Қозоғистонда 9 ўзбекистонлик ҳалок бўлган

Тез ёрдам Фото муаллифлик ҳуқуқи LADA.KZ

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида йўловчи автобуси ағдарилиб кетгани оқибатида 9 Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган, 18 киши жароҳатланган.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитасидан хабар қилишларича, икки қаватли Mercedes-Benz автобусида 52 киши бўлган.

50 йўловчи Ўзбекистон фуқароси, икки киши Қозоғистон фуқароси бўлган.

Автобус 22 июнь куни соат 10:20 да йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.

Интернетда йўл четида оёғи осмондан бўлиб