BBC navigation

Кристиан Бейкер: 'Эътиқодли инсонларни бирлаштирадиган нарсалар кўпроқ'

Сўнгги янгиланиш 22 феврал 2013 - 13:31 GMT

Олмониянинг Гамбург шаҳрида туғилган Кристиан Бейкер 24 ёшида ғарблик ҳар бир ёшнинг орзу-умиди бўлган ишга эга эди.

У жаҳонга машҳур, ёшлар маданиятининг феномени - MTV мусиқа каналида бошловчи эди.

Кундалик ҳаёти поп олами эврилишлари, юлдузлар, танқидчилар, оламшумул шоу ва концертлар ичида ўтарди.

MTVнинг етакчи ва энг кўзга кўринган бошловчиларидан бирига айланган Кристиан учун шоу-бизнес соҳасида кўрмаган ва эгалламаган "чўққиси" деярли қолмаганди.

"Лекин, менинг ички руҳий дунёим уйғона бошлади... Ҳаётимни, ишимни, инсонлар билан муносабатимни ўзгача маъно, юксакроқ мақсад ва руҳ билан суғориш истаги пайдо бўлди", деб ёзади Кристиан Бейкер ўзининг вебсаҳифасида.

Бу изланиш Кристианни қаерга олиб келди деб ўйлайсиз? Ислом дини остонасига.

2009 йили унинг "MTV дан Маккагача" номи остида китоби немис тилида нашр этилди. 2012 йили инглиз тилидаги нашри китобхонларга тақдим этилди. Ҳозирда араб, индонезия ва малай тилига таржима этилмоқда.

Кристиан Бейкер Би-би-си ва мухлислардан келган саволларга жавоб берди. Дастлабки савол унинг Исломни қабул қилишидан аввал диний эътиқодга эга бўлганми-йўқлиги ҳақида:

Кристиан Бейкер: Ҳа менинг диний эътиқодим бор эди, Худога ишонардим, лекин дин ҳаётимда катта рол ўйнамасди. Болалигимда бирон орузим ушалишини сўраб Худога илтижо қилганман албатта. Аммо ўсмирлик даврига келиб эътиқод дунёқарашимда у қадар катта жой эгалламаганди. Лекин кўрилмаган, қаерлардадир мавжуд илоҳий нарсаларга қизиқишим ҳамиша бўлган. Бу борада қатор журналистик тадқиқотлар ҳам ўтказганман. Аммо бу қизиқишдан ташқари бошқа нарса эмасди.

Би-би-си: Демак, ана шу шароитда ҳаётингизга Ислом кириб келди, бу қандай юз берди?

Кристиан Бейкер: Дастлаб MTVдаги ишим туфайли Лондонга кўчиб ўтдим. Ҳаётим ўта жўшқин кечарди. Ҳар куни поп юлдузлари билан учрашувлар, зиёфатлар, тунги клублар. MTV ўша вақтда Оврўподаги энг оламшумул каналлардан бири эди, мен бутун қитъа бўйлаб тинмасдан саёҳат қилиб, бугун бир шаҳардан, эртаси бошқа шаҳардан камера ўнгида пайдо бўлардим. Қайси ёшнинг орзуси эмас бундай ҳаёт...Лекин менда ички қониқиш йўқ эди. Бу каби икки йил ҳаётдан сўнг руҳий инқироз юз берди. Ўша вақтдаги кундалигимдаги ёзувларга қарасангиз "чарчадим, ҳаммаси жонимга тегди, қачон тугайди бу..." деган ёзувларни кўрасиз. Тасаввур қилинг Принцнинг концертига йиғилган 70 минг одам ўнгида саҳнага чиқиб, оломоннинг ҳайқириғи остида шундай кўтаринкиликни ҳис қиласиз-у, меҳмонхонага қайтиб қулоғингиз остида ҳануз концерт зали ҳаяжони жаранглай туриб, ўзингизни жуда-жуда ёлғиз сезасиз. Ҳаётимда нимадир етишмаётганлигини ҳис қилардим, лекин ўша нима эканлигини билмасдим. Ана шу каби вазиятда тасодифан покистонлик крикетчи Имрон Хон билан танишиб қолдим. У жаҳон чемпиони экан мен билмабман ҳам, у ҳам мен ҳақимда ҳеч нима билмаган. У ўзининг ўзгача дунёқараши билан менинг ҳаёт тарзимни савол остига ола бошлади. У менга крикетни ташлаб, ҳайрия ишлари билан шуғулланмоқчи эканлиги, Покистонда саратон касаллигига чалинганлар учун шифохона қурмоқчи эканлигини айтди. Бир куни у мени кечки зиёфатга таклиф қилди. Мен калта юбка кийиб бордим. Имрон Хон мулойим тарзда, агар иложи бўлса палтоимни ечмаcликни илтимос қилди...Исломда аёллар авратларини намойиш қилмасликларини тушунтирди. Мен бу нарсалар ҳақида ўйлана бошладим. Турли рекламаларда, MTV да оломоннинг эътиборини ўзига тортиш учун иложи борича камроқ кийим кийиб чиқишга уринаётганларга бошқача қарай бошладим. Бу тўғри йўл эмас, дея ўйлай бошладим.

