Лондон ажойиботлари: Буни билган маъқул

Image caption Лондонда жиноят камаймоқда дейди полиция

Британиянинг энг ашаддий жиноий мавзеларидан ўнтадан олтитаси Лондонда жойлашган.

Бу ҳақда Британия ички ишлар вазирлиги билдирган.

Ушбу мавзелардан бири - Олимпик боғнинг ёнгинасидаги Меридиан Сквери ё майдонидир.

Бу мавзеда ўтган 18 ой ичида 3,400 жиноят юз берган.

Ушбу рақам иккинчи ўриндаги "жиноят мавзеси"дагидан 1000 жиноят ортиқлигини англатади.

Ғарбий Лондондаги Шепперд Буш мавзесида жойлашган Вестфилд савдо марказида 2,524 жиноят қайд этилган.

Бироқ шаҳар полициячининг вакили Лондонда жиноят даражаси пасаймоқда деб айтган.

Унинг сўзларига қараганда сўнгги 12 ой ичида жиноятлар сони 7 фоиз камайган.

Ўғирлик 10,6 фоиз, дўконлардан мол ўғирлаш эса 5,7 фоиз камайган.

"Қисқа қилиб айтганда, Лондонда жиноят сўнгги ўн йил ичида энг паст даражададир" - деган полиция вакили.

Ички ишлар вазирлигининг рақамларига кўра ўтган йилнинг январидан то бу йилнинг июнига қадар Ньюхэмдаги Стратфорд мавзесида дўконлардан мол кўтариб чиқиш ҳолатлари 500 дан ортган, зўравон жиноятлар сони 300 дан ортиқ бўлган, юзлаб киссавурлик жинояти қайд этилган.

Бангивор моддаларни сотиш бўйича ҳам мамлакатнинг бештадан тўртта энг ашаддий нуқтаси Лондонда жойлашган.

Виктория темир йўл ва автобус бекати атрофида бундай жиноятлардан 581 содир бўлган.