Жонингдан очайми, молингдан?...

  • 21 Декабр 2013

Ўтаётган йили ёритилган ҳодисалар орасида матбуот энг кўп эътибор қаратган мавзулардан бири Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова атрофида кечган ҳодисалар эди.

Унинг Интернетдаги ижтимоиий тармоқлар орқали Ўзбекистон учун ноодатий ҳисобланган "ошкорона чиқишлари" кўпларни лол қолдирди.

Ушбу изҳоротлар орасида унинг ўзига қарши амалларда ҳисобсиз шахсларни айблаши бир томон бўлдию, онаси Татяна Каримовани фолчилик ва афсунгарликка юмшоқ қилиб айтганда "қизиқиши" борлигида айблаши бир томон.

Изланишлармиз шуни кўрсатдики, Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё мамлакатларида азайимхонлик ва турли башоратчиларга "қизиқиш" фақатгина президент оиласи аъзоларида эмас, жуда кўпчиликда бор. Бунга сабаб нима?

Ўрта асрлардаги машҳур италян рассоми Микеланжело мўйқаламига мансуб бир сурат бор.

Унда кўринишидан ўзига тўқ ўрта ёшли эркакнинг қўлига қараб бир аёл тақдирини айтиб бераётгани тасвирланган. Сурат 16 асрда чизилган. Лекин бугунда Ўзбекистонликлар билан суҳбатлашар экансиз, Микелажело асаридаги тасвир воқеликда ўта кенг тарқалганлиги аён бўлади.

Би-би-си суҳбатлашган Ўзбекистонлик ўрта ёшли аёлнинг айтишича, қизи икки ойлик бўлган вақти оиласининг бузилиб кетиб, оғир аҳволга тушиб қолиши ортидан дуочига мурожаат қилган.

Унинг айтишича, ён атрофдагилар бу амал ижобий натижа беришига уни ишонтирганлар.

Яна бир суҳбатдошимиз -ўқимишли ва анчайин муваффақиятли ишбилармон аёл. У ҳам ҳаётида мушкул вазиятга юз тутган вақтида ўнгида пайдо бўлган саволларга жавоб топа олмай, башоратчига "бош уриб борган".

Башоратчи ва иссиқ совуқчиларга "Маҳаллада дув-дув гап" филмидаги омигина ва нима десангиз шунга ишонадиган Ойпошша опага ўхшаганларгина эмас, ўқимишли, муваффақиятли ва кўпда машҳурлар ҳам мурожаат қилишни канда қилмасликлари аён бўлади.

Изланишларимиз мобайнида маълум бўлишича, башоратчию турли шаклдаги фолбинларга мурожаат қилиш, ҳозирда ғарб маданиятларида ҳам кенг тарқалган.

Ўзбекистонлик суҳбадошларимиздан бирининг айтишича, у билган-таниган ён атрофдагиларидан деяли 70 фоизи иссиқ-совуқчилару келажагингиз қандай бўлишини "айтиб берувчилар" хизматидан фойдаланган ёда фойдаланмоқда.

Жамиятда бу кўринишнинг қулоч ёйишига қандай омиллар туртки беради?

АҚШдаги Жанубий Флорида университетида социология профессори Данни Жоргансоннинг айтишича, инсонларнинг башоратчиларга мурожаат қилишларининг асосий сабаби бу беқарорлик ҳиссини камйтириш мақсадидир.

"Биз яшаётган жаҳон жуда беқарор жаҳон шундай эмасми? Ёмон ҳодисалар рўй беради, кутилмаган ҳодисалар, биз тушунмайдиган ҳодисалар ҳамиша содир бўлиб туради. Башоратчи ва турли дуочилар ана шу ноаниқликка қандайдир бир маъно бағишлаётгандек бўладилар".

"Жамиятда қўрқув кучайган, беқарорлик даражаси кўтарилган, инсонлар ҳаётдан маъно топишга қийналган вақтлари, можаролар рўй берган, маданий ўзгаришлар юз бераётган замон башоратчиликнинг кўп тарқалган турларига талаб кучайиши кузатилади. Бу факторларнинг ҳаммаси қайсидир маънода улардан маъно топишга уриниш ҳаракатларига ҳам туртки беради", дейди профессор Жоргансон.

Демак, олимларнинг айтишларича, жамиятдаги беқарорлик даражаси не қадар юқори бўлса, дуохонлик, азайимхонлик ва афсунларга эҳтиёж пропорционал равишда кўпаяр экан.