Би-би-си: Аёллар учун камтарона кийим тарзи сизни Исломда ўзига ром қилган ягона жиҳат бўлмаса керак?

Кристиан Бейкер: Йўқ албатта. Аслида, Исломда аёллар иккинчи даражали инсон сифатида кўрилиши ҳақида менга жуда кўп саволлар беришади. Мен бу борада жуда кўп китобларни ўқиб чиқдим. Биринчи навбатда ўқиган китобларимдан бирида "танада қамалиб қолган руҳ" ҳақида гап кетганди. Бу руҳ уни яратган илоҳий кучга талпиниши ҳақида айтилганди. Бунга қандай эришилади? Ибодат ва муҳаббат орқали. Кейин Исломнинг бошқа назарияларини ўргана бошладим. Исломда инсон соф яралади, деб айтилган. Бошқа динлардаги каби инсон гуноҳ билан туғилганлиги ғояси Исломда йўқ. Сиз соф яраласиз ва ҳаётингиз даврида қилмишларингизга яраша ё соф қола биласиз, ё хато қиласиз ва гуноҳга ботасиз. Ҳаммаси сизга боғлиқ. Бундан ташқари Одам Ато, Мусо, Исо пайғамбарлар - буларнинг ҳаммаси Қуроъони Каримда бор, менга таниш ва тан олинади. Хуллас ўрганган сари ана шу нарсалар мени ўзига ром этди. Зеҳний нуқтаи назардан буларнинг ҳаммаси ўта жозибали эди ва охир-оқибат ишончга олиб келди.

Би-би-си: Ўта эркин ҳаётган ўрганган аёл сифатида Ислом сиз учун ўта чегараловчи бўлиб кўринмайдими? Масжидга борсангиз алоҳида ерда бўлишингиз шарт, яна қатор бошқа чекловлар.

Кристиан Бейкер: Бирон бир нарса нима учун содир бўлаётгани ортида турган мантиқни тушуниб етсангиз уни қабул қилиш ҳам осон бўлади. Масжидда аёллар ва эркаклар ажратилган бўлса, диққатингиз чалғимасдан фақатгина яратганга илтижо қилиш мақсадида қилинган. Исломда мени ўзига ром қилган нарсалардан яна бири - бу беш вақт намоз. Кунига беш маротаба яратган билан мулоқот қиласиз. Бутун вужудингизни унга бағишлайсиз. Лекин баъзиларнинг аёлларга қарашлари ҳаддан ташқари чекловчи бўлиши мумкин, албатта. Бир вақтлар мен менинг ишлашимни тақиқлайдиган, эркаклар билан умуман иш бўйича ҳам учрашмай, гаплашишимни тақиқлайдиган бир шахсга турмушга чиққандим. Албатта бу ҳаддан ошиш. Унинг менга ишончи йўқ эди. Мен муслима аёл ва жамиятнинг бир қисми бўлишни хоҳлайман. Мен зеҳний равишда Исломни тушуниб етгандим, шунинг учун унга қалбимни беришга қарор қилдим. Дин бу илмий ўрганиш эмас, уни ҳис қилиш керак. Бунинг йўли эса битта - жойнамозга тиз чўкиб, илтижо қил, ўрганган нарсаларингни ҳис қила бошла. Бу каби нуқта менинг ҳаётимда Ислом ҳақида уч йиллик ўрганишларимдан сўнг, 1995 йили рўй берди.

