Ижтимоий минбар: Ўзбекистондаги қашшоқликнинг сабаблари нимада?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Энг сўнгги тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда истиқомат қиладиган аҳолининг 77 фоизи қашшоқ яшайди.

Ўзбекистон ҳукумати эса ҳар йили - 1990 йилда бир хонадонда нечта музлатгич бўлгани ва бугун бу музлатгич нечтага кўпайгани ҳақида эълон қилади.

Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш ва инфляция даражаси билан бўлгани сингари аҳолининг фаровонлик даражаси ҳақидаги ҳукумат статистик маълумотларининг ҳақиқатга тўғри келишини ташқаридаги халқаро ташкилотлар ҳам шубҳа остига оладиган бўлиб қолган.

Завод-фабрикалар ёпилиши, деҳқончиликка эркинлик берилмагани, бозор ва тижоратларни "бир ҳовуч пулдорлар" монополияга айлантириб олгани, ўз бизнеси билан шуғулланмоқчи бўлганларнинг ҳокимияту-милиция, прокурору-снбчилар тарафидан "бўғилгани" Ўзбекистонда миллионлаб инсонларни ишсизга айлантирди.

Биргина Россиянинг ўзида камида уч миллионлик ўзбекистонлик оиласини боқиш йўлларини қидиришга мажбур бўлган.

Айни мавзу ижтимоий тармоқлардаги BBCUZBEK саҳифаларида оммалашиб кетди ва турфа баҳсу-мунозараларга сабаб бўлди.

Facebook, Odnoklassniki каби тармоқлардаги Би-би-си Ўзбек хизмати саҳифаларига ўнлаб фикр-мулоҳазалар жўнатилди.

Айни фикрлар учун ташаккур изҳор этганимиз баробарида уларнинг барини нашр этиш имконсизлигини билдирамиз.

Би-би-си Ўзбек таҳририятининг uzbek@bbc.co.uk электрон почтасига келган мактублардан бири - муаллиф ўзини Jack Daniels, дея таништирган.

Унинг ёзишича, "менимча, муаммонинг сабаби ўзбекларимизнинг менталитети билан боғлиқ. Бемаъни тўйлару, бошқалар билан кимўзар ўйнаш бу телбаликдир. Яна бир муаммо ўзбекларнинг ўз ҳуқуқларини билмасликлари ва бирлашиб халқ бўла олмасликларидир. Масалан, ҳар қиш бутун ўзбекистонликлар учун ғирт азобдан бошқа нарса эмас. На газ бор, на электр. Маҳалладагилар ўзаро бирикиб, идораларга бориб, арз қилишдан ҳам қўрқамиз. Яна сиёсий жуда сустмиз. Инсон сифатида жамитя, давлат ҳаётида қадримиз, иштирокимиз бор деб, ҳеч қачон ўйламаймиз. Шунингдек, яхши саводли, билимли бўлишга табиатан интилмаймиз. Хуллас, қачон халқ менталитетида керакли ўзгариш бўлмаса, деярли ҳеч нима ўзгармайди" (мактубни қисқартирилган шаклда келтирдик- Би-би-си таҳририяти)

Макс Маҳмудов ҳам шу фикрга ўхшаш изоҳ қолдирган. Унга кўра, "аҳолини электр ва газ билан таъминлай олмаган мамлакат қашшоқ эмас, хор мамлакат. Ҳақиқатга кўз юмманглар", дея даъват қилган Макс маҳмудов.

Лекин бу каби фикрлардан ўзгача мавқеда бўлганлар ҳам талайгина. Улардан бири Ҳасан Давкаров: "Худога шукур эсимни танибманки, қашшоқликни амалда кўрганим йўқ, кўрмайман ҳам. Бугун кўпчилик, ўзини ўрта ҳол оила вакили ҳисоблайди. Оддий мисол: қўшнимиз фермерликнинг ортидан 1 машинасини 3 йилда 4 та қилди. Ўзимизнинг оила ҳар йили тўй ўтказади. Ўзим контракт асосида Тошкентда ўқийман. Мендеклар эса Ўзбекистонда жуда кўп".

Лекин Шаҳноза Асалнинг фикрича, қашшоқлик ҳақидаги ҳисоботда "айни ҳақиқат ёзилибди".

"Бир мисол, аксар ҳолларда олий маълумотга эга бўлатуриб иш топа олмаётганлар ҳам талайгина. Қаерга иш сўраб борсанг фалончининг боласи амалда ўтирганига гувоҳ бўласиз. Нима эмиш "ҳозирча бўш ўрин йўқ, кейинроқ ҳабар олинг"! ШУМИ АДОЛАТ?", дея хитоб қилган у.

Абу Умар исмли "минбар"имиз иштирокчиси қатор фикрларни қолдирган.

