Euro 2016: Футболкалар йиртилиб кетмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Мезбон Франция-Швейцария учрашувида бир эмас, тўрт футболчи устидаги футболка йиртилиб кетаркан, уларни ишлаб чиқарган “Puma” ширкати энди нега бундай бўлгани сабабини ўрганмоқчи.

“Биз ўтган кеч илк бор каби каби вазият билан тўқнаш келдик. Яъни, ўйин давомида бизнинг маҳсулотимиз бўлган футболкалар йиртилиб кетди...Ҳозир мутахассисларимиз футболкалар тайёрланган матони текширишмоқда”, - деб баён қилган ширкат ўзининг бу хусусда чиқарган расмий баёнотида.

Нақ учрашув чоғида устларидаги футболкаларининг пора-пора бўлиши ширкатнинг ўзи қолиб, майдондаги ўйинчилару ҳакамни ҳам анчайин таажжубда қолдиргани шундоққина кўзга ташланиб турарди.

Франция мезбонлик қилаётган футбол бўйича бу йилги Оврўпо чемпионатида бешта иштирокчи миллий терма жамоанинг спорт уст-бошини “Puma” ширкати тайёрлаган.

Ширкатнинг таъкидлашича, бу жамоалар шу пайтгача жаъми ўнта учрашув ўтказишган бўлишса, Франция-Швейцариясига қадар бу каби муаммога тўқнаш келишмаган. Ҳаммаси жойида бўлган.

Буёғи ҳазил...

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Йиртиқ футболкалар ширкат, футболчилар ва ҳакамлар қолиб, бир зумда турли ижтимоий мулоқот тармоқларидаги ҳазил-ҳузулнинг ҳам бош мавзусига айланган.

“Твиттер”да, ҳатто, “Puma” маҳсулотлари устидан кулувчи махсус #trikotgate хэштеги ҳам пайдо бўлган.

Бу ҳазил-ҳузулга йиртилган футболкалардан “жабр кўрган” Швейцария миллий терма жамоаасининг айрим аъзолари ҳам қўшилишган.

“Йиртиқ футболкалар, дейсизми? Умид қиламанки, “Puma” презерватив ишлаб чиқармайди”, - дея юз берган ҳодисани кулгу остига олган Шердан Шакири.

Якшанба кунги учрашув эса, биргина дуранг ҳисобию йиртиқ футболкалар билан ёдда қолмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўйин чоғида футболкалар қолиб, машҳур “Адидас” ширкатининг дўкон нархи 105 фунт бўлган тўпи ҳам йиртилиб кетган.

Майдонда юз берган бу каби кутилмаган ҳодисага изоҳ бераркан, ширкат нуфузли британ нашри ҳисобланмиш “Гардиан”га, “ҳозирча бунинг сабабини билмасликлари, аммо тагига етиш ҳаракатида” эканликларини айтган.

Аммо бу каби ҳолат ўз маҳсулотлари билан камдан-кам юз беришини қўшимча қилишни ҳам унутмаган.

Чемпионат давом этади

Бугун амалдаги жаҳон ва Оврўпо чемпионлари тўп сураётган “С” ва “D” гуруҳи вакиллари ўзларининг якуний 3-тур учрашувларини ўтказишади.

Бу икки гуруҳдан фақат дастлабки икки учрашувини кетма-кет ғалаба билан бошлаган Испаниягина кейинги босқичга йўлланмани нақд қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Олмония эса, ҳисобидаги тўрт очко билан ўз гуруҳида пешқадамликни Польша билан бўлишиб турибди.

Учинчи ўринда бораётган Шимолий Ирландия ҳисобида 3 очко бор.

Ҳар икки учрашувини ҳам мағлубият билан якунлаган ва энг ўринда бораётган Туркия эса, кейинги босқичга чиқиш имкониятини деярли бой бериб бўлган.

“С” гуруҳи вакиллари:

Украина – Польша Шимолий Ирландия – Олмония учрашувлари британ вақти билан соат 17:00 га режаланган.

“D” гуруҳи вакиллари:

Чех Республикаси – Туркия Хорватия – Испания эса, британ вақти билан кечки соат 20:00 да бошланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.