Лондон: "Арсенал" ишқибозлари ва инсон ҳуқуқлари

Image caption Расмда Венгер Дук билан бирга кўринган

"Арсенал" футбол жамоасининг ишқибозлари Вьетнамнинг резина ишлаб чиқарувчи ширкати билан алоқаларни узиш чақириғи билан чиқишган.

"Global Witness" ё "Глобал гувоҳ" ташкилоти Вьетнамдаги HAGL (Hoang Anh Gia Lai) ширкатини Лаос ва Камбоджада ер тортиб олиш ҳамда инсон ҳуқуқларини поймол этишда айблаган.

"Арсенал" ишқибозларидан 1,600 киши интернетдаги бу чақириқ остига имзо қўйишган.

"Арсенал" футбол жамоаси расмийларининг айтишича футбол клубининг HAGL ширкати билан расмий алоқаси йўқ.

"HAGL фақат Ханойда бўлиб ўтган ўйинга шериклик қилган" - деб билдирган клуб.

HAGLнинг баёнотига кўра эса бу ширкатнинг бизнеси "маҳаллий қонунчиликка тўлиқ даражада мувофиқдир".

"Global Witness" ё "Глобал гувоҳ" ташкилотининг ҳисоботига кўра HAGL резина ишлаб чиқариш учун Лаос ва Камбоджада кўплаб инсонларни ўз турар ерларидан кам ва ё мутлақо тўловларсиз кўчиртирган.

"Арсенал"нинг яқинда Вьетнам бўйлаб сафарида клуб маркетинги раҳбари Ангус Киннеар ва мураббий Арсен Венгер HAGL раиси Доан Нгуен Дук билан расмга тушишган.

"Арсенал"нинг тамғаси ҳам HAGL вебсайтида пайдо бўлган.

Маълумки, "Арсенал" футбол жамоасининг 30 фоизга яқин ҳиссаси асли ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмоновнинг қўлидадир.