"Ҳақиқатда Би-би-си қашшоқлик, деб термин танлашда ошириб юборибди. Агар Ўзбекистондаги аҳволни қашшоқлик дейилса, Африка давлатларидаги аҳволни тасвирлашга сўз топилмас эканда?" деган саволни ўртага ташлаган.

Унинг давом этишича, "агар инсоф билан айтсак, Ўзбекистонда камбағаллар бор. Лекин 76% эканига шубҳам бор. Иқтисодимиз ҳам ҳавас қиларлик даражада эмас. Шахсий тажрибамдан айта оламанки, тадбиркорларга, савдогарларга йилдан-йилга ишлаш қийинлашиб бормоқда. Коррупция авжида. Бу инкор қилиб бўлмас ҳақиқат. Ҳар ойда "доля" олишга келишади текинтомоқлар. Қачонки пора олди-берли қилганларга жиддий жазо берилмас экан бу аҳвол чўзилаверади", дея ёзган Абу Умар қатор изҳоротларидан бирида. (Мактубларнинг аксарияти қисқартиришлар билан келтирилмоқда - Би-би-си таҳририяти)

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

"Одноклассники" ижтимоий тамоғи орқали қолдирилган қатор фикрларни ҳам келтириб ўтсак.

"Ауди" номи остидаги фойдаланувчининг ёзишича, у қашшоқлик даражаси 70 фоиздан ортиқ деган фикрга қўшилмайди. Чунки унинг фикрича, "ҳозирда ЎЗбекистонда монополиячиларга қарши кураш кетмоқда ва ҳақиқат бор мамлакатда".

"Одноклассники"дагилар ўзларига ажойиб номлар танлашган, кейинча иштирокчи "Алю мин". Унинг фикрича, "Қашшоқликнинг сабаби - коррупция. Коррупция сабаби эса демократиянинг йўқлиги. Демократия йўқлигининг сабаби эса ўзбекча менталитет. Танқид бўлмаса ривожланиш бўлмайди", дея хулоса қилган у.

Facebookda Бобурбек Азимбоев муаммолар ҳақида очиқча фикр билдириш мавзусига эътибор қаратган.

Унга кўра, "ҳақиқтани ёзса ношукур ёки хоин дейиш мафкурамизга сингиб кетган. Шу даражага бориб етганки, сиёсатдан гапирса халқ "деворнинг ҳам қулоғи бор" дейдиган қўрқув даражасида. Қаерга борма таниш-билишчилик, маҳаллийчилик - давлатни ортга тортадиган одатлар бор. Шунинг орқасидан аслида малакалилар четда юришибди. Ҳаракатлар бор.....Лекин турли халқаро банклардан келаётган пулларни ўз ўрнида ишлатилса ўзгариш катта бўлади. Фақат адолат камроқ..." (Қисқартирилди - Би-би-си)

Али Хан, назорат қилувчи қонунлар ишламаслигини тилга олади.

"Балки етар ўзимиздан паст давлатларга қараб, ўзимизни алдаб яшаш!! Ўзбекистонда ҳеч ким очликдан ўлмаяпди. Чунки ўзбек четда қулдек ишлаб бўлса ҳам, оиласини боқяпти. Нега шу одамлар учун ўзимизда иш йўқ?! Чунки бутун система эскирган! Чиновникни назорат қиладиган орган, органни назорат қиладиган қонун йўқ!..

Гулмира Нишонова президентлик сайлови олдидан бу каби мавзунинг кўтарилишига шубҳа билан қараётган экан...

Euro WorldCup: "Ўзбекистонда яхши яшашмоқда деб айтаётганларга! Россиядан 7-8 миллиард доллар келаётганидан кейин қашшоқ бўладими? У ердан 5-8 миллион муҳожир орқага қайтса, ўшанда жўжани кузда санаймиз".

Дониёр Пўлатов эса баҳс қатнашчиларини ҳақиқатни гапиришга унадаган.

Унга кўра, "агар камчиликларни маҳаллий журналистлар кўтариб чиққанда, Би-би-сига гап қолмасди. Миллионлаб юрдошларимиз ўзга юртларда ишлаб юрганлигининг ўзи иқтисодимиз заифлигини, ҳар йили 1 миллион иш ўринлари яратилаётгани ҳақидаги хабарлар ёлғон эканини кўрсатади. Ҳукуматларни доим танқид қилиш керак. Бизда танқид йўқ, шунинг учун ривожланиш суст. Танқид қилинмаган ҳукумат талтайиб кетади".

"Ижтимоий минбар"имизда "сўзга чиққанлар"нинг фикр-изҳоротлари билан Би-би-сининг Фейсбукдаги BBC Uzbek саҳифасида ёки "Одноклассники"даги ҳудди шу номли саҳифада танишишингиз мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02