BBC navigation

'Қўмондондан арз қилсам, ўзимга қийин'

Сўнгги янгиланиш 28 ноябр 2012 - 14:21 GMT

Овлоқ қишлоқларда қуролли ва қудратли қўмондонлар - ҳам қонун, ҳам ҳокимият

"Қўмондонлар аскарликка мажбурлаган уч акам Толибонга қарши жангларда ҳалок бўлишган" - дейди 25 яшар суҳбатдошим паст овозда қўрқа-писа -"Уларнинг болалари етим қолди".

"Энди эса мени ҳам бизга аскар бўласан ёки ўлдирамиз, деб таъқиб қилишмоқда".

Бу йигит Тахорнинг олис қишлоғида яшайди. У мен билан ҳатто кўчада кўришишга ҳам юраги бетламади. Шу учун бир танишимнинг дўконида кўришдик.

Суҳбатдошим қўрққани боис паст ва қисқа-қисқа гапиради. Ҳар гапида эшикка олазарак қарайди.

Унинг ҳақиқий исмини ошкор эта олмайман, балки Нажибулло, деб атайман.

Нажибулло ҳозир деҳқончилик қилиб катта оиласини боқади.

Бироқ акаларини зўр билан аскарликка олган қўмондонлар энди уни ҳам қуролли навкар бўлишга мажбурлашаяпти.

Суҳбатдошим рози бўлолмайди. Агар унга бирон кор-ҳол бўлса, на етим жиянларига, на кекса ота-онасига қарайдиган одам бор.

Ҳамон қурол-яроғ ва мажбурий-ихтиёрий аскарларга эга қўмондонлар эса жуда қудратли. Бу атрофларда ҳеч ким уларга қарши боришга ботина олмайди.

Мамлакатда қуролсизланиш дастури ўтказилган, лекин аксарият одамлар қўмондонлар қўлида ҳанўз қурол-аслаҳа ва қуроллилар борлигини билишади.

Аммо бу ҳам ягона муаммо эмас. Аксар қўмондонлар бугун юқори лавозимларда ишлайдилар.

Аксилтолибон гуруҳларидан бўлган бу мужоҳидларнинг раҳнамолари марказда юқори лавозимларда ўтиришади ва шу асно минтақаларда ҳам асосий куч-қудрат айнан ана шу гуруҳ қўмондонлари қўлида.

Нажибулло ҳам буни яхши билади. Шу боис у на полицияга, на расмийларга шикоят қилиб боради.

"Полиция ҳам улардан қўрқади, ҳокимият ҳам ўзларининг қўлида" - дейди Нажибулло - "Мен ҳеч қаёққа, ҳеч кимга шикоят қилмайман. Нима керак ҳозирги қаро кунимни ҳам баттар қаро қилиб?"

Суҳбатдошим дўкондан тезроқ чиқиб кетишни истайди. Мен ҳам уни ушлаб туролмайман.

Аксар жабрланганлар қўмондонлар устидан ҳатто арз қилишдан ҳам қўрқишади

"Илтимос, бирга чиқмайлик. Қўмондоннинг одамлари журналист билан гаплашиб юрганимни кўриб қолишмасин яна" - деб ўтинади Нажибулло.

Нажибуллонинг ҳаётини ўзгартириб бўлмаса керак. Бу ёқлара унга ёрдам берадиган бирон идора ё ташкилот йўқ, ҳукумат эса заиф. Тўғриси, Нажибулло шикоят қилаётган қўмондонлар - бу ерда ҳукумат.

Нажибуллонинг тақдири фақат ана шу қуролли қўмондонлар раҳм-шафқати ва марҳаматига боғлиқ.

Очилмаган ошкор қотиллик

Жуда камчилик афғонлар қудратли қўмондонлар устидан арз қилишга ботинишади.

Шикоят қилганлар эса ё ўзлари ҳамда оилалари ҳаётини хавф остига қўйишади ва ё уй-жойларини ташлаб, сарсон-саргардонликка гирифтор бўладилар.

Шимолий Афғонистонда мен гаплашган Раҳимулло (исми ва минтақаси ўзгартирилган) бир неча йил бурун ўз акасини ўлдирган қўмондондан арз қилганди. У адолатга эришолмаганини, аммо ўшандан бери эса тинчи йўқлигини айтади.

"Акам чегарада ишларди. Бир кун билмасдан катта лавозимда ишлайдиган бир қўмондонга тегишли бангивор моддаларни тўхтатиб қолибди" - дейди акасининг расмини кўтариб келган Раҳимулло - "Кейин у қўмондоннинг одамлари уни отиб ташлашди".

Суҳбатдошим кўп жойга шикоят қилган, аммо ҳеч бир наф чиқмаган. Ҳатто қариндошлари ҳам бу шикоятлар ортидан қудратли қўмондонлар билан душман бўлиб қолмасликни маслаҳат берганлар.

Дарҳақиқат, бугун ўша қўмондон яна расмий лавозимга қайтган.

Энди Раҳимулло ҳатто уйига ҳам боролмасдан, танишлари ва дўстларининг уйида яшириниб яшаётганини айтади.

"Улар акамни ўлдиришди, ҳеч ким ҳеч нарса қилолмади. Энди эса мени ҳам бемалол ўлдиришлари мумкин" - дейди Раҳимулло - "Акамнинг ўлимидан кейин қўшеи вилоятдаги яхши ишимни ташлаб, ота-онам ва етим жиянларимга қараш учун қишлоғимга қайтгандим".

"Мени ўлдиришса уларга ким қарайди? Хотин-халаж, ёш болалар кўчада қолишади-ку!"

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.