи китоблар жуда кам ва мавжудларининг ҳам сифати яхши эмас.

Уруш ҳақида яхши таҳлилни фақатгина рус ёки инглиз тилидаги нашрлардан топа оласиз. Бошқа манбаларни топиш бундан-да мушкул.

Уруш ҳақида ёзилган илмий ишлар, ноҳукумат ташкилотлар ҳужжатлари, халқаро ташкилотлар ҳисоботлари шулар жумласидандир.

Лекин фуқаролар уруши борасида ёзилган тожик ва рус тилидаги мақолалар сони Интернет саҳифаларида кўпайиб бормоқда.

Шунга қарамай, Тожикистондаги ёш авлод вакиллари ичида жуда озчилик мактаб дастуридан ташқарида бўлган адабиётларни ўқийди. Интернетдан фойдаланиш имкони бошқа Марказий Осиё мамлакатлари билан солиштирганда ҳам чекланган.

Урушга олиб келган ҳодисалар ва можаронинг келиб чиқишига туртки берган омиллар борасида хабарсизлик ҳолати қачонлардир ўнгланади, деб ўйламайман.

Фуқаролар уруши ҳодисаси замонавий Тожикистон тарихидаги дастлабки уруш - Босмачилар ҳаракати билан бирга тарихнинг камдан-кам назар ташланадиган бир бурчига айланиши эҳтимоли кўпроқ.

Тарихий сабоқ соҳасида ҳозирда ҳукумат асосий эътибор қаратаётган давр бу Сомонийлар сулоласи даврини улуғлаштириш ва тожик ўзлигининг шаклланишига ҳисса қўшган, дея тақдим этилаётган саноқли танланган шахсларни тарғиб қилишдир.

Ҳукуматнинг фуқаролар уруши даврини ёддан чиқариш ҳаракатлари атайлаб ишлаб чиқилган тактиками, йўқми бу назардан қочириш уринишларининг натижаси аён. Тожикистон фуқаролар уруши хотирадан кўтарилмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.