Би-би-си: Сизнинг ҳаётингиз учрашувлар, анжуманлар ва мулоқотларга ҳануз жуда бой. Сиз муслима аёл сифатида бу каби ҳаёт тарзи ўртасида мувозанатга қандай эришасиз?

Кристиан Бейкер: Бунинг имкони бор албатта. Не қадар банд бўлманг икки дақиқа вақт топиш мумкин-ку. Яратган билан яқинлашиб, ўзингизга қайта куч бахшида этасиз. Албатта ҳамиша ҳам осон эмас, лекин чин қалбдан истасангиз иложини топасиз. Машинада кета туриб, тўхтаб намоз ўқиганларни кўрганман. Энг масуълиятли ишларда ишлайдиганлар ҳам вақт топиб, намоз ўқишларини кўрганман. Намоз ўқимаслигингиз ҳам мумкин - бу сизга боғлиқ. Пайғамбармиз (САВ) айтганлар, имонли ва имонсиз инсон ўртасидаги фарқ намоздир.

Би-би-си: Шарофиддин Ғиясов исмли мухлисимз шундай савол сўрабдилар: Кўпчиликнинг ақлига сиғмайдиган нарса Исломни таниш тугул Оллоҳни эшитмаган, хатто унинг борлигига ишонмаган, шайтоннинг буткул қулига айланган инсонлар қандай қилиб Оллоҳни таниши ва уни асли мусулмон кишилардан ҳам кучлироқ севиш ва кўрқиш ҳисси кучли бўлиши мумкин. Бундай бўлишига нима сабаб булади, қандай қилиб қалбингизга имон кириб келади. Шуни батафсил тушунтириб беринг, дея сўраган.

Кристиан Бейкер: Жаҳонда неча қалб бўлса, Парвардигор томон йўл ҳам шу қадар кўп дейишади. Яратган ҳар бир қалбни ўз йўлида йўналтиради. Олимлар илм-фан орқали Яратганга йўл топадилар. Кимдир математика орқали бу йўлни топар. Ҳар ким учун бу ўзгача равишда содир бўлади. Уйғониш ҳаммага ҳар хил келади. Кимдир менга 90-йиллар бошларида сен бир кун келиб муслима бўшласан деса, кулигига кўтарган бўлсам керак.

Би-би-си: Жаҳонда ҳозир тамаддунлар тўқнашуви рўй бермоқда, Ислом ва насроний динлари қарама-қаршилиги рўй бермоқда деган фикрлар бор...

Кристиан Бейкер: Қандай қилиб бундай бўлсин. Яратганнинг айтган сўзи бирку. Исо Исломда пайғамбар сифатида кўрилади, Қуръони Каримда Биби Марям ҳақида сура бор. Мен ўз ҳаётимда атеистдан кўра, эътиқодли инсон билан муросага бориш осонроқ эканлигига қайта-қайта гувоҳ бўлганман. Эътиқодли инсонлар, динлари қандай бўлишидан қатъий назар, кўп умумий жиҳатларга эгалар. Эътиқодли инсонлар фақат ўзлари ҳақида ўйламайдилар. Илоҳий куч, бошқа инсонлар ўнгида мусъулият ҳақида ўйлайдилар. Ана шу жиҳатдан насронийлар ва мусулмонларни бир-бирларидан ажартиб турадиган нарсалардан кўра, бирлаштирадиган нарсалар кўпроқ, деб ўйлайман. Ғарбдаги дунёвий қарашлар билан келишмовчиликларни мен тамаддунлар тўқнашуви, деб атамаган бўлардим. Албатта қадриятлар тизими турлича. Мен муслима аёл сифатида, ичмайман, чекмайман, лекин бу бошқа тарзда ҳаёт кечирувчилар билан қарама-қаршилигим борлигини англатмайди. Мен ғарбда ўз ҳаёт тарзимни кечирмоқдаман. Бошқалар ҳам ўз ҳаёт тарзларини кечиравесинлар.

Би-би-си: Ҳажга борган вақтингиз энг ёдингизда қолгани нималар бўлган?

