Ўзбекистонда шифокорлар дорихоналар билан "тил бириктирган"ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

UZ24 янгиликлар порталининг Facebookдаги "Жамоатчилик назорати" дея номланган саҳифасида шифокорларнинг дори-дармон савдосидан тушадиган фойдага алоқадорликлари ҳақида лавҳа чоп этилган.

Матбуот расмийларнинг қаттиқ назорати остида бўлган Ўзбекистон учун шаклан ва ҳам мазмунан ноодатий бўлган деярли уч дақиқалик лавҳа, мултиплакацион йўлда, шунингдек турли кинофилмлардан олинган парчалар ёрдамида "тиббиётдаги тижорат" муаммосига эътибор қаратади.

Унда айтилишича, Ўзбекистонда "шифокорларнинг дори-дармон ишлаб чиқарувчи ширкатлар билан ҳамкорлик қилишлари ҳеч кимга сир эмас".

Шифокорлар ўта қиммат ва баъзи ҳолларда кераксиз дори-дармонларни тавсия қилиб, бунинг эвазига ширкатдан ёки уни сотган дорихонадан "улуш" олишар экан...

Бундан ташқари шифокорлар мижозларни шахсий тиббиёт марказларидаги қиммат ташхис қўйиш ва текшириш муолажаларига юбориб, у ердан ҳам "улуш" оладилар дейилади лавҳада.

Лавҳада бу каби ҳолатларга дуч келган мижозларнинг сўзлари актёрлар овози билан келтирилган.

UZ24 бу даъволарни Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш вазирлиги мутасаддилари эътиборига олиб чиқиши ва уларнинг муносабатини мухлисларга етказишни ҳам ваъда берган.

Би-би-си ўз навбатида бу муаммони ўрганишга ҳаракат қилиб кўрди.

Биз билан суҳбатлашган Қаршилик аёлнинг айтишича, унинг дорихонага тез-тез иши тушиб туради.

"Деярли ҳар гал борганимда, "сизга бу дорини қайси шифокор ёзиб берди" деган савол беришади. Менимча, бу саволнинг ортида қандай мақсад ётганини энди англаб етаётгандекман", деди у Би-би-си билан суҳбатда.

UZ24 лавҳасига Facebookда муносабат қолдирган фойдаланувчиларнинг айтишларича, бу муаммога шифокорларнинг етарли маош олмасликлари сабабдир.

Яна бир бошқа фикрга кўра, агарда шифокор керакли дорини ёзиб бергани учун "фойда улуши" олган бўлса бунинг ҳеч қандай ноқонунуний ери йўқ. Бошқа томондан Ўзбекистонда замонавий, аниқ ва қимматбаҳо ташхис қўйиш мосламалари кўплаб шифохоналарда йўқ ва шунинг учун улар мижозларни шахсий марказларга юборишга мажбурлар.

Сиз бу муаммо билан дуч келганмисиз ва у Ўзбекистонда не қадар кенг тарқалган, деб ўйлайсиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.