Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Euro 2016 бошланмоқда, хавфсизлик чораларини кўринг

(Видеолавҳага шарҳ ўрнида: Шу кунларда бутун Франция бўйлаб юз минглаб полиция ва махсус хавфсизлик кучлари иштирокида аксилтеррор машқлари ҳам бўлиб ўтмоқда).

Мезбон Франция ва Руминия яна саноқли соатлардан сўнг фавқулодда хавфсизлик чоралари остида футбол бўйича бу йилги Оврўпо чемпионатини бошлаб беришади.

Биринчиликнинг икки рақиб миллий терма жамоа ўртасидаги илк учрашуви Париждаги Франциянинг миллий стадиони саналувчи “Stade de France”да бўлиб ўтади.

Таъкидлаш жоиз, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг ўтган йил ноябр ойидаги қонли ҳужумлари ортидан Францияда ҳанузгача шундоқ ҳам фавқулодда вазият ҳолати амал қилади.

Париждаги ушбу мувофиқлаштирилган ҳужумлар 130 инсоннинг умрига зомин бўлганди.

Футбол бўйича бу йилги Оврўпо чемпионати эса, Францияда хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар ҳануз аримаган бир манзарада очилмоқда.

Худди шу боис ҳам, биринчиликнинг хавфсизлигини таъминлаш учун 90000 дан ортиқ полиция ходимлари, ҳарбийлар ва хусусий қўриқчилар сафарбар этилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Келаси бир ой давомида чемпионат доирасидаги учрашувларни томоша қилиш учун Франциянинг 10 та мезбон шаҳрига етти миллион ишқибознинг ташриф буюриши кутилмоқда.

АҚШ ва Британия ҳукуматлари эса, аллақачон ўз фуқароларини бу каби саёҳат хавфидан огоҳлантириб ҳам чиқишган.

Аммо Оврўпо чемпионати ташкилотчилари бўлган УЕФА ва Франция ҳукуматининг ишонтиришича, жаъми 51 та учрашув давомида миллионлаб футбол мухлисларининг хавфсизлигини таъминлаш учун қўлларидан келган ҳамма ишни қилишади.

Хабарларга кўра, биргина пойтахт Парижнинг ўзидаги томошабинлар учун мўлжалланган иккита сатҳ ва яна шунча стадионга камида 13000 хавфсизлик кучлари сафарбар этилишади.

Улар фавқулодда ҳолатга оид қонун доирасида лозим, деб топган жойларида тинтув ўтказиш ва одамларни уй қамоғига олишга ҳақли бўлишади.

Пойтахт Париж полиция бошқармаси аксилтеррор бўлими собиқ раҳбари Ричард Уолтоннинг айтишича, “халқаро спорт беллашувлари тарихида бу йилги Оврўпо чемпионатидек жиддий хавотирга сабаб бўлгани кузатилмаган”.

Биргина Британиянинг ўзида ярим миллион ишқибознинг Францияга боришини назарда тутиб, британ ташқи ишлар вазирлиги махсус огоҳлик билан чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўз фуқароларини стадионлар, томошабинлар учун мўлжалланган сатҳлар ва жамоат транспорти эҳтимолий ҳужум нишони бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Пайшанба куни тунга яқин Марсель шаҳрида британиялик ишқибозлар ва маҳаллий ёшлар орасида муштлашув келиб чиққан, бунинг ортидан икки британ фуқароси ҳибсга ҳам олинган.

Бу йилги Оврўпо чемпионатига пойтахт Париждан ташқари, Бордо, Ланс, Лилль, Лион, Марсель, Ницца, Сент-Этьен ва Тулуза шаҳарлари ҳам мезбонлик қилишади.

Аммо мезбон Франция ҳукумати тўқнаш келиб турган муаммолар биргина хавфсизлик билан чекланмаган.

Бошқа томондан, ёмон об-ҳаво ва “Меҳнат тўғрисидаги” қонунни ислоҳ этиш юзасидан келиб чиққан давомий оммавий намойишлар ҳам уларнинг озмунча бошоғриқларига сабаб бўлмаган.

Дейлик, иш ташлашлар сабаб, бугун футбол ишқибозларининг “Stade de France” стадионига боришлари осон кечмаслиги мумкин экан.

Франция Президенти Франсуа Олланд эса, транспорт ходимларининг норозилик амалиётлари Оврўпо чемпионатига соя солмаслиги учун лозим барча чораларни кўришга ваъда берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Аммо бу иш ташлашлар, бугун ўнинчи кундирки, давом этмоқда.

“Air France” ширкати эса, ҳатто, эртага шанба куни ҳам норозилик амалиёти ўтказишни режалаган.

Ҳам яқинда юз берган сув тошқинлари ва ҳам оммавий намойишлар шаҳарларнинг тозалигига ҳам таъсир этмай қолмаган, йиғилиб қолган ахлатларни тозалашга эса, ҳалича деярли улгуришмаган.

УЕФАнинг билдиришича, иштирокчи 24 миллий терма жамоанинг барчаси Францияга етиб келган.

Испания кетма-кет учинчи бор Оврўпо чемпиони бўлишга кўз тиккан бўлса, амалдаги жаҳон чемпиони Олмония ва мезбон Франция ҳам бўш келмоқчи эмас.

Англия тўққизинчи бор бу орзусини рўёбга чиқариш истагида бўлса, Уэльс, Шимолий Ирландия, Албания, Исландия ва Словакия бу йил илк бор Оврўпо чемпионлиги учун курашиб кўришади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.