Лондон ажойиботлари

BBCUzbek.com вебсайтида яна бир янги рукн. "Londoniston ё Лондон ажойиботларию ғаройиботлари" сарлавҳаси остида биз сизларни Лондонда шов-шув бўлган ҳодисалар, ғаройиб жойлар, Лондоннинг бугунги ҳаёти билан таништириб борамиз. Лондонда бўлганлар яна бир бор ўз таниш жойлари ва саҳналари билан учраша олишади, бўлмаганлар эса биз билан бирга "дунёнинг пойтахти" номини олган шаҳарга ғайбона ташриф буюра олишади. Бунинг учун "Londoniston ё Лондон ажойиботларию ғаройиботлари" махсус саҳифамизга боринг.

Лондонни ҳайратга солган ўғрилик

Формула 1 автопойгаси бошлиғи миллиардер Берни Эклестоуннинг қизи уйидан 500,000 паундлик заргарлик буюмларию тақинчоқлар ўғриланган.

24 яшар Петра Экклестоун Лондон бойваччалари яшайдиган Белгравия мавзесидаги уйини бозорга қўйган чоғи унинг уйини кўргани келган одам заргарлик буюмларини ўғрилаган деб тахмин қилинмоқда.

Бу одам риэлторларга ўзини қозоқстонлик Олег деб таништирган ва бу уйдан аввал бир қанча бошқа муҳташам уйларни ҳам кўриб чиққан.

Экклестоун хонимлари бу пайт уйида бўлмаган ва уйига қайтгач, ётоқхонасидан жавоҳир сирғаларию бир қанча Роллекс соатлари йўқолганига шоҳид бўлган.

Ўғрилик юз берганидан сўнг уй хизматкорларининг бари текширувдан ўтказилган, лекин биронтаси айбдор деб топилмаган.

Маълум бўлишича ўзини қозоқстонлик миллионер деб таништирган киши уйда даллолсиз бир ўзи қолган экан.

"Олег" ҳайдовчиси бор "Бентли" машинасида келиб, қора кўзойнагини кўздан ечмаган экан.

"Энди унинг қораси ўчиб, у бизнинг телефонларимизга жавоб бераётгани йўқ" - деб айтишмоқда риэлторлар.