Ҳажга отланганлар, қаллоблардан эҳтиёт бўлинг!

  • 30 Август 2013

Бу йил Маккага ҳаж зиёратига бормоқчи бўлганлар арзон гаровга хизмат кўрсатиш таклифи билан чиққан қаллоб ширкатлардан эҳтиёт бўлишлари кераклиги борасида огоҳлантирилганлар.

Британия Зиёратчилари Кенгашининг айтишича, зиёратчилар учун квотанинг Саудия расмийлари томонидан 20 фоизга қисқартирилишидан қўли эгри ширкатлар фойдаланиб қолишга уринмоқдалар.

Саудия Арабистони расмийлари Маккадаги зиёратгоҳларда қайта қуриш ишларини олиб бораётганлари учун зиёратчилар сонини бу йил 20 фоизга камайтиришга мажбур эканликларини маълум қилишганди.

Британиядан ҳаж зиёратини ташкиллаштирувчи ширкатлардан бири вакилининг айтишича, натижада бу йил октябр ўрталарига тўғри келаётган ҳаж зиёрати учун талаб анчайин ошганлигига гувоҳ бўлмоқдалар.

Абдул Пателнинг айтишича, уларнинг қўлида ҳозирда атиги 12та виза қолган.

Британия Зиёратчилари Кенгаши раиси Рашид Моградиянинг айтишича, баъзи қўли эгри одамлар бу вазиятдан фойдаланиб қолиш учун атайлаб қалбаки ширкатлар тузмоқдалар.

"Улар ҳаж аслий ҳаражатларидан 50 фоиз арзонроқ тушадиган зиёратни таклиф қилмоқдалар ва одамларни ҳеч қачон амалга ошмайдиган зиёратлари учун пул тўлашга ундамоқдалар", дейди Кенгаш раиси.

Рашид Моградияга кўра, одамлар қаллобнинг қўлига тушиб қолганларидан уялганалри учун кўпда бу борада полицияга ҳам шикоят қилмайдилар.

"Ҳаж зиёрати муқаддас бўлгани учун буни илоҳий белги сифатида ҳам қабул қиладилар".

"Лекин кимдир сизни ўмарса, бу Яратганнинг ишораси эмас", дея илова қилди у.

Болтон шаҳарчасидаги бир тақводорнинг айтишича, ўтган йили 9 минг фунтга (тахминан 15 минг доллар) тушган.

У ҳаж зиёратига Интернет орқали буюртма берган. Лекин тез орада у мурожаат қилган ширкат изи йўқолиб, фалиятини тўхтатганлигини билиб қолган.

"Жуда хафа бўлиб, кайфиятим тушиб кетди. Бутун ҳаётимни остун-устун қилиб юборди бу ҳодиса", дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган тақводор.

У ҳозирда бошқаларни бу ҳолатга дуч келсалар, албатта полицияга хабар беришларига чорламоқда.

Британия Зиёратчилари Кенгаши ҳаж зиёратига ҳақ тўлашдан аввал улар иш юритаётган ширкат Британиядаги керакли расмий ташкилотлар ва Саудия расмийлари томонидан тан олинганлигига ишонч ҳосил қилишлари кераклигини уруғуламоқда.