Euro 2016: Стадионма-стадион – мезбон Франция бўйлаб саёҳат

Футбол бўйича бу йилги Оврўпо чемпионати энг йириги сифатида ҳам тарихга киради.

Биринчилик доирасидаги 51 та учрашувга Франциянинг 10 шаҳри мезбонлик қилади.

Иштирокчи терма жамоаларга Бордо, Лилль, Лион ва Ниццадаги янги стадионлар ҳам илк бор ўз эшикларини очади.

Янгиларини қуриш ва Марселнинг “Велодром” стадиони каби тарихийларини қайта таъмирдан чиқариш эса, мезбон Францияга ўзиям қарийб 2 миллиард еврога тушган.

Ташкилотчиларга кўра, Франция 1998 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик имкониятидан тўлиғича фойдалана билмагани учун бу гал пулнинг бетига қараб ўтиришмаган.

BBC Sport бу йилги Оврўпо чемпионати давомида Англия, Шимолий Ирландия, Уэльс ва Ирландия Республикаси миллий терма жамоалари тўп суражак Франция стадионларини бор ўзига хосликларию ҳашамати билан диққатингизга ҳавола этади:

“Стад-де-Бордо” стадиони (Бордо):

Мюнхендаги машҳур “Альянц” ва Хитойдаги гўзаллиги ақлларни шоширган “Қуш уяси” стадионлари меъморларининг яна бир ажойиб ижод маҳсули. 2015 йилда фойдаланишга топширилган ва 42000 томошабинга мўлжалланган. Бу йилги Оврўпо чемпионатининг 5 та учрашувига мезбонлик қилади.

“Феликс Боллар” стадиони, Ланс:

Қурилганига қарийб бир аср бўлган. 1984 йилги Оврўпо ва 1998 йилги жаҳон чемпионатлари учрашувларига ҳам мезбонлик қилган. Аммо бу йилги Оврўпо чемпионати учун 70 миллион евро харжлаб, қайта таъмирдан чиқарилган. Худди шу боис ҳам ўтган футбол мавсумида умуман очилмаган. Жаъми 38000 ишқибозга мўлжалланган. Биринчиликнинг жаъми 4 та учрашувига мезбонлик қилади.

“Пьер Моруа” стадиони (Лилль):

2012 йилда ишга тушган. Замонавий меъморчиликнинг энг илғор намуналаридан бири. Франция собиқ Бош вазири ва Лилль ҳокимининг номи билан аталган. 50000 томошабинга мўлжалланган. Футболдан ташқари, регби, баскетбол ва теннис беллашувлари учун ҳам мўлжалланган. Ярим соатда томи очилиб, ёпиладиган услубда қурилган. Бу йилги Оврўпо чемпионатининг бир нимчорак ва бир чораги дохил жаъми 6 учрашувига мезбонлик қилади.

“Стад де Люмьер” стадиони, Лион:

Бу йилги Оврўпо чемпионатига мезбонлик қилажак стадионлар орасидан энг қимматга тушгани ва энг сўнггиси бўлиб фойдаланишга топширилгани саналади. Маҳкама жараёнлари туфайли қурилиш ишлари беш йилга кечикиб, ва ниҳоят 2013 йилда бошланган стадион шу йил январ ойида қуриб битказилган. Жаъми 59000 томошабинга мўлжалланган. Машҳур “Лион” жамоаси шахсан эгалик қилувчи Франциядаги биринчи йирик хусусий стадион бўлади. Бу йилги Оврўпо чемпионатининг ярим финал беллашуви дохил олти учрашувига мезбонлик қилади.

“Велодром” стадиони, Марсель:

Франциядаги энг кўҳна стадионлардан бири. 1937 йилда ишга тушган ва 1938 йилги жаҳон чемпионати учун қурилган. 1998 йилги жаҳон чемпионати учун қайта таъмирдан чиқарилиб, сиғими 67000 томошабин кетадиган қилиб кенгайтирилган. Стадионнинг ишқибозларни кучли шамоллардан пана қилиш баробарида кўркига кўрк қўшиб турган тўлқинсимон томи эса, ўзиям озмунча пулга тушмаган. Таъмирлаш ишларига жаъми 267 миллион евро кетаркан, бунча маблағ клуб раҳбарияти ва шаҳар кенгаши ўртасида анча-мунча зиддиятларга ҳам сабаб бўлган. Стадион бу йилги Оврўпо чемпионатининг жаъми 6 учрашувига мезбонлик қилади.

