Мусулмон филмлари фестивалида нима учун диний мавзудаги филмлар йўқ?

Татаристон пойтахти Қозонда навбатдаги Мусулмон Филмлари Фестивали ўтказилмоқда.

Фестивал 2004 йилдан бери ўтказилади.

Унда тақдим этилган филмлар рўйхатига назар ташлар экансиз диний мавзудагилари деярли йўқ эканлигига кўзиниз тушади.

Бу ҳолда нима учун фестивал Мусулмон Филмлари Фестивали, дея юритилади?

Қозон фестивали саралаш комиссияси раҳбари киношунос Сергей Лаврентьевнинг айтишича, фестивал номи унда исломий мавзу ёкдин тарихи ва замонавий талқинларига бағишланган филмлар тақдим этилишини англатмайди.

Сергей Лаврентьев: Биласизми, бу жуда қизиқ мавзу ва уни фестивал очилиш маросимида фестивал президенти бўлмиш Россия муфтийси жуда яхши очиқлаб берди. Яъни мусулмон филмлари фестивали диний филмлар ёки ислом динининг тарихи ё-да замонавий талқини ҳақидаги филмлар фестивали деганини англатмайди. Бу фестивал ислом дунёси филмлари, яъни етакчи дин сифатида ислом дини бўлган давлатларда ишланган филмлар фестивалидир. Фестивалда тақдим этилган филмларда диний мотив умуман бўлмаслиги ҳам мумкин. Бундан ташқари фестивал кун тартибида ислом дунёсидан ташқарида олинган филмлар ҳам бор. Лекин бу филмларда меҳр-оқибат ва муҳаббат каби мавзулар, жаҳонга очиқлик устуворлик қилади. Шунинг учун мусулмон филмлари фестивалини бу бошқалардан ихоталаниб олиш ҳаракати сифатида кўриш керак эмас.

Би-би-си: Сиз айтаётган меҳр-оқибат ва яхшилик мавзуларини кўплаб филмларда кўриш мукмин. Қайси асосда филмлар бу фестивалга танлаб олинади ва умуман фестивални мусулмон филмлари фестивали, деб аташга ҳожат борми унда?

Сергей Лаврентьев: Биринчидан ҳамма филмаларда ҳам бу мавзулар ёритилади, деб айтмаган бўлардим. Кўплаб филмларда дунёниннг мукаммал эмаслиги, зўравонлик, инсон тасаввуридаги жаҳоннинг воқелик билан тўғри келмаслиги мавзулари кўплаб ёритилади. Бу фестивалда эса бу каби филмлар, не қадар устамонлик билан қилинган бўлмасин, йўқ. Лекин бу биз фестивалга меҳр-оқибатни тарғиб қилувчи ва мусулмон давлатида ишланган ҳар қандай филмни ҳам олверамиз, деганини ҳам англатмайди.

Би-би-си: Фестивалда тақдим этилган филмлар орасида Ўзбекистонда ишланган "Паризод" филми ҳам бор. Тамошабин сифатида менда савол туғилади, дейлик аксар аҳолиси мусулмон бўлган Ўзбекистонда ишланганидан ташқари бу филмнинг айнан мусулмон филмлари фестивалида иштирок этишига сабаб нима? У ерда бирон диний мавзу йўқ, филмда акс эттирилган ҳодисалар ҳар қандай жамиятда, жаҳоннинг ҳар ерида бўлиши мумкин....

Сергей Лаврентьев: Бу суҳбатимиз бошида айтиб ўтган нуқтамнинг айнан далили. Тўғри айтингиз, филмда тўғридан-тўғри диний мавзу йўқ. Унда акс этган ҳодисалар Парижда ҳам, Сеулда ҳам, Банкгокда ҳам рўй бериши мукмин. Умуман Ўзбекистондан 7 ё 8 та бадиий ва қатор ҳужжатли филмлар фестивалда иштирок этиш учун ариза беришганди. "Паризод" филмини танлаб олишимизга сабаб, унда тамошабин учун ўзбек филм санъати ва Ўзбекистондаги ҳаёт ҳақида янги тасаввур берадиган ҳислат борлиги эди. Дейлик агарда Франсадан бу каби филм келса, биз ўйлаб кўрардик, чунки Франсада ишланган бу каби филмларни биз минглаб кўрганмиз. Лекин Ўзбекистондан бу каби филмни кўрмагандик. Шунинг учун айтишим мумкинки, фестивалдаги филмларда янги дунёларни очиш ҳислатига эга бўлган филмларга кўпроқ эътибор берганмиз, десам бўлади.