Лондон ажойиботлари: метрода чипта дўконлари ёпиладими?

Image caption Лондон метроси дунёда энг қадим метродир

Лондон метросининг "махфий" режасига кўра чипта сотадиган дўкончалар яқин орада ёпилиши мумкинлигини Лейбористлар партияси Транспортчилар касаба уюшмаси билан бирга билдирган.

Уларнинг ўрнига фақат чипта сотувчи автоматлар қолиши кўзда тутилган.

Касаба ташкилотию Лейбористларнинг айтишича 2020 йилга қадар 268 дўконча ёпилиб, 6,000 ишчи ўз ишидан маҳрум бўлади деган ҳужжат уларнинг қўлига теккан.

Бироқ Лондон метросининг баёнотига кўра 6,000 иш ерининг ёпилиши "эҳтимолдан йироқдир".

Метро расмийларининг айтишича, билъакс, улар метрода кўпроқ поездлар юргизиб, барча бекатларни ишчи кучи билан таъминлаш режаларини кўзлашмоқда.

Лондон Би-би-си хизматининг қўлига тушган ҳужжатда айтилишича, чиндан ҳам метро раҳбарияти чипта сотиш дўкончаларини ёпиш режаларини кўриб чиқмоқда экан.

Бу ҳужжатда Лондон метросининг барча бекатлари рўйхатга олиниб, "чипта дўкони қоладими?" деган саволга "йўқ" деб жавоб берилган.

Транспорт касаба уюшмаси бу қарорни "сотқинлик" деб атаб, Борис Джонсон Лондон мэри бўлиб сайланиши олдидан ҳар бир чипта дўконини сақлаб қоламан деган ваъдани берган эди, дейди.

Шаҳар ҳокимияти чиқарган баёнотда эса шаҳар мэри метрони "хавфсизроқ" ҳамда "ишончлироқ" қилгани айтилади.