Лондон ажойиботлари: 'Walkie-Talkie' осмонўпари машинани эритган

Image caption Лондон ажойиботлари: 'Walkie-Talkie' осмонўпари машинани эритган

Лондоннинг янги осмонўпар биноларидан бири 'Walkie-Talkie' қуёш нурини акс этттириб, остида турган "Ягуар" машинасининг баъзи қисмларини эритиб юборган.

Мартин Линдсей деган шаҳс ўзининг муҳташам автоуловини ўтган пайшанба куни Лондон Ситисининг Истчип кўчасида қолдириб кетган.

Икки соатдан кейин у машинаси олдига қайтгач, ён кўзгу ва "Ягуар"нинг бошқа қисмлари эриб кетганига гувоҳ бўлган.

У ўз кўзига ишонмаган. Бироқ 37 қаватли бу бино эгалари ундан кечирим сўраб, таъмир пулини ўташларини билдиришган.

Линдсей жанобларининг сўзларига кўра у кўчада ўз машинаси томон қайтаётганида, "Ягуар"и олдида бир сураткашга кўзи тушган. "Тинчликми?" - деб сўраган у.

Сураткаш: "Мана бу машинанинг аҳволини кўринг. Эгаси келса борми..." - деб айтган.

"Эгаси мен бўламан!" - деб жавоб берган Мартин Линдсей ва машинасининг аҳволини кўриб даҳшатга тушган.

Машинанинг бир қанча қисми эриб кетган. Машинанинг деразасига эса бино қурувчилардан бир парча қоғозда: "Бизга телефон қилинг" - деб ёзилган экан.

"Бу анча хавфли ҳолатдир! - дейди Линдсей жаноблари. - Тасаввур қилинг, қуёш нурлари инсонга тушса нима бўлади..."

Ҳозирда Сити мавзеъ кенгаши бу бино тагида тўхташ жойларни вақтинча беркитиб қўйган.

Иншоат эгалари Линдсей жанобларидан кечирим сўраб, таъмир учун 946 фунт пул тўлашган.