Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон мустақиллиги: Ким эдигу ким бўлдик..

Image caption Милиция Шўролар давридан ўз вазифаларининг феъл-атворини ўзгартирмаган

Ўзбекистон мустақиллиги байрами олдидан катта минбарлардан, ҳукумат қарорларида ўзбекистонликларга 23 йил мобайнида мамлакатда эришилган ютуқларни эслатиш, Шўролар замонидаги ҳаётлари билан ҳозирги кун фарқларини намоён этиш мақсадида “Ким эдигу ким бўлдик” шиори янграмоқда.

Хоҳ Ўзбекистон Президенти имзолаган бу йилги мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш тўғрисидаги қарор бўлсин, хоҳ ғаллакорларга табригида ҳар бир ўзбекистонлик “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатнинг чуқур маъносини такрор ва такрор англаш лозимлиги уқтирилган.

Тарғибот кучини яхши тушунган ҳукумат мазкур масалани асосий ва бош ғоя сифатида белгилашга ҳам қарор қилди. Ўзбекистон фуқароларининг онгига бу бу ғояни кўпроқ сингдириш мақсадидаги кампанияларга ҳам киришилган.

Ўзбекистонда мустақилликка эришилгач, янги давлатчиликни барпо этиш ва ривожлантириш мақсадида қатор қонунлар қабул қилинган.

Айрим кузатувчиларнинг айтишларича, баъзи қонунлар сиёсий тузумни сақлаб қолиш учун ва ички вазиятни назарда тутиб ишлаб чиқарилган.

Булардан бири 2003 йилда "Ўзбекистон президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида" қабул қилинган қонундир.

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов томонидан имзоланган мазкур ҳужжатда бутун президентлик муддати ва "конституциявий ваколати тугаганидан" кейин ҳам мамлакат президенти давлат бюжети маблағлари ҳисобидан эга бўла оладиган кўпгина имтиёзлар ва афзалликлар белгилланган.

Ислом Каримов "ўзбек модели"нинг беш тамойилларидан бири қонун устуворлигини таъминлашни ўз нутқларида кўп такрорлайди.

Мустақил журналист Алишер Таксановнинг фикрича, "Ўзбекистон президенти ҳақидаги қонунга кўра, Ислом Каримов президент ваколатларини бажариш билан боғлиқ ҳаракатлари учун жиноий ва бошқа жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Бу энди қонун устуворлиги бўладими?"

Ўзбекистон мустақиллигига 23 йил тўлганига қарамай, ички ишлар ёки хавфсизлик хизматлари ҳақидаги қонунлар ҳанузгача қабул қилинмаган.

Баъзи кузатувчилар жамият таррақиёти учун муҳим бўлган қонунларнинг йўқлиги зиддиятга олиб келиши мумкин деган фикр билдирмоқдалар.

Дарҳақиқат, ҳуқуқ-тартибот органларининг бурч ва ваколатлари ҳанузгача белгиланмагани ортида турган сабаблар нима?

Алишер Таксановнинг ўйлашича, "буни президент Ислом Каримов истамайди. Агар қонун ишласа, ҳар вақт ички ишлар вазирлиги раҳбари "қонунда такидланган ваколатларга биноан" дея энг юқори мартабали амалдорни ҳам сўроққа тутиши мумкин. Лекин қонуннинг йўқлиги ва фақат 1993 йили қабул қилинган ва воқеликни акс эттирмайдиган ҳукумат қарорининг ҳанузгача татбиқ этилаётгани сабаб президент ички ишлар органлари билан, қандай хоҳласа шундай иш тутиши мумкин".

Унинг давом эттиришича, "қонун жорий этилганда, милиция ходимлари ҳам ўз вазифаларини тушунган бўлишарди".

Журналистга кўра, милиция ходимларининг ваколатларию-хизмат вазифалари Шўролар даврига қараганда янада кенгайтирилган.

"Улар аслида мамлакатнинг иқтисодий ҳаётига зўрлик билан кириб олишмоқда. Улар мамлакатнинг молия захиралари бошқарувида катта ваколатларни кўлга киритишмоқда. Ўз пайтида ҳуқуқ-тартибот органлари ташкил қилингаларида, уларнинг асосий мақсади жиноятчиликка, хусусан ашаддий жиноятларга қарши кураш деб кўрсатилган эди. Бизда эса ҳозирда милиция сиёсий таъқибларни амалга ошираяпти. Милиция ходимлари тадбиркорлик билан шуғулланишмоқда. Ҳар қандай милициячи давлат ва қонунга ҳизмат қилишини унутиб, ўз касбини даромад олиш манбаъига айлантирган".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02