"Ёлғон ҳам эви билан-де..."

Шу кунларда Olam.uz ахборот вебсаҳифасининг маълум қилишича, Ўзбекистонда ишсизлик 2013 йилнинг бошидан бери 2.5 фоизга тушган.

"Дастлабки маълумотларга кўра, 2013 йилнинг январ-июн ойи мобайнида иш билан таъминланганлар сони 12.410.100 кишига етган ва 2012 йилнинг ҳудди шу муддати билан солиштирганда 2.5 фоизга ошган", дея хабар беради Olam.uz.

Ушбу рақам ва маълумотларнинг манбаи Ўзбекистон Давлат Статистика Қўмитаси эканлиги айтилган.

Darakchi.uz вебсаҳифаси ҳам ишсизлик ҳақида рақамларни келтириб, Ўзбекистонда ишсизлик сони 2013 йилнинг январ-июн ойларида 630.000 кишини ташкил этганлиги ва бу рақам ишга лаёқатли аҳолининг 4.8 фоизини ташкил этиши ҳақида хабар берган.

Вебсаҳифага кўра, юқори ишсизлик даражаси Қорақалпоғистон республикасида кузатилган. У ерда 39.700 киши ишсиз экан, бу ишга лаёқатли аҳолининг 6.1 фоизини ташкил этади.

Шунингдек, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё ва Сурхандарё вилоятларида ўртача кўрсаткичдан баландроқ ишсизлик даражаси қайд этилган, дея илова қилган Olam.uz.

Интернет ўқувчилари бу рақамларни шубҳа остига олганлар.

"Бу рақамлар Россияда ишлаётганларнинг ҳам сонини ўз ичига олган бўлса керак", дея фикр билдирган "Mister_x_Uz".

"Ишсизлик 4.8 фоиз. :) Ёлғон ҳам эви билан-де...", дейди "Omon".

Аввалроқ Uzmetronom.com вебсаҳифаси Давлат Статистика ҚЎмитасининг "адаштирувчи" рақамлари учун танқид қилганди.

"Қўмита ўз рақамларидан ўзи адашиб кетган ҳоллари ҳам бор", дея ёзганди Uzmetronom.com.

Бу мавзуда батафсилроқ