Euro 2016: Нимчорак финалчилар маълум

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Чоршанба куни поёнига етган гуруҳ босқич саралаш беллашувлари ортидан футбол бўйича бу йилги Оврўпо чемпионатининг нимчорак финалида тўп сурувчи 16 миллий терма жамоанинг номи маълум бўлди.

Уларнинг орасида амалдаги жаҳон ва Оврўпо чемпионлари Олмония, Испания ва мезбон Франция ҳам бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Қитъа биринчилигининг кунда-шундалик иштирокчиси Италия ҳам гуруҳдан кейинги босқичга йўлланмани муддатидан илгари нақд қилган бўлса, юлдуз Криштиану Рональдунинг Португалияси фақат якуний тур учрашувлари ортидангина бу каби шарафга нойил бўлди.

Айнан Можаристонга қарши ана шу 3-тур учрашувида Криштианунинг ўзига ҳам омад кулиб боқди.

Жамоасининг бундан аввалги икки учрашувида рақиблари дарвозасини бирор марта забт этолмаган футболчи Можаристонга қарши чоршанба кунги ўйинда бир эмас, қўшалоқ тўп муаллифига айланди.

Португалия эса, айнан юлдузининг киритган ана шу тўплари ҳисобига нимчорак финалига чиқиш имкониятига эга бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Юлдузи Златан Иброҳимович бирор бир тўпсиз якунлаган гуруҳ босқич саралаш беллашувлари ортидан эса, Швеция бу йилги Оврўпо чемпионати билан хайрлашадиган бўлди.

2008 йилги Оврўпо чемпионатининг ярим финалчиси бўлган Россиянинг бошига ҳам худди шундай куй тушди.

Аммо бошқа бир юлдуз Роберт Левандовскийнинг Польшаси эса, бу йил ўз тарихида илк бор футбол бўйича Оврўпо биринчилигининг нимчорак финалида тўп сурадиган бўлди.

Бу-ку, майли, бу йилги Оврўпо чемпионатининг дебьютанти бўлган беш миллий терма жамоадан нақ тўрттаси: Словакия, Исландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия ҳам кейинги босқичга чиқди.

Нимчорак финал беллашувларини 25 июн куни Швейцария-Польша, Хорватия-Португалия ва Уэльс-Шимолий Ирландия бошлаб беришади.

Италия ва Испания учрашуви эса, нимчорак финал беллашувларининг энг эътиборли ўйинларидан бири бўлиши кутилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.