#RamadanProblems ҳештеги нима учун пайдо бўлди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption #ramadanproblems ҳештеги орқали тарқалган ҳазиллардан баъзилари. Чап томонда "қорним оч вақтида ўшқириб берган бўлсам, узр сўрайман" дейилган бўлса, ўнг томонда "оғиз очган вақтда ўзингни шундай ҳис қиласан" дейилган.

Жаҳон бўйлаб мусулмонлар муборак Рамазон ойида рўза тутар эканлар, йўл-йўлакай ижтимоий тармоқлар орқали ўз "тажрибалари" билан ўртоқлашишни ҳам канда қилмаяптилар.

Минглаб рўзадорлар шу кунлари #RamadanProblems ҳештеги орқали Twitter, Instagram, Facebook, Vine ва кўплаб бошқа тармоқларда фикрлар қолдирганлар.

Бу изҳоротларнинг аксари ҳазиломуз оҳангда.

"Бу рўза тутаётган мусулмонларнинг ҳазил-мутойибадан қуруқ қолмаётганликларини кўрсатади. Биз ҳам бошқалардек, ҳаёт "машаққатлари"дан ўтаётганимиз ҳақидадир", дейди ушбу ҳештегнинг фаол фойдаланувчиларидан бири Дубайлик Узам Атча.

#RamadanProblems ҳештеги пайдо бўлганига бир неча йил бўлди, лекин ўтган йилдан бери айниқса ўта оммавийлашган.

АҚШ, Британия, Покистон, Канада ва Бирлашган Араб Амирликларидаги мусулмонлар унинг энг ашаддий "издошларидир".

Баъзилар рўза тутишда ўзлари "қўллайдиган " тажриба ва усуллар билан ўртоқлашсалар, бошқалар мусулмон бўлмаганларга рўзанинг хосиятларини тушунтириш учун ундан фойдаланмоқдалар.

Лекин албатта изҳоротларнинг аксари очлик ҳақида...

"Бу рўза деганлари тез ўтадиган нарсага ўхшамайди", дея фикр қолдирган бир фойдаланувчи (Инглиз тилида "рўза" ва "тез" сўзлари омонимдир: "fast")

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption "Бу суратни кўриб, "оҳ, не қадар мазали" деб ўйладим, кейин қарасам бўёқ экан...."

"Соатга қараб 2:54 дан 2:53га ўтиб қолганини кўрдим. Ҳазиллашаётганим йўқ", дея ўз бошидан кечирганлари билан ўртоқлашган яна бири.

"Музлатгичга собиқ севгилимга қарагандек маҳлиё бўлиб ўтирибман", дейди яна бир рўзадор.

"#RamadanProblems шундай нарсаки юрганингда атрофингда одамларни эмас, озиқ-овқатларни кўрасан", деган афтидан ўта қорни очқаган мусулмон.

"Ҳозиргина яна биттаси "Ростанми, ҳатто сув ҳам мумкин эмасми", дея ҳитоб қилди....#Ramadanproblems

"Рамазон - мен севгилим билан ҳар кеча учрашадиган ягона вақт" #Ramadanproblems

Айни вақтда "Happy Fasting" (Рўзангиз қутлуғ ўтсин) ибораси 200,000 маротаба ишлатилган.

Журналист Лайло Алаванинг айтишича, мусулмон оламида ижтимоий тармоқлар орқали тақводорлар ўз ифтихорлари ва жамоаларини намойиш этмоқдалар. У #RamadanProblems ҳештеги ҳақида давра суҳбатларини ҳам уюштирган.

Рамазон билан боғлиқ ҳозирда кўплаб мобил телефонлар ва ижтимоий тармоқларда махсус "app" лар, дастурлар ишлаб чиқилган.

Twitter да "Рамазон учун қўлланмалар" вa Facebook да миллион киши "like" қилган "Самарали мусулмон" (Productive Muslim) саҳифалари бор.

Кўплаб масжид ва уламолар ҳам ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланмоқдалар.

BBCUzbek.com саҳифамизнинг янги "Ижтимоий минбар" интерактив рукнининг бу галги мавзуси ҳам рўза ва Рамазон ойининг пасту-баландликларига бағишланган.

Ўз фикр мулоҳазаларингизни uzbek@bbc.co.ukэлектрон почтаси ёки Facebook даги BBCUzbek саҳифаси орқали қолдиришингиз мумкин. Жонли мулоқотимиз чоршанба кунига режаланган.

#Ramadanproblems ҳештиги трендда, Сиз ҳам иштирок этинг!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