Kabul Dreams ўзбекча куйламоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Сулаймон Қардош - илк афғон рок гуруҳи Kabul Dreams солисти

Сулаймон Қардош - Кобулда туғилган, Тошкентда улғайган ва бугун АҚШ бозорига кириш учун Сан Францискода ижод қилаётган ёш ўзбек санъактори.

Сулаймон Қардош ёшлигидан Тошкентда ўрганган рок мусиқасини Кобулда синаб кўришни орзу қилган.

Толибон қулатилгач, у ватанига қайтиб Kabul Dreams гуруҳини тузди. Афғонистон учун ғайриодатий бўлган айни даста тезда дунёга танилди.

Гуруҳ ҳозир АҚШ бозорида ўз ўрнини топиш ниятида Сан Францискога келиб, ижод қилмоқда.

Инглиз ва форс тилларида куйлаган Kabul Dreams келаси йили ўзбек тилидаги ашулаларидан бирини ҳам мухлисларига тақдим этмоқчи.

Сулаймон Қардош Би-би-си Ўзбек Хизмати радиотингловчилари ва bbcuzbek.com вебсаҳифаси ўқувчилари саволларига жавоб берди.

Би-би-си: Нилу Рашидова исмли тингловчимиз бир нечта савол йўллаган. Хусусан, кўпчилик Афғонистонни қолоқ давлат, деб билади. Сизнинг рок мусиқангизни у ерда қандай қабул қилишгани ҳақида ҳам сўрайди.

Сулаймон Қардош: Бошланишида озгина қийин бўлган. Аслида, рок мусиқаси 1950-йиллари АҚШ ёки Британияда ҳам қабул қилинмаган. Ҳар бир янгилик ўзига яраша қаршиликка учрайди. Мен рок мусиқасини Ўзбекистонда ўрганганман. Аммо у ерда ҳам рок ҳали у қадар урф бўлмаган. Чунки ҳар бир мамлакатнинг ўз оммабоп санъати бўлади. Поп билан эса рақобатлашиш қийин. Бизда, кичикроқ бўлса ҳам, Кобулда ўз мухлисларимиз бор. Ҳартугул, ҳозирги технология ва интернет даврида ўзингни танитиш имкониятлари катта.

Би-би-си: Сиз ўзбек, форс, рус ва инглиз тилларида равон гаплаша оласиз. Россиядан Жонибек ҳамда Жамшид Йўлчи каби тингловчиларимиз ўзбек тилида ҳам ашула айтганмисиз, деб сўрашган. Афғонистондан Холид Сайид бироз хафа бўлиб, нега Сулаймон ўз она тили - ўзбекчада қўшиқ куйламайди, деб ёзган.

Сулаймон Қардош: Ўзбек тилида иккита ашула айтганмиз. Лекин уларни ҳали студияда ёзганимиз йўқ. Гуруҳимизда яна иккита ҳамкорим бор ва уларнинг шароитига ҳам қараймиз. Кейинги йили битта ўзбекча ашуламиз бўлади, албатта.

Би-би-си: Бошқа мамлакатлардан мухлисларингиз хат ёзишган. Сочидан Жонибек Россияда концерт берасизми, деб сўрайди. Тошкентдан Сирож эса қачон Ўзбекистонда концерт беришингиз мумкин, деб савол юборган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Сулаймон Қардош: Ўзбекистонда концерт бериш мумкин эди бошида... Аммо ҳар бир давлатда концерт бериш учун ҳамкорлик керак. У томонда ҳам қизиқиш лозим, ташкилотчилар керак. Ҳозир биз АҚШдаги бозорда ўз жойимизни топишга интилаяпмиз. Бу ердан энди у ёққа бориш ниятимиз бор. Лекин Россия борасида бирон аниқ ваъда беролмайман. Чунки бир сафарги саъй-ҳаракатимиз анча чўзилиб кетганди. У ерда бизга катта қизиқиш борлиги аломати ҳам йўқ.

Би-би-си: Бремендан Ҳулкар Норқобилова нега оммабоп поп мусиқасини эмас, балки рок йўналишини танлагансиз, деб сўрайди.

Сулаймон Қардош: Мен Тошкентда рок мусиқасини эшитиб катта бўлганман. У ерда мусиқа мактабида ҳам ўқидим. Ўз ҳаётимда бўлган нарсаларни рокка боғлай олганман, қандайдир, бу мусиқани тушуна олганман. Тўғри, рок мусиқаси билан биз тўйга боролмаймиз ёки бойиб кета олмаймиз. Лекин Kabul Dreams гуруҳини тузганда, биз тўйга бориш ё бойиб кетишни мақсад қилмагандик.

