Uzwebiston: Ўзбек ёшлари мобил интернетнинг суст ишлашидан шикоят қилмоқда

Август ойининг охирида Ўзбекистонда энг кўп мижозга хизмат кўрсатувчи Билайн ва Ucell алоқа ширкатлари ташқи интернет канали ҳажмини оширгани ҳақида хабар тарқатди.

Аввалига Ucell ширкати ташқи интернет каналини 20 фоизга кўпайтирганини айтиб чиқди.

“Энди USB-модем, планшет ва телефон орқали интернетдан фойдаланиш янада қулай бўлади ва веб сайтлар тезроқ юкланади”, - дейилади хабарда.

Орадан икки кун ўтиши билан Билайн ширкати 1,2 гбит/с халқаро интернет канали ҳажмини 1,8 гбит/с га оширганини айтиб чиқди.

Бироқ Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчилари тезликда бирор ўзгариш сезмаганлигини таъкидлашмоқда.

Твиттер микроблогида мобил интернетининг тезлиги жуда пастлигидан норози твитлар тез тез ёзилиб туради.

Tulkin Yusupov номли фойдаланувчи шундай дейди,

“Айтганча, Питерлик қиз Вайбердан телефон қилди роса. Интернет тезлиги ёмонлиги учун гаплаша олмадик. Дард бўлдида шу интернет”.

"Бизда ҳам қачонлардир интернет яхши ишлаб кетармикин? Ўзи бундай паст тезликни сабаби нима? Ютубдан бирор клип ҳам кўролмасанг", - дейди .. Umidjon Saydahmedov

Старый Еврей +21 ‏номли фойдаланувчи интернет тезлиги пастлигидан асаблар бузилганини айтиб, ҳазиломуз таклиф илгари сурган:

“Янгилик. Модем-интернет тезлиги учун кетган асабга маънавий зарарлар учун компаниялар вакилларини зўрлаганлар жавобгарликдан озод этилади”.

Ўзбекистон футбол федерациясининг матбуот котиби Санжар Ризаев ўз блогида мобил интернети ҳақида ўзига хос фикр юритади.

Ҳозирча ердан кўтарилмайдиган шикоят

"Миллий терма жамоанинг машғулотларидан инстаграмга расм қўяман деб бугун кун бўйи ҳаракат қилдим. Расм юкланмаганлигини инстаграм сервиси мана ҳозир 50-марта кўрсатяпти.

Мобил интернет МТС Ўзбекистон тугатилиши билан бирга камида 5 йил орқага кетди деб ўйлайман. Чорасиз қолган абонентлар билан семирган Ucell ҳам, “Билайн” ҳам, 1 йилдан ошиб кетди, интернет хизматини яхшиламайди. Яхшилаётгандир, сезилмайди.

Рақобат йўқ. “Билайн”даги танишимнинг айтишича, компания МТСнинг собиқ абонентлари кетса, компания, аксинча, хурсанд бўлади. Қулоқ тинчийди.

Уларни ниқтайдиган ҳеч ким йўқ. Ғижиниб ўтирадиган биз — ёшлар. Катталарга ҳозирча интернет керак эмас. Уларда негадир интернет ҳақида ёмон таассурот шаклланган.

Энг тез интернет Кореяда. Нега биласизми? Корейслар учун муайян бир вазифани самарали битишидан кўра унинг тезроқ бажариш муҳим. Чунки, рақобат катта. Ўйлаб ўтиришга вақт йўқ. Ҳаракат қилиш керак. Шу сабабли ҳам ҳукуматдан тортиб то хусусий компанияларнинг хизматларигача онлайнлаштирилган. Кореяда шахсий сайтига файл юклайдиган оддий талабага интернет тезлиги қандай муҳим бўлса, юқори лавозимли шахсга ҳам шундай муҳим. Мобил интернетнинг талаби ҳам шундай. Чунки, интернет корейсларга ҳамма ерда керак, кечарасизу, ҳатто ҳожатхонада ҳам. Интернетнинг секин ишлашга ёки ишламай қолишига ҳаққи йўқ, Кореяда.

Ўйлашимча, бизда ҳам қачонки юқори мансабдаги шахсларнинг ҳаётига планшет ва электрон почталар кириб келса, шундагина мобил интернет провайдерларининг пайтавасига қурт тушиши мумкин. Ҳозирча, бизнинг мобил алоқа операторлари бемалол ўтиришибди. Қулоқ тинч. Бизнинг эса кутишдан бошқа чорамиз йўқ".