Euro 2016: Уэльс ярим финалчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Футбол бўйича бу йилги Оврўпо биринчилигининг дебьютанти Уэльс кимсан Бельгияни мағлуб этиб, ярим финалга чиққан иккинчи миллий терма жамоа бўлди.

ФИФА таснифида жаҳоннинг энг кучли иккита миллий терма жамоасидан биттаси бўлган Бельгия эса, ортга қайтадиган бўлди.

Ўзбекистонлик аксарият футбол ишқибозлари ва мутахассислари ҳам чемпионат арафасида Бельгияни ғолибликка даъвогар тўртта миллий терма жамоадан биттаси сифатида тилга олишганди.

Бундан аввал амалдаги Оврўпо чемпиони Испаниянинг бу йил нимчорак финалидан пастга қулаши катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Уэльсни гуруҳ босқич саралаш беллашувларида мағлуб этган Англия ҳам биринчиликнинг бошқа бир дебьютанти Исландиядан мағлубиятга учраб, чорак финалга чиқолмаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Жума кунги иккинчи чорак финал беллашувида ҳисобни Бельгия очди.

Аммо Уэльс 1-бўлимнинг ўзидаёқ ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

Учрашувнинг иккинчи бўлимида эса, Гарет Бейлнинг жамоаси номдор рақиблари дарвозасини яна икки бор аниқ нишонга олди.

Тўпларни жамоа сардори Эшли Уильямс, Робсон Кану ва Воукс ўз ҳисобларига ёзишди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бельгияда ҳам ҳисобни тенглаштиришнинг бир эмас, бир қанча имкониятлари бўлди. Аммо Уэльс ҳимояси панд бермади.

Айниқса, Ромелу Лукаку Уэльс дарвозаси қаршисида устма-уст хавфли вазиятлар пайдо қилишнинг уддасидан чиқди, аммо уринишлари бесамар кетди.

Бу - Уэльснинг ўз тарихида илк бор Оврўпо биринчилигининг ярим финалига чиқиши бўлади.

Миллий терма жамоа энди ярим финал учрашувида юлдуз Криштиану Рональдунинг Португалиясига қарши майдонга тушади.

Португалия футбол бўйича бу йилги Оврўпо чемпионатининг чорак финал беллашувларини бошлаб берган ва кеча пайшанба куни пенальтилар сериясида Польшани мағлуб этиб, ярим финалга илк йўлланмани қўлга киритганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу – Португалиянинг ўз тарихида бешинчи бор бу каби шарафга нойил бўлиши эса-да, жамоага ҳалича Оврўпо чемпиони бўлиб насиб этмаган.

Навбатдаги чорак финал учрашуви эртага 2 июл куни британ вақти билан 20:00 да бошланади.

Унда амалдаги жаҳон чемпиони Олмония Италияга қарши майдонга тушади.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.