Би-би-си: Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан Одилжон Махдумий нега ўзбек мумтоз санъатини танламасдан, рок йўлидан кетганингизни билишни истайди.

Сулаймон Қардош: Мен Тошкентда ўзбек маҳалласида улғайганман ва шу боис ўзбек мумтоз санъатига жуда қизиқаман. Мумтоз санъат ўзгача мактаб ва унинг ҳадисини олиш учун ҳам узоқ йиллар керак бўлади. Ўзбек мумтоз санъати йўлида ижод қилишим учун кўп нарсани ўрганишим керак.

"УСТОЗИМ - ТУРҒУН АЛИМАТОВ"

Би-би-си: Қайси ўзбек санъаткорларини ёқтирасиз?

Сулаймон Қардош: Ўз йўналишим ҳақида гапирсам, Ўзбекистонда ҳам ижодини рокка бағишлаган санъаткорлар кўп эмас. Агар ўзбек поп мусиқаси ҳақида сўз юритсак, Жаҳонгир Отажонов ёқади. Мен уни тинглаб улғайдим. Унинг йўналиши, овози ва мактаби ёқади. Жаҳонгир жонли ижро қилади. Рок йўналишида ҳам фақат жонли ижро лозим. Ҳеч қачон рокда фонограмма ишлата олмайсиз. Аммо менга ёқадиган санъаткор бу - Турғун Алиматов. У кишини ўзимга устоз, деб биламан. Тўғри, менинг рок йўналишимга у кишининг яқинлиги йўқ. Лекин мухлис сифатида бу санъаткорни севиб тинглайман.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистонда, яъни тўй қўшиқлари, поп, фольклор ва мумтоз санъат ичида катта бўлгансиз. Қандай қилиб рокка ошно бўлдингиз?

Сулаймон Қардош: Тошкентда бир ўртоғим "Нирвана" гуруҳи альбомини берганди. Ўшанда ҳамма нарсага қизиқувчан ўспирин эдим. Мен у мусиқани тинглаб, қандайдир ўз ҳаётимга боғлай олдим. Лекин ўзим барча йўналишдаги мусиқани тинглайман.

Би-би-си: Абдул Ваҳид Озод мусиқий билимингиз ва таълимингиз ҳақида билишни истайди.

Сулаймон Қардош: Тошкентда Юнусободдаги болалар мусиқа мактабини битирдим. Ўзи мусиқага кириб келишим қизиқ бўлган. Бошида ота-онам мени пианино ўрганишга беришди, уни ташлаб, доирага ўтдим. Кейин бироз скрипкани синаб кўрдим. Энг охирида ўзим гитарага ишқим тушиб, мактабга келсам, мени қабул қилишни исташмаган. Ўшанда Саида-опа исмли муаллима "Сулаймон, сен ҳеч нарса билан жиддий шуғулланмайсан. Гитарани ҳам ташлаб юборсанг керак" деганди. Кейин Афғонистонга қайтгач, Кобул университетида бизнес соҳаси бўйича ўқидим.

Би-би-си: Басир Муқимий исмли ўқувчимиз эса афғон мусиқаси ҳақида фикрингизни билмоқчи.

Сулаймон Қардош: Афғонистон мусиқаси ҳам худди Ўзбекистон мусиқаси каби ёшлигимдан ҳаётимнинг бир қисми бўлиб келган. Уларни четлаб ўтолмайсиз. Эсимда, болалик чоғларим акаларим уйда афғон ашулаларини тинглашарди. Ҳозир ҳам бизнинг гуруҳимизга афғон ва ўзбек мусиқалари таъсири катта. Тўғри, рок мусиқаси билан шуғулланамиз, аммо мусиқачи сифатида ўз камчиликларимизни кўриш ва тузатиш учун Афғонистон ва Ўзбекистон мусиқаси ёрдам беради.

ҚУРЪОН ВА РОК

Би-би-си: Ҳозирги рок санъатингизга афғон ё ўзбек мусиқаси жиҳатларини уйғунлаштириш ниятингиз борми ёки у ё бу мусиқани бузиб қўйиш мумкин, деб ўйлайсизми?

Сулаймон Қардош: Умуман бузади, деб ўйламайман. Яқинда "Шаҳоб" номли форсча ашуламизга афғон рубобини уйғунлаштиришга интилдик. Биз афғон рубоби ё танбурдан фойдаланишни истаймиз. Аммо уни боғлай олишимиз, муваффақиятли қўллашимиз муҳим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Сулаймон (ўртада) Ўзбекистонда, Сиддиқ Покистонда, Мужтабо Эронда улғайишган.