Лекин шуниси ҳам аёнки, йирик монотеистик динларнинг деярли ҳаммаси башоратчиликни қоралайди. Шу жумладан Марказий Осиё аҳолисининг аксар қисми эътиқод қилувчи Ислом ҳам.

"Исломда фолбинлик ширкдир"

Таниқли уламо, Қирғизистон собиқ муфтийси Содиқ Қори Камолиддиннинг айтишича, Ислом динида Қуръони Каримдан сура ва оятларни ўқиб, дам солишга изн берилади.

"Лекин ҳар ҳил фолбинлар, коҳинлар, ғойибдан хабар берувчилар, иссиқ-совуқ қилиб, эр-хотинларнинг орасига совуқчилик туширишга уринувчи турли бахшиларга мурожаат қилиш Ислом динида тақиқланган", дейди Содиқ қори Камолиддин.

"Оллоҳ эмас, бошқа инсонлардан ёрдам, мадад кутиш, тақдирни ўзгартириш, ишларни яхшилаш ё-да бошқаларнинг ишларини ёмонлаштиришни талаб қилиш Исломда ширк ҳисобланади", дея илова қилди Содиқ Қори Камолиддин.

Аммо амалдаги вазият шуки, қайси динга мансуб бўлмасинлар одамлар кўпда диннинг башоратчиликка тақиқида "тирқиш" топишга уринадилар.

Бир нарсага ишонсанг, ўша томон ўзинг билмаган ҳолда ҳаракатланиб, башоратчининг айтганларини ўзимиз англамай туриб, бажаришимиз ё-да бажо бўлишига ўзимиз асос яратишимиз эҳтимоли ҳам борми?

Пофессор Жоргансонга кўра, башоратларнинг гўёки амалга ошиши асосида ҳудди шу нарса ётади.

"Биласизми мўъжизалар инсонлар унга ишонганлари учун рўёбга чиқади. Чунки инсонлар ишонмаган нуқтада мўжиза ҳам тугаган бўларди. Мўъжизага ишонч ҳаётдаги эврилишлар маънога тўла ҳолда қўлимизга келиб тушмаслиги туфайли мавжуддир. Инсонлар ана шу маъносиз нарсалардан маъно қидиришга ҳаракат қиладилар. Мену сиз-у мен масалан, маъно қидиришда рационал фикрга ёки ён-атрофдаги ҳодисаларни тушуниш учун илм фанга асосланган маълумотларга суянсак, бошқалар ўзгача йўлдан боришади. Лекин бу каби усуллардан фойдаланиб, одамларни атайлаб адаштиришга уринувчилар билан чин қалбдан бировнинг оғирини енгил қилиш, кўнглини кўтаришга ҳаракат қилувчилар орасини фарқлай билишимиз керак менимча".

Турли рўзномаларда гўёки манажжимлар сўзларига асосланган турфахил бурж ва мучалга таалуқи инсонлар учун кундалик равишда чоп этиладиган башоратлар муҳаррирлар жамоасининг ижодий қаламлари "маҳсули" эканлиги кўпларга аён.

Бўлмаса шу вақтгача инсоният бошига тушган беҳисоб фожеларни аввалдан башорат қилиб, шунчалар умрларни сақлаб қолмасмидилар.

Суҳбатдошларимиздан баъзилари, башоратчидан ўз ҳаётлари ҳақида "ёмон хабар" олганлари туфайли умрларининг муаян қисмини ҳатто қўрқув ва хавотир билан ўтказганлар. Ана шу маънода башоратчилар хизматидан фойдаланиш хавфлими?

Профессор Данни Жоргенсоннинг айтишича, бу масалага қайси томондан қарашингизга боғлиқ.

"Бу нарса ҳавфлими, эҳтимолки йўқ. Лекин бир нарса бундан истисно, у ҳам бўлса башоратчилик одамларни сиёсий, рационал илм-фанга асосланган ечимларни излаш ҳаракатларидан чалғитиши мумкин. Лекин инсонлар ҳаётда маъно чиқмайдиган, абсурд бўлган бошқа кўплаб амалларга қўл урадилар, шундай эмасми. Масалан диннинг аксар қими ҳам ҳудди шундай. Шунинг учун хавфлими, деган саволга у қадар ҳам эмас, деб жавоб берган бўлардим. Албатта одамлар ишончидан фойдаланиб, уни суъистеъмол қилишга уринувчилар ҳам бор. Агарда бу каби инсон ҳақгўй бўлмаса, одамларни ўзи кўзлаган йўналишга итармоқчи бўлса, алдамоқчи ёки шунчаки пулини олиш йўлида қилаётган бўлса бу хавфли шаклни олиши мумкин".