Кристиан Бейкер: Ҳажнинг энг юқори нуқтаси бу Арофат кунидир. 3 миллион инсон оққа ўралиб, яратганга илтижо қиладилар. Бу жуда-жуда ҳаёжонли дақиқалар. Арофат тоғига кета туриб, қоқилиб йиқилиб, тушдим, миллионлаб олдинга интилаётган инсон орасида йиқилиб тушишни тасаввур қилинг...Шунда кимдир менга қўлини чўзиб, оёққа туриб олишимга ёрдам берди. Кўзимга ёш келди ўша дамда. Бутун жаҳондан мусулмонлар, ёш-қари, бой-камбағал ҳаммалари Парвардигор ўнгида тенг эканликларини ўша ерда англаб етасиз. Ҳаж жараёнида йўлда икки ракат намоз ўқиш керак бўлган жой бор. Одам тиқилинч, жойнамозни қўйгани жой тополмайсиз, кўплар уни босиб ўтади. Намозни ўқиб бўлганимдан кейин, бир африкалик қизча келиб, мендан узр сўради. "Нимага узр сўраяпсан", десам, "ҳали шоша туриб жойнамозингизни босиб ўтгандим", деди...Ана шу каби инсоний муносабат, бир-бирига оқибат жуда ҳам эсда қоларлидир.

Би-би-си: Баъзилар Макка ва Мадина атрофида олиб борилаётган қайта қуриш ишларидан хавотир билдирмоқдалар. Ҳаммаёқ замонавийлашиб кетмоқда, деган фикрлар бор. Сиз бунга ўзингиз гувоҳ бўлдингизми? Фикрингиз қандай?

Кристиан Бейкер: Ҳа, афсуски, бу жуда фожеали ҳолат. Бу қайта қуришлар натижасида Пайғамбаримиз (САВ) яшаган уй ҳам қолмаган. Унинг рафиқасининг мақбараси қандайдир оммавий бир бинога айлантирилган. Муқаддас инсонларга тегишли обидаларни сақлаш учун ҳаракат қилинмаяпти. Баъзиларнинг айтишларича, Пайғамбаримизга тегишли, унинг мақбарасидан ташқари, биронта обида қолмаган. Ҳозир эса Усмонийлар даврида қурилган Ҳарам-ул Шариф гўзал масжидини ҳам кенгайтириш режалари бор. Сабаб эса, кўпроқ зиёратчиларни қабул қилиб олишга имкон яратиш учун, деб айтилмоқда. Бошқа томондан Саудия Арабистонидаги ваҳобийлик мазҳабига мувофиқ, оламдан ўтганларга сиғиниш керак эмас, фақатгина Яратганга сиғиниш керак. Шунинг учун улар бировнинг мақбарасига бориб, ибодат қилишни Парвардигордан ташқари яна кимгадир сиғиниш, дея талқин қиладилар. Албатта бу сиғиниш эмас, шунчаки ёдга олиб, дуо қилиш. Ана шу каби, турлича ёндошув туфайли бу рўй бермоқда ва бу жуда ачинарли.

Би-би-си: Ва ниҳоят, Хожиаҳмад исмли мухлисимиздан келган ягона дин ҳақида бўлмаган савол: Ҳозир шоу-бизнес оламида нима учун олдинги 80-90 йиллардаги хитлар даражасидаги оламшумул қўшиқлар яратилмаяпти, бунинг боиси нима?

Кристиан Бейкер: Бу саволни берган одам менинг ёшимда бўлса керак. Фикримча, биз замонавий мусиқа олами билан ҳамоҳанг эмасмиз бошқа. Бошқа томондан меримча мусиқа оламида ҳозирда маркетинг энг асосий ролни ўйнамоқда. Гуруҳлар бизнес одамлари томонидан бизнес мақсадларида яратилмоқда. Қўшиқ ва мусиқалар компютерда яратилмоқда, бунинг ёмон томони йўқ албатта, лекин асл талантларни етиштиршмаяпти. Буларнинг ҳаммаси ҳақида мен ўз китобимда ёзганман. Бизнинг давримизда поп қўшиқчилари машҳурликка эришиш учун йиллар мобайнида ҳаракат қилардилар. Бу машаққатли оғир меҳнат эди. Эшитувчи нимани хоҳлайди, қандай мусиқага иштиёқ бор - буларнинг ҳаммасига йиллар мобайнида эришиларди. Ҳақиқий гуруҳ олмосга ўхшаб йиллар давомида сайқал топарди. Ҳозир эса оний машҳурликка етишишга ҳаракат қилинмоқда, мазмун йўқолган. Балким ёшлар бундай деб ўйлашмас, балким улар учун ҳануз ёлдузлар ва зўр қўшиқлар мавжуддир.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.