“Альянц Ривьера” стадиони, Ницца:

Ницца бу йилги Оврўпо чемпионати баҳона ўзининг эски “Дю Рей” стадиони ўрнига имконли бўлиб қолган янги стадиони бўлади. Дастлаб қурилиши 2002 йилга режаланган. 2006 йилга келиб, лойиҳаси ижроси яна ортга сурилган ва фақат 2011 йилга келибгина қурилиш ишларига киришилган. Ницца ғарбида ва шундоққина аэропорт биқинида жойлашган. 36000 ишқибозга мўлжалланган. Футбол баробарида, регби, теннис, мотоспорт ва ҳатто, концертлар ўтказишга ҳам мослашган. 2013 йилда очилган бу стадион биринчиликнинг тўрт учрашувига мезбонлик қилади. Ҳомийлик шартлари туфайли Оврўпо биринчилиги давомида оддийгина “дю Ницца” стадиони деб юритилади.

“Парк де Пренс” стадиони, Париж:

Сиғими жиҳатдан Франция пойтахтидаги бошқа стадионлар билан беллаша олмаса-да, энг кўҳналаридан бири экани билан мақтана олади. Стадион 1897 йилда ишга тушган. Орада уч маротаба қайта таъмирдан чиқарилган. Иккита жаҳон чемпионати ва иккита Оврўпо биринчилигига мезбонлик қилган. 1984 йилги Оврўпо чемпионатининг финал учрашувида мезбон Франция худди шу стадионда Испания мағлуб этиб, чемпион бўлган. 1903-1967 йилларда “Тур де Франс” велопойгасининг якуний босқичини қабул қилиб олган. Ҳозирги пайтда жаъми 48000 кишини ўз бағрига сиғдира олади. Бу йилги Оврўпо чемпионатининг жаъми 5 учрашуви худди ана шу стадионда бўлиб ўтади.

“Дю Франс” стадиони, Париж:

Франция мезбонлик қилган футбол бўйича 1998 йилги жаҳон чемпионати учун хосан қурилган биттаю битта янги стадион бўлади. Ўша йили чемпионатнинг 9 учрашувига мезбонлик қилган. Мезбон Франция Бразилияни 3:0 ҳисобида мағлуб этган финал учрашуви ҳам худди шу стадионда бўлиб ўтган. Франция миллий терма жамоаси ва регби иттифоқининг асосий майдони ҳисобланади. Франциядаги бу йилги Оврўпо чемпионатига мезбонлик қилувчи энг йирик ва бирор бир таъмирга эҳтиёж сезмаган биттаю битта стадиони бўлади. Ўтган йил ноябр ойида учта худкуш ҳужумчи ташқарисида ўз портловчи моддаларини портлатиб юборган стадион ҳам айнан “Дю Франс” бўлади. Ҳужум Франция ва Олмония халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказаётган бир пайтда юз беради. Франция Спорт ишлари бўйича вазири ўшанда ҳужумга кўрсатган оғир-босиқ муносабатлари учун стадион масъулларини олқишлайди. Аммо, шунда ҳам, чемпионат давомида бошқаларида бўлгани каби, “дю Франс”да ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилиш кутилмоқда. Мазкур стадион биринчиликнинг битта чорак ва финали дохил жаъми етти учрашувига мезбонлик қилади.

“Жоффруа Гишар” стадиони, Сент-Этьен:

Дастлаб бу йилги футбол бўйича Оврўпо чемпионати учун захира стадиони сифатида танланган. Аммо биринчиликнинг кўламини назарда тутиб, масъуллар ундан фойдаланиш га қарор қилишган. 1931 йилда ишга тушган стадион айнан бу йилги биринчилик баҳона яна қайта таъмирдан чиқарилган. Сиғими 35000 кишидан 42000 киши қадар кенгайтирилган. Бу йилги Оврўпо биринчилигининг жаъми 4 учрашувига мезбонлик қилади.

“Тулуза Муниципал стадиони”, Тулуза:

Бу йилги Оврўпо чемпионатига мезбонлик қилажак стадионлар орасидан энг кичиги. 1937 йилда ишга тушган. 1938 йилги жаҳон чемпионати учун қурилган ва ўша пайтда Лондоннинг “Уэмблей” стадионига ҳам қиёс берилган. Давлат молиявий харажатларини кўтармасликка қарор қиларкан, орада уни кенгайтириш режалари ҳам чиппакка чиққан. Бор-йўғи 33000 кишига мўлжалланган. 1984 йилги Оврўпо чемпионати ўйинларига мезбонлик қилиш шарафи насиб этмаган. Аммо 1998 йилги жаҳон чемпионатининг бир эмас, олти учрашувига ўз эшикларини очиб берган. Бу Ўриндиқлари ҳажмининг УЕФА меъёрларига мувофиқ келиши учун бу йилги Оврўпо биринчилиги олдидан сиғими 2000 кишига камайтирилган. Тулуза, бошқа томондан, футболдан кўра, регби клубларининг шуҳрати билан ном қозонган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.