Васвасалар замони: Мен касалманми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL

Ҳозирда жаҳондаги ҳар тўрт кишидан биттаси ўз ҳаёти мобайнида турли руҳий муаммоларга юз тутмоқда.

Халқаро ташкилотлар атиги бир неча йилдан кейин руҳий касалликлар соғлиқ тизими учун энг йирик муаммога айланишини башорат қилишган.

Бунга сабаб нима? Инсонлар тобора кўпроқ руҳий касалликларга чалинмоқдаларми, ё-да тиббиёт уларнинг кўпроқ турини аниқлаб, касаллик сифатида тан ола бошладими?

Нью Йоркдаги One World Counselling психологик ёрдам маркази мутахасиси Гулшода Остерга кўра, яқин орада руҳий муаммолар ҳозирда энг кўп тарқалган, дея ҳисобланадиган юрак ҳасталикларидан сўнг иккинчи ўринга чиқиши ҳақидаги башоратларга қўшилади.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда ўртача ҳар 4 инсондан биттаси руҳий муаммога юза тутади. Бу ҳолат кенг тарқалганлигига қарамай, унга чалинганларни камситиш ёда уларга ёвқараш ҳануз сақланиб қолган. Тушкунликка тушганлар "заиф инсон" сифатида кўрилади.

Инсонлар тобора кўп чалинаётган руҳий ҳолатлар орасида эса ҳозирда энг кўп тарқалаётгани - депрессия, руҳий тушкунлик. Инсон борки, ҳаётида кайфияти тушиб, қайғуга ботган вақтлари бўлади. Лекин шифокорлар бонг ураётган депрессия билан шунчаки қайғуга ботиш орасида фарқ нима ва қандай аниқланади?

Руҳий вазият қачон муаммога айланади?

Ўз ҳаёти мобайнида ҳар қандай инсон баъзи ҳодисаларга жавобан қайғуга тушиши нормал ҳолат. Лекин қайғули руҳият салоамтлик муаммосига айланган вақти ҳам бўлади.

Клиник руҳий тушкунлик - депрессия нима?

Инсон нормал ҳолатда ҳаётнинг паст-баландликларига бардош бериб, ўзи ва яқинлари ғамини ейишни давом эттирадиган, ўз мавжуд потенциалларидан фойдаланиш ва жамиятга фойда келтира оладиган вазиятда бўлади.

Ҳар қандай инсон қайғуга ботган ё-да асабийлашиш ҳолатини бошдан кечиради. Лекин бу аломатларнинг руҳий касалликка айланганлигининг дастлабки белгиси - бу ҳолатнинг узоқ, мутассил давом этиши ва туртки сифатида бирон ҳодиса юз бермаган вақтда ҳам рўй беришидир.

Бу аломатлар шахснинг кундалик ҳаётига салбий таъсир кўрсатадиган даражага етган вақти жиддий психологик ёда руҳий муаммога айланган ҳисобланади.

Масалан, клиник тушкунликка дучор бўлган одам ўта чуқур ва узоқ муддатли қайғуга тушади, одамови бўлиб, ғайратдан қолади.

Одатда бу аломатлар аста-секинлик билан бир неча ҳафта ё-да ойлаб ривожланиб келади, лекин баъзида бирданига шиддат билан пайдо бўлиши ҳам мумкин.

Клиник руҳий тушкунлик муаммоси билан самарали йўлда курашиш учун улар классификация қилинади. Касаллик асосан икки кенг гуруҳга бўлинади - асабий ва психологик.

Асабий гуруҳга инсон нормал ҳолатининг анчайин сезиларли турлари киради, масалан депрессия, кучли мутассил хавотир ё-да бирон ҳаракатни қайта-қайта қилавериш. (масалан, қўлни қайта-қайта ювавериш, ҳамма нарсанинг ҳамиша ўз ўрнида бўлишига интилиш каби). Бу каби аломатларни ўз ҳаёти мобайнида тахминан ҳар 10 кишидан биттаси бошдан кечиради.

Психологик турдаги тушкунликни эса тахминан ҳар 100 кишидан бири бошдан кечириб, улар шахснинг воқеликни қабул қилиши, ва шу асосда фикрлаши, қарорлар қабул қилишига таъсир кўрсатади. Уларга шизофрения ва биполяр касалликлари киради.

Руҳий касалликлар кенг тарқалган бўлса ҳам, кўплар ундан ҳалос бўла оладилар ё-да у билан қандай яшаш йўлларини ўрганадилар.

Руҳий тушкунликни нима келтириб чиқаради?

Руҳий тушкунлик, депрессияни айнан нима келтириб чиқариши номаълум. Аммо жисмоний, психологик ва атроф-яқиндаги ҳолатлар биргаликда омил бўлиши айтилади.

Кўплаб руҳий касалликлар авлодлар оша қайталагани учун ирсий боғлиқлик бор деган тахминлар ҳам бор.

Мутахассиларнинг ишонишларича, аксар руҳий касалликлар бир қатор генлардаги ўзгаришларга боғлиқдир ва бу каби генга эга бўлганлар руҳий касалликка чалинишга мойил бўладилар. Аммо бу геннинг ўзи касалликни келтириб чиқармайди. Демак, инсон бу каби ирсий меросга эга бўлиши мумкин лекин бу дегани албатта касаллик ривожланади деганини англатмайди.

Бу каби генга эга бўлган инсонлар қайғу-азоб, бировдан ажраб қолиш, ўзларига нисбатан ҳақорат ва тазйиқ каби омиллар, ё-да "турткилар"га берилувчанроқ бўладилар.

Ҳаётдаги оғриқли ҳодисалар бу каби берилувчан шахсларда касаликка туртки бериши мумкин. Бу омилларга касаллик, ажрашиш, яқинлардан ажраб қолиш, иш жойини йўқотиш ва ҳоказолар киради.

Руҳий касалликни қон текшируви ёки шунга ўхшаш текширув билан аниқлаб бўлмайди.

Фақатгина мутахассис барча аломатларни ўрганиб чиқиб, узоқ вақт кузатувлардан кейингина ташхис қўйиши мумкин.

Кўплаб руҳий касалликларнинг аломатлари эса бир-бирига ўхшаш, шу сабабли аниқ ташхис қўйиш мушкул иш.

Баъзи мутахассиларга кўра, руҳий касалликларни аниқлашнинг жорий мавжуд усуллари ўта тиббий ёндошувга асосланган.

Яъни руҳий тушкунликни инсон танасидаги безлар томонидан ишлаб чиқариладиган серотонин моддасининг миядаги етишмовчилиги келтириб чиқаради, деган ғоя бор.

Бу ёндошув руҳий касалликларни асосан миядаги кимёвий ўзгаришларга боғлайди.

Танқидчиларга кўра, бу ёндошув руҳий касалликнинг ҳиссий омилларини назардан қочиради.

Бу ёндошувдан келиб чиқиб ҳозирда руҳий тушунликка учраганларга анти-депрессант дори-дармонларни белгилаш кенг тарқалган. Бу дорилар эса талайгина нохуш оқибатларни келтириб чиқариши маълум. Ижобий натижаси эса кўпда савол остида.

Қуйида Гулшода Остер ва бошқа руҳшунос мутахассисларнинг тушкунлик ва унга қарши курашиш хусусидаги маслаҳатларини тингланг.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди