Марказий Осиёдаги ягона расмий Ислом Уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий

Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий 1965 йили Тожикистоннинг Файзобод туманида таваллуд топган.

Тожикистон Давлат Университетининг Шарқшунослик факултети, араб бўлимини битиргач, Яман пойтахти Санадаги Саноат Университетида ҳам таҳсил кўрган.

Кейинчалик Россия Ташқи Ишлар вазирлиги қошидаги Дипломатик Академияни битирган. Сиёсий фанлар номзоди.

90 йиллар ўрталарига қадар Москвада ишбилармонлик билан шуғулланган Муҳиддин Кабирий 1997 йили Душанбега қайтиб, Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси асосчиси ва ўша вақтдаги раҳбари, таниқли сиёсий арбоб Саид Абдулло Нурийга ўринбосар этиб тайинлаган.

1997-1999 йиллари Тожикистондаги фуқаро урушига чек қўйган тинчлик битимига эришиш учун Москвада олиб борилган музокараларда халқаро масалалар бўйича маслаҳатчилик қилган.

2005 йили Тожикистонда ўтказилган парламент сайловлари натижасида халқ вакили этиб сайланган. 2006 йилдан бери эса Саид Абдулло Нурийнинг вафотидан сўнг Ислом Уйғони партиясига раҳбарлик қилмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Ислом Уйғониш партияси Тожикистон сиёсий саҳнасидаги муҳим партиялардан биридир. 1990 йили октябр ойида асос солинган партия дастлаб мамлакатда ҳамма ноисломий амалларнинг тақиқланиши, чўчқа гўшти ва алкогол ичимликлар савдосини тўхтатиш, кўпроқ масжидлар очилиб, дам олиш кунини якшанбадан жумага ўтказиш каби талабларни илгари сурганди.

90 йиллар бошларида Ислом Уйғониш Партияси бошқа қатор мухолиф ҳаракатлари билан бирга Душанбеда ҳукуматга қарши узоқ муддатли намойишларнинг фаол иштирокчиси бўлган. 1991 йилги президентлик сайловларидан аввал партия расман қайддан ўтказилган.

1992 йили мухолифат ва Тожикистон ҳукумати ўртасида Миллий Ярашув Битимига эришилган бўлса ҳам бу бу битим самарасиз бўлиб фуқаро урушининг келиб чиқишига олиб келди.

Ўртада Шўролар Иттифоқининг қулашидан аввалги йилларда мамлакат муфтийси бўлган, таниқли уламо Хожиакбар Тўражонзода ҳам партия сафларига қўшилди.

Ниҳоят бир неча йиллик уруш ҳаркатлари ва минглаб қурбонлардан сўнг 1997 йили Москвада икки томон ўртасида ярашув битими имзоланди.

Ушбу битимга мувофиқ Тожикистон ҳукуматида мухолифатга 30 фоиз ўрин берилганди.

Ўшандан бери Ислом Уйғониш партияси уч маротаба парламент сайловларида иштирок этди. Ҳозирда Парламент қуйи палатасида икки халқ вакилига эга.

Муҳиддин Кабири раҳбарлиги остида Ислом Уйғониш партияси ўз йўналишини ҳамкорлик ва дунёвийлик томон ўзгартиргани айтилади.

Таҳлилчилар томонидан "ғарбона қарашларга эга, мўътадил ва прагматик сиёсатчи" дея баҳо берилган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирийга саволларингизни пайшанба, 19 июн кунига қадар uzbek@bbc.co.uk электрон почта манзилига ёки қуйидаги форма орқали йўллашингиз мумкин.

Саволларингизни Whatsapp орқали ҳам юбора оласиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