Рақамли (digital) ташвишу хавотирлар оғушида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Independent
Image caption Танаффус керакми?

Замонавий дунёда, айниқса ривожланган ва жадал ривожланаётган мамлакатларда рақамли (digital) касалликлар ҳам пайдо бўлмоқда экан.

Балки бу рақамли касалликда бирор тана аъзоси оғримас, аммо хавотир ва безовталик ичида инсон қанча яшаши мумкин?

Яна ҳам тўғрироғи қанчага чидаш мумкин?

Ниҳоят, айни масала ва ё рақамли муаммолар ҳақида жиддий гапира бошланди.

Би-би-си мухбирларидан бири Алина Дизик ҳикояси ана шу рақамли хавотирлар, ташвишлар ва касалликлар ҳақида...

Девид Эриксон Long Beachдаги ўз уйини ташлаб, бир неча кун Панаманинг жанубий қирғоқларида дам олишга отланар экан, у смартфонидан ҳам базўр воз кечади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Дижитал касаллик?

У борадиган жойда Wi-Fi йўқ, смартфондаги интернет ҳам ишламайди, бу дегани ижтимоий тармоқлар ва ё электрон почта ҳам "сукутда"... Тасаввур қилинг, ҳатто телефон қилиш учун махсус бир жойга боришингиз керак, "антенна йўқ"...

"Телефоним...соатга айланиб қолади", дейди Эриксон.

Эриксоннинг ўзи рақамли селектор мажлислари уюштирувчи ширкат асосчисидир.

Тўрт кунлик таътилнинг биринчи кунида у безовта бўла бошлайди. Яқин атрофдан "антеннали" ёки интернет бор жойларни қидира бошлайди.

"Худди осмон узилиб бошимга тушаётган бўлаверади...Жинни бўлиб қолай дейди киши".

Аксарият учун бу таниш ташвиш, таниш туйғу...таъбир жоиз бўлса, таниш рақамли ташвиш, шундай эмасми?

Хавотирлар асри

Онлайн ёки интернетда вақт йўқотиш қанчалар осон ва самарасиз эканини биламиз.

Аммо айни муаммо тобора долзарблашиб бормоқда.

Одамлар ҳеч қачон ўз смартфонларига бу қадар "ёпишиб" қолишмаганди.

Deloitte ширкатининг 2016 тадқиқотларига кўра, Facebook дан фойдаланувчилар сони 1.86 миллиардга етган.

Интернетдан фойдаланувчиларнинг 24 фоизи Twitter, 29 фоизи LinkedInдан фойдаланади.

Аммо энг муҳими ҳар бир Facebook фойдаланувчиси кунига камида 50 дақиқа бу тармоқда "ўтиради".

Яна бир томони, Facebook ва ё бошқа ижтимоий тармоқлар сизни деярли барча ишингиздан чалғитишга қодир.

Касбингиз ва ё вазифангиздан қатъиназар!

Айниқса, оила, дўстлар билан учрашувларда...ёки кечки овқат пайти смартфонни муттасил ва ё танаффуслар билан текшириб тураверишни тасаввур қилинг.

Яъни, ўзингизни шу даврадан бироз узоқлаштиринг, бошқаларга қаранг, сабр билан кузатинг...Қўлингизда смартфон билан ... зиёфатда, учрашувда, дастурхон бошида нималар рўй бераётгани ва нималар ҳақида сўз бораётганини англаб етиш мумкинми?

Яна бир янги муаммо эса Facebook ва бошқа тармоқларни тарк этиш билан боғлиқ...

Стефан Ҳофман Бостон Университетида психология бўйича профессор ва унинг айтишича, Facebook ёки бошқа ижтимоий тармоқни тарк этишингиз билан сизда рақамли хавотир, ҳатто рақамли "восвос" бошланади.

Дарров ижтимоий тармоқларга қайтишни истайсиз.

Худди хумор тутаётган каби...бу каби кечинмалар эса сизни руҳан зўриқишга етаклайди.

Баҳридан кечсамми ё?..

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Баҳридан кечсамми ё?..

Бирданига барча ижтимоий тармоқлардан воз кечиш ҳам...ўрганган одам учун осон эмас.

Худди аввал "яшаб турган" дунёнгизда нималардир рўй бераётгандай, нималардир ўтиб кетаётган ва сиз "қуруқ" қолаётгандай бўлаверади.

Шунда ҳам бир неча кунга бўлса-да, рақамли дунёдан воз кечиб турган маъқулроқ экан.

Янги, аввал билмаган нарсаларингизни ўрганасиз, фойдали одатларга кўникасиз.

Масалан, уйга келдингизми, маълум бир вақтни белгиланг ва худди ўша вақтда ижтимоий тармоқларни тарк этинг.

Натижасини эса...ўзингиз кўрасиз!