Лондон ажойиботлари: Ўғри кўзга кўринмас бўёқ билан бўялган

Image caption Яфет Аскале кўзга кўринмас бўёқ билан бўялган

Яфет Аскале деган кимса бировнинг машинаси ичига кириб, буюмларни ўғирламоқчи бўлганида унинг юзига "аксил-жиноят" бўёқ пуркалган ва юзини яшилга айлантирган.

Лондоннинг шимолий ғарбида жойлашган Харлесден мавзесида 28 яшар бу ўғри машина ичида бўлганини инкор этган, бироқ ультрафиолет нурларида унинг юзи ям-яшилга айлангани уни ушлашга далил бўлган.

Хендон маҳкамаси уни бу асосда айбдор деб топган.

Полициянинг билдиришича унинг юзига пуркалган "кўзга кўринмас" бўёқ унинг машина ичида бўлганини исботлайди.

Унинг уйида бир қанча ўғирланган ашё ҳам топилган. Булар орасида лаптоп ҳам бўлган.

Аскале жума куни маҳкама тарафидан 49 соат ижтимоий меҳнат ҳамда 400 фунт жаримага ҳукм этилган.

Брент полициянинг айтишича улар аҳолини ҳам бу "кўзга кўринмас" бўёқ билан таъминлай бошлашган.

Детектив инспектор Мадлен Райдернинг сўзларига кўра: "Брент полициясининг ўғриларга айтмоқчи бўлгани: "Брентга келишнинг ҳожати йўқ, Брент бошдан оёқ қопқонланган! Бу қопқонлар сенларни кутмоқда!" - деган гапдир".