Би-би-си: Қатор ўқувчиларимиз сизнинг рок йўналишида ашула айтишингизга қарши фикр билдиришган. Амир Турон исмли ўқувчимиз рок ва рэп шайтон ва унинг аскарлари иши, деб ёзади. Нима дейсиз?

Сулаймон Қардош: Қуръонда рок ё рэп тақиқланган жойни ўқимаганман. Ҳамманинг ўз фикри бор, албатта. Биз эса Афғонистон Исломий Республикасидан чиққан гуруҳ сифатида қилаётган ҳар бир ишимиз учун жавоб берамиз. Бу дўстимизнинг фикри ўзида қолсин. Мен ҳар бир одамнинг фикрини ҳурмат қиламан. Лекин агар бирон фактга асосланиб гапирсак, жудаям яхши бўлади.

Би-би-си: Рок гуруҳи тузиб, Афғонистондаги Толибон каби гуруҳларни ғазабга солишдан қўрқмайсизми, деган саволлар ҳам бор.

Сулаймон Қардош: Аллақачон, уларни ғазабга солиб бўлганмиз... Лекин эртами ё кечми бундай ишларни бошлаш керак эди. Биз ҳамма нарсани билиб, бу ишга киришдик. Гуруҳнинг уч аъзоси бир-биримизга ишонамиз. Тўғри, таҳдидлар бўлганда бир-икки ой радио ё телевидение орқали чиқиш қилмасдик. Ҳаётингизни шунга боғлагандан кейин, орқага қайта олмайсиз.

"ҚАЗИНИ СОҒИНДИМ"

Би-би-си: Сулаймон, Kabul Dreams рок гуруҳи сизнинг ташаббусингиз билан тузилган. Бу ғоя қаердан келган, дастадошларни қандай топгансиз?

Сулаймон Қардош: Дастадошларни олдиндан танимаганман. Аммо Тошкентда мактабда ўқиб юрган кезларим албатта бир кун келиб ватанга қайтишимни билардим. Ўшанда Афғонистонга борсам, рок гуруҳи тузаман ва бу мусиқани ватанимдаги тенгқурларимга таништираман, деб орзу қилардим. Кобулга келгач, дўстларим орқали Покистонда катта бўлиб қайтган Сиддиқ ва Эронда улғайиб қайтган Мужтабо билан танишдик. Улар ҳам муҳожиротда мусиқий таълим олишган экан. Шу боис тезда чиқишиб кетдик ва дастани туздик. Ҳозир гуруҳимиз АҚШга келган. Ният - бу ерда ҳам ўзимизни синаб кўриш.

Би-би-си: Мана ҳозир Сан Францискода ижод қилаяпсиз. Олдинроқ Кобул ва Тошкентда яшагансиз. Қайси шаҳар юрагингизга яқин ёки кўпроқ соғинасиз?

Сулаймон Қардош: Кобулни кўп соғинаман. Ўзим Кобулда туғилганман ва бу шаҳар менга кўп нарсани ўргатган. Тошкентни жуда соғинаман. Чунки болалигим шу шаҳарда ўтди ва ҳақиқий дўстлар орттирганман. Биласизки, болаликдаги дўстлар манфаатпараст бўлишмайди. Яъни улар бирон нарсага асосланиб, сиз билан дўстлашишмайди-да. Мен йилида бир марта бўлсаям, Тошкентга бориб, дўстларим билан кўришишга интиламан. Кобулда эса ота-онам ва университетдаги дўстларим яшашади. Шу учун Кобул кўпроқ ўзига тортади. АҚШда ўз таомларимизни қўмсайман. Бир амаллаб иккита ўзбек ресторани дарагини эшитиб, топиб бордим. Биттаси ёпилиб кетган экан. Иккинчиси эса афғон ресторани бўлиб чиқди. У ерда афғон булонийсидан едим. (Таҳр: Булоний - ичига қийма солиниб, қовуриладиган чебурек каби хамирли таом) Аммо мен у ерга булоний эмас, сомса ейиш учун боргандим. Қази истаб, Ўзбекистондаги дўстларимдан қази жўнатишни сўрадим. Аммо гўшт маҳсулотларини АҚШга киритишмаскан. Тошкент қазисини ҳам жуда соғинганман.

Бу мавзуда батафсилроқ