Ҳар бир эронликнинг уйидаги китоб ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи THINKSTOCK

14 асрда яшаб, ижод қилган Ҳофиз Шерозий китобларини деярли ҳар бир эронликнинг уйидаги жавонидан топа оласиз. Ўлимидан 600 йил ўтиб унинг шеърияти ҳамон эронликларнинг ўзликларини ифода этувчи тимсолдир.

Эронликларнинг айтишларича, ҳар бир уйда албатта икки китобни топасиз - бири Қуръони Карим, иккинчиси Ҳофиз ғазаллари. Лекин, бири ўқилмайди, иккинчиси муттасил мутолаа қилинади.

Бу истеҳзони тушуниш учун ҳар йили Ҳофиз мақбарасини зиёрат қилуви миллионлаб эронликларга қўшилиш керак.

Мақбарадаги муҳит кўтаринки руҳ, хурсандчилик ва осойишталикдан иборат.

Атиргул чамани ора, норинж дарахтлар ва ариғу шаршалар узра мақбарадаги тошга ўрнатилган оппоқ қабрни зиёратчилар силаб, шеърларини ибодат қилгандек, ёддан пичирлаб ўқишади. Унинг сўзлари жилосига ғарқ бўладилар.

Ҳофиз эронликлар учун ўзликларининг мураккаб хосликларини акс эттира олган шоирдир. У томонидан ўта моҳирона қўлланган истиоралар эронийларни бирлаштирувчи омилдир.

Лекин Ҳофиз мақбарасидан қадам узилмаслигининг яна бир сабаби бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ALAMY

Бугунги Эронда мавжуд қудратга мухолиф фикрни изҳор этиш ўта мушкул вазифа.

Мамлакатни бошқариб келаётган руҳонийлар элитаси қудратни ўз қўлларида жуда маҳкам ушлайдилар.

Улар инқилобий оҳангларда гапирадилар, лекин мухолифатни бўғадилар.

Президент Ҳасан Руҳонийнинг жилмайиб тушган суратлари хорижда Эроннинг янги сиймоси рамзи бўлса ҳам, мамлакат ичкарисида тазйиқлар ва қатллар ҳар қачонгидан ҳам кўпайган.

Лекин мухолиф фикрни яширин йўлда ҳам изҳор қилиш мумкин. Ҳофиз туфайли Шероз Эрондаги энг либерал шаҳарлардан биридир.

Аёлларнинг уст-бошларига қаранг. Ана шунинг ўзи шаҳардаги фазони ўзгача тақдим қилаётган қирралардан биридир.

Эронда аёлларнинг бошдан-оёқ чодирга ўранишлари талаб қилинади. Шерозда эса Эрон одатлари бўйича уларнинг уст-бошлари қабул қилиб бўлинмас даражада эркиндир.

Бошларидаги рўмоллари ранго-ранг ва сочларини деярли ёпмайди, улар бошларининг орқа томонида номигагина осилиб туради.

Ёш қизлар эса тор шим устидан, ундан-да торроқ палточаларни кийиб, кимники калтароқ бўлишида мусобақалашаётгандек.

Уларнинг уст бошлари қонун-қоидаларда талаб қилинганидек аёл киши баданининг пасту-баландликларини яшириш эмас, аксинча бўрттириш учун хизмат қилаётгандек. Кўчаларда хушчақчақлик билан суҳбатлашиб турган йигиту-қизларни учратасиз.

Бу бўйсунмас Эрон. Бошқарувдагилар ўз аҳолиси устидан ўрнатмоқчи бўлган диний консерватизмдан бош тортиш рамзи.

Шу ўртада машҳур бир актёр ҳам Ҳофизга ўз ҳурматини изҳор қилиш учун етиб келади. Уни Ҳолливудда бўлганидек қий-чувлар билан ўраб олишади.

Қуёш ботиб, мақбара атрофидаги чироқлар ёнар экан атрофдаги муҳит янада қизғинлашади. Зиёратчилар қўшиқ айтиб, Ҳофиз шеърларини баралла ўқий бошлайдилар.

Болалар оёқларини ҳовузларга осилтириб, ҳазил-ҳанда қилиб, ота-оналарининг кўнгихушлигидан маст бўлгандеклар.

Бу манзара Эрондаги қарама-қаршиликларни яшираётгандек... Лекин муллаларнинг ҳамма учун мажбур таълим сиёсатига кўра, мамлакатда жуда қизиқарли ўзгаришлар юз бермоқда.

Охирги йилларда олийгоҳларни йигитларга кўра кўпроқ қизлар битириб чиқмоқдалар.

Туғилиш даражаси кескин тушиб, оилалар кўпда бир фарзандли бўлиб бормоқда.

Раҳбарият ҳатто кўпроқ фарзанд кўрганлар учун рағбатларни эълон қила бошлади.

Лекин кўплар фарзанд ўстириш жуда қимматга тушаётганлигини айтиб, рағбатлардан воз кечмоқда.

Ғарб Эрон томонидан уранни бойитиш сиёсати борасида ташвишланишда давом этар экан, ҳеч кимга сир эмаски ишбилармонлар ва раҳбариятдагилар жазо чораларидан фойдаланиб, ўзларини бойитиш билан оворалар.

Қўлимда нақд пул йўқлиги ва Эронда ғарбнинг кредит карточкалари тақиқлангани туфайли, гилам олишда қийналиб, бошимни қашлаб турган вақтим тужжор-гиламчи шундоққина Дубайга телефон қилиб, пул ўтказмаси "мушкулимни ҳал қилди" қўйди.

Муллалар бахтига қарши Ҳофиз нафақат муҳаббат ва май ҳақида куйлабгина қолмай, ўз шеъриятида диний иккиюзламачиликни ҳам нишонга олган.

"Намоз ва меҳробга содиқликларини тарғиб қилган ваъзхонлар танҳо қолганда ўзгача йўл тутадилар", деб ёзганди Ҳофиз бундан 600 йил аввал.

Эронда кўп нарсалар тақиқланган, жумладан Би-би-си ҳам. Лекин Би-би-сининг телевизион канали мамлакатда энг кўп томоша қилинадиган канал. Facebook, Twitter, GooglePlus ва Instagram лар ҳам расман тақиқланган.

Президент Руҳоний Интернетга чекловларнинг камайтирилишига даъват қилмоқда. Лекин бу борада охирги сўзни мамлакат Олий диний раҳбари айтиши керак. У эса ҳозирча бундай қилишни истамаяпти.

Шунинг учун одамлар ўзларини Ҳофиз шеърияти билан овунтирадилар. Чунки ҳатто муллалар миллий шоирни тақиқлай олмайдилар.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