Лондон масжидларига аксил-исломий DVDлар юборилган

Image caption Лондон масжидларига аксил-исломий DVDлар юборилган

Лондон полицияси масжидларга ҳамда исломий ташкилотларга аксил-исломий, чиркин DVDлар юборилгани фактини текширмоқда.

Бу DVDлар ҳайит пайтида юборилган бўлиб, уларда Муҳаммад-Пайғамбар шаънига қарши туҳматлар, порнографик филм ҳамда экстремизм ҳақидаги янгиликлар тасвир этилган.

DVDларнинг баъзиларида "Исломнинг Юксак Имомига" деган матлаб қўйилган бўлиб, аввалига буларда ижобий бир хабар бордек туюлган.

Абдул Малик Тейлор ғарбий Лондоннинг Аннур масжиди ходими ва бу DVDлар ҳақида бундай дейди:

"Мен булардан нафрат туйдим, аввалига ўчириб ташладим, лекин кейин масжидда бошқалар буларни бошдан оёқ кўриб, унда нималар борлигидан воқиф бўлишимиз керак дейишди. Кўрганларимиз ифлос ва чиркин бир нарсадир!" - дейди у.

DVD қўлбола DVDдир ва афтидан бировнинг ётоқхонасида тайёрланган.

Аввалига унда бош чаноқ пайдо бўлиб, уни қуртлар ейди, ўйинчоқ каламуш ичидан чиқиб, бош чаноқ пешонасига "Муҳаммад-Пайғамбар" деган шаккок ёзув битилади.

Ундан сўнг қоғозга бир қанча сўкинч сўзлар ёзилади.

Филмнинг давоми - порнографиядир, ундан сўнг эса Ал Муҳожирун ташкилоти ҳақидаги текширув саҳналари берилган.

Тейлор жанобларининг айтишича буни ясаган инсон "бошқаларга нафрат қўзғатиш" айби билан қамалиши лозим.

"Агарда бу каби филмни мусулмон бир киши яратганда эди, осмон ўпирилиб ерга тушарди. Уни тутиб шу заҳотиёқ қамашарди. Агарда бу хусусда ҳеч нарса юз бермаса, демак биз икки юзламачиликка дучор бўлган бўламиз" - деган у.

Ҳозирча нечта масжид ва исломий ташкилот бу каби DVDларни олганлиги номаълумдир.

Лондон шаҳар полициясининг билдиришича уларнинг қўлига ушбу DVDларнинг икки донаси тушган ва текширув давом этмоқда.