Лавҳамиз бошида тилга олган Микелажело суратидаги яна бир жиҳатга назар қаратсак.

Ундаги фолбин аёл ўзи фол очаётган шахснинг кафтига қарай туриб, билдирмасдан узугини ечиб олмоқда.

Яъни, қалобликка очиқчасига ишора ва бу ҳолат ҳақиқатан ҳам мутассил рўй бериши ҳам аён.

Бу омилга қарамай одамларнинг башоратчилардан юз ўгирмасликлари асосидаги омиллардан бири, дейди Санкт-Петербургдаги Оврўпо университетида антрополгия илмидан дарс берувчи Сергей Штирков, ҳукумат ва жамиятдаги расмий институтларга ишончнинг йўқолишидир:

"Шундай бир кўриниш бор. Мен уни шартли равишда янгидемократизм, дея атаган бўлардим. Бу шундай вазиятки, одамлар, оддийми ёки қудрат мавқеида бўлганларми, жамиятдаги уларга маълумот бериб туриш учун масуъл институтлар, яъни реал вазият ҳақида аниқ хабар бериб турувчи ташкилотлар уларни адаштиришга ҳаракат қилаётганини пайқаб, англай бошлайдилар. Дейлик бу ҳаққоний бўлмаган ҳукумат, ёда бирон ширкат томонидан ажртилган маблағга ишлаб, жамиятни алдашга ҳаракат қилмоқчи бўлган олимлар бўлиши мумкин. Ёки халққа тўғри маълумот бермаётган матбуот ва ҳатто расмийлар билан тил бириктирган диний раҳбарият...Хуллас, легетим маълумот манбаларига ишонч пасайиб, ё-да йўқолиб боради. Ана шу ҳолатда ноанаъанвий маълумот манбаларига мурожаат қилиш эҳтиёжи пайдо бўлиб, уларга қизиқиш кўтарилганини кузатиш мумкин. Ва одамлар ана шу асосда бу манбаларга мурожаат қилишни оқлай бошлайдилар", дейди антрополог Сергей Штирков.

"Бу шундай холатки биз сотиб олинган, ёда бир сафга тизиб қўйилиб, йўқ нарсани бизга айтишга мажбурланган журналистлар ёки дейлик олимларга ишонишдан кўра, тижорий манфаатга эга бўлса ҳам башоратчига ишона бошлаймиз. Голливуднинг машҳур "Арвоҳ" фильмидаги башоратчи аёл борку, у ҳам соддадил ва ҳам муғомбир, ҳам қизғанчиқ, лекин ёрдам беришга тайёр, башоратчилик у учун бизнеслиги ҳам аён, лекин у ҳеч қандай расмий институтга таалуқли эмас. У мустақил, ўзича ҳаракат қилади. Ана шу каби шахсга биз қорнини шишириб, баланд минбардан мамлакатнинг эртаси бундай бўлади, дея бир нарсалар демоқчи бўлган шахсдан кўра кўпроқ ишона бошлаймиз".

Ва яна бир жиҳат. Тасаввур қилингки, сиз яшаётган мамлакат раҳбариятидаги шахслар ҳам башоратчиларга ишонсалар. Ва уларнинг кўрсатмаларига биноан қарор олсалар, иш тутсалар...Бунданда ҳавфлиси бўлмаса керак

Лекин Сергей Штирковга кўра , башортачиларнинг инсонларни у ёки бу йўналишда қадам босишларига ҳийла-найранглар билан ундаш ҳақидаги хавотирлар амалда бу каби ҳолатлар рўй беришидан кўра кўпроқдир. У оқил ва рационал фикрлашнинг қўли баланд келишига умид қилади.

"Менинг фикримча башоратчилар сиёсатчиларни баъзи йўлларга солиб, ўша йўналишда ҳаракат қилишларига туртки беришга, манипуляция қилишга уринишлари ҳақидаги гап-сўзлар амалдаги бу каби ҳолат рўй бериши эҳтимолини шишириб кўрсатади. Яъни бу борада шубҳа гумонлар амалда рўй берган манипуляция ҳолталаридан кўра кўпроқдир. Лекин албатта бу каби эҳтимол мавжуд. Ва албатта қудратдаги шахс башоратчига қулоқ тутаётганини тасаввур қилиш мудҳиш бир ҳисни уйғотади. Лекин анъанавий рационал билим ва маълумот манбалари қўлида қудрат бўлган шаҳслар бу каби альтернатив манбалардан олинган маълумот билан сиёсий муҳим қарорларни қабул қилишда эҳтиёткорлик билан қабул қиладилар, деган умидни пайдо қилади".