Ўзбекистон мустақиллиги: Ким эдигу ким бўлдик...

  • 1 Сентябр 2014
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Ким эдигу ким бўлдик" шиори ким учун мўлжалланган?

Бу сўзларни Ўзбекистон расмийлари икки йилдан бери такрорлашар экан, улар кимни назарда тутишмоқда?

Шўролар даврида ташқи ишлар вазирлигида хизмат қилган собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевга кўра, мустақиллик кўпчиликка қашшоқликни олиб келди.

У ҳар гал ўз қишлоғига борганида ҳамқишлоқ ва қариндошларининг турмуши олдингига қараганда оғирлашаётганини сезган. "Аҳвол 1995-йилга солиштирганда 2000-йилларда, 2000-йилга солиштирганда 2005-йилда ёмон томонга ўзгарган".

Лекин шу билан бирга мустақиллик чегараларни очиб ташлаб, аксар одамлар учун янги-янги имкониятларни барпо этди.

Одамлар иқтисодий қийинчиликлар ва тўсиқларга қарамасдан, ўз бизнесларини йўлга қўйишга интилдилар, улар бугун ҳам тадбиркорлик шароитларини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Бу йилларда баъзиларнинг бойиб кетишларига имконият пайдо бўлди.

Бугунга келиб эса мамлакат ичидаги кузатувчилар куч тизимларининг бизнес доиралари билан чатишиб кетгани ҳақида сўзлайдилар.

Тошпўлат Йўлдошев ушбу жиноий чатишишдан, бу кўринишнинг халқ ва жамият учун, мамлакат келажаги учун хатар эканидан огоҳлантиради.

"Бизда давлат амалдорлари бизнесмен бўлиб кетди. Улар ҳеч ким эди, бой одам бўлди, юқори ижтимоий мақомга эга бўлишди".

Айрим кузатувчилар назарида Ислом Каримов ўзини тарихда соҳибқирон Амир Темурдек эслашларини истайди ва бу параллел бежиз эмас.

Ўрта асрлар ҳукмдори бир томондан қаттиққўл, иккинчи тарафдан бунёдкор бўлган.

Ислом Каримов ҳам қаттиққўл сиёсатчи, лекин Ўзбекистон учун кўпдан-кўп имкониятларни яратиб, мамлакатни халқаро саҳнага олиб чиққан арбоб сифатида тарихда қолиш ҳақида ўйлаши мумкин.

У бошқараётган давлат ўзини демократик мамлакат деб эълон қилар экан, "ким бўлгани учун" бир неча президентлик сайловида овоз берган Ўзбек халқидан у миннатдор бўлиши керакми?

Тошпўлат Йўлдошевга кўра, "Каримовнинг халққа нисбатан ҳурмати йўқ! Аксинча, халқни қўрқитиб, ҳаттоки бойишига имконият бермасдан, хору-зор қилиб, қўлини чўзиб, ҳукуматдан ёрдам сўраб туришини истайди".

Бу мавзуда батафсилроқ