Олий ўқув юрти талабаси уст-боши назорат қилиниши керакми?

"Ижтимоий минбар" рукнимиздаги мавзуга Facebook ижтимоий тармоғида айтилган фикр туртки берганди.

Фойдаланувчилардан бири Тошкентдаги ўқув юртларидан бирида эрта билан маъмурият вакиллари ва домлалар эшик тагида талабаларнинг уст-бошини биттама-битта текшириб, шундан кейингина ичкарига киритишаётгани ҳақида ёзган.

Айтилишича, айни текширув жараёни учун эрталаб анчагина вақт кетиб, талабалар дарсларга кечикиб киришмоқда. Бунинг устига, уларнинг уст-бошлари талабга жавоб бермаса, ҳатто ортга қайтариб юборилаётган ҳолатлар бор.

Унинг айтишича, ўқув юрти маъмурияти талабалардан худди мактаблардаги каби муайян форма кийишни талаб қилмоқдалар.

Бугунги кунда бу форма оқ ёки оч рангдаги кўйлак ва тиззадан у қадар юқори бўлмаган тўқ рангдаги юбкадан иборат бўлиши керак экан.

Бу борада мухлисларимиз орасида анчайин қизғин баҳс рўй берган.

"Одноклассники" да Адам Колонел номи остида қолдирилган фикр:

"Олий ўқув юрти талабалари учун маълум бир меъёрдаги кийиниш жорий этиш керак. Чунки бу таълим муассасаларида турли-туман кийиниб юриш бизнинг менталитетимизга тўғри келмайди! Қизларнинг ярми очиқ ёки тор кийим кийиб юриши бизнинг миллатимизга ҳурматсизлик эмасми? Ёки бўлмаса ўғил болалар кийиб юрадиган шунақанги кийимлар борки, кийим дейишга тил ҳижолат! Албатта талабалар учун кийиниш меъёрлари бўлиши керак".

Би-би-си Адам Колонелга, ташқи кўринишга эмас, билимга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқроқ эмасми, деган саволни берди.

Унинг жавоби қуйидагича: "билимга эътибор бериш шарт! Лекин ташқи кўринишга ҳам эътибор керак. Чунки ҳамма талабалаа ҳам одоб-аҳлоқ доирасида кийинмайди. Бу эса атрофдагиларга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди".

Facebookда қолдирилган фикрлардан:

Камола Жўраева: "Форма олийгоҳ обрўсини акс эттирмайди. Олийгоҳ обрўси у ерда қандай талабалар ўқиётгани ва уларда мужассам ҳислатлардир. Бу ҳислатлар эса фаоллик, мақсадга интилувчанлик кабилардир. Устки кийим деб, талабанинг дарсга кеч қолиши салбий ҳолат. У билим олиш учун келган-ку, форма эса бунинг йўлида тўсиқ бўлиши керак эмас".

Санжар Исабоев: "Менимча олийгоҳларга аҳмоқ одамлар кирмайди ва масалан, ҳуқуқшунослик олийгоҳига ҳеч ким спорт кийимида келмаса керак? Лекин биз форма деб, нечта дарсга киритилмаганмиз! Бу каби тарбиявий усулни "кейин ўзларинг раҳмат дейсанлар" дея оқлашга ҳам уринишган. Хорижда бир мунча муддат таҳсил олган ва эркин кийиниш нима эканлигини билган шахс сифатида шуни айта оламанки, ўзинг хоҳлаган кийимни кия олсанг, ўзингни яхшироқ ҳис қиласан ва берилаётган маълумотни ҳам яхшироқ қабул қиласан".

Амина Маҳмудова: "Форма масаласи мураккаб. Бир томондан, форма тартиб-интизомни таъминлайди ва ижтимоий фарқларни камайтиради. Лекин асосан мактабда. Олийгоҳларга келсак, қатъий формага эҳтиёж йўқ. Талаба ўқувчи эмас. Агарда унга мактабда тартиб-интизомни ўргатган бўлсалар олийгоҳдаги форма ҳеч нимани ўзгартира олмайди. Менинг фикримча, олийгоҳларда фақатгина саранжом ва ранг билан бичимда мўътадил уст-бошни талаб қилиш кифоядир".

Зиёда Бону: "Олий ўқув юрти талабасидан, менинг фикримча, аниқ форма кийишни талаб қилиш жуда ҳам нотўғри. БУ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚЛАРИГА ДАХЛ ҚИЛИШ. Олий ўқув юртига қадам қўйган талабанинг ўзига яраша кийиниш маданияти ва диди етарлича шаклланган бўлади. Улар қайси жойга қандай кийимда боришни жуда ҳам яхши билишади..."

Шухрат Ғофуров: "Форма эмас, таълим-тарбиянинг яхшироқ тизимини таъминлаш лозим".

Жавдат Хабибуллин: "Ана шу инкубатор тизимини жуда ёмон кўраман. Ким ўйлаб чиққан буни? Яхшиям талаблик йилларим ортда қолди".

Ирода Ёқубхўжаева: "Менимча бу мутлақо беъманилик. Тўғри, бизларда баъзилар дуч келган нарсани устларига кийишни одат қилганлар. Дидсизлик одамнинг жиғига тегади, албатта. Бу каби ҳолларда фақатгина умумий йўналиш бериш билангина чекланиш мумкин. Масалан, классик бичимдаги кийимда ёки босиқ рангдаги уст-бошда келинсин, деб. Лекин эрталабдан қатор туриб, ҳар бир талабанинг уст-бошини текшириш кимга керак?. Проректорлар билан деканларнинг бошқа қиладиган иши йўқми?".

Аббос Хожимуҳаммаднинг анчайин аччиқ сўзлар билан қолдирилган фикрини сўзма-сўз келтириб ўтирмаймиз. Лекин умумий моҳияти шуки, формани тадбиқ қилаётганлар бу нарсага диққатлироқ бўлишлари керак. Бошқа томондан эса, унга кўра, талабалар "бечоралар аристон эмас-ку бир қолипга солгани".

Динара Хабибулина: "Олийгоҳда форма бўлиши керак. Лекин классик усулда ва босиқ рангда, дея айтишнинг ўзи кифоя. Лекин талабларни ўта ошириб юбориш керак эмас. Эшитишимча, баъзи олийгоҳларда қизлар юбкасининг бичимидан тортиб, галстукнинг рангигача назорат қилар эканлар. Бу аҳмоқгарчилик. Ёшларимизга ўзликларини намойиш этиш учун имкон қолдириш керак-ку ахир".

Дилбар Файзиева: "Талаблар ёш бола эмас. Уларга танлов эркинлиги ва ривожланишлари учун фаолият эркинлиги таъминланиши керак. Форма эса ривожланишга ҳеч қайси йўлда ёрдам бермайди".

Бобур Собитов: "Майли дид билан кийинишсин, лекин очиқ-сочиқ эмас. Акс ҳолда ёнингда бир қиз ўтириб қолса, тамом, сен учун дарс тугайди..."

Феруз Каримов: "Менга бир ўқитувчим шундай деган эди: "менга қолса, қўй жунидан пўстин кийиб кел, аммо билиминг бўлсин". Биринчи ўринда берилаётган ва олинаётган билим савиясига эътибор бериш лозим!"

Отабек Қосимов: "Бизнинг институтда ажойиб менталитет бор. Жинси кийиб келсанг - "отбоқарнинг кийими мумкин эмас". Соқолингиз ўсган бўлса, "домлаларга нисбатан ҳурматсизлик" эмиш. Кўп домлалар билан тортишаман, "ҳурмат тилда эмас, дилда бўлади" деб. Афсус бу менга қимматга тушади..."

Муслимбек Худойбердиев: "Олий ўқув юртига кирганлар ҳаммаси шу ёшгача аллақачон тарбияланиб бўлишган. Айтмоқчиманки, талабаларни форма орқали тарбиялашга уриниш ортиқча. Бундан ташқари, талаба ёшидаги авлод бутунлай мустақил шахс ҳисобланиши керак. Уларга айрим соҳаларда бутунлай эркинлик берилиши лозим. Талабалик бу олий маълумотни фақатгина китоб ўқиш орқали олиш дегани эмас, балки ҳақиқий ҳаётдан ҳам сабоқ олиш деганидир. Талабалар ҳақиқий ҳаётни, паст-баландни ва керак бўлса бой-камбағални кўриши керак. Эътибор берганмисиз, фақат китоб ўқиб, ёки уйдан чиқмай улғайган болалар вояга етиб, мустақил бўлганларида "шок" босқичига тушиб қоладилар. Фикримча, талабаларга форманинг фойдасидан кўра, зиёни кўпроқдир".

Баҳодир Бобоев: "Форма бу яхши. Инсон шу форма билан яхши томонга ўзгаради ва ҳис қилади. Жамиятда табақаланиш жараёни кузатилмайди".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