BBC Trending: Исломий Давлат байроғини кўтариш жиноятми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Лондон полицияси шаҳарнинг энг кўзга кўринган рамзларидан бири бўлмиш Биг Бен яқинида ўзини "Исломий Давлат" дея атовчи жангари гуруҳнинг байроғига ўраниб олган одамни ҳибсга олмагани учун танқид қилинмоқда.

Бу киши Британия парламенти яқинида ИДнинг қора байроғига ўранган ҳолда кўринган. Унинг елкасида ўтирган қизча эса кичик ИД байроғини ҳилпиратаётганди.

Лондон полицияси мазкур шахсни тўхтатиб сўзлашгани, бироқ унинг амали ноқонуний бўлмагани учун ҳибсга олмаганини билдирди.

Полиция чиқарган баёнотда айтилишича, Исломий Давлат гуруҳига аъзолик ноқонуний бўлса-да, мустақил давлат барпо этилишига чақириш жиноят ҳисобланмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати Ижтимоий тармоқларда баҳсга таклиф қилиб, "Сизнингча, Исломий давлат жангари гуруҳининг байроғини кўтарган шахс ҳибсга олиниши керакмиди?" деган саволни ўртага ташлаганди.

Бектош Маҳмудов қолдирган фикрга кўра, "Британия билан АҚШ бош бўлиб Исломий Давлатни пайдо бўлишига сабабчи бўлди. Энди ўзларини иши натижасини кўтарган одамни ҳибсга олмайди-да".

Лекин Илёс Маркаев бу фикрга муносабат билдириб, ўзини Исломий Давлат дея атовчи гуруҳ ортида АҚШ турганлигининг исботи йўқлигини айтган.

Пулат Турон байроқ кўтарган шасхнинг ҳибсга олинмаганини демократия мавжудлиги далили сифатида кўрган. "Сал бўлса ҳам демократия бор экан!", дея изоҳ қолдирган у.

Rustambek'ogli Ulug'bek ҳам деярли шундай фикрда. "Давлатнинг қонунига кўра жиноят ҳисобланмаса асло ҳибсга олмаслик керак".

Лекин Khurshid Yuldoshevнинг ёзишича, "ИД тан олинган давлатми ёки йўқ бундан қатъи назар Британия учун душман томон саналади. Душман томон байроғини кўтариб юриш эса жиноят".

Guzal Kholmuhamadiyevnaнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳам ёшлар АҚШ байроғи рамз сифатида туширилган майкаларни кийиб юришади ва бу ҳам шунга ўхшаш мафкурани тарғиб қилиш амали билан баробардир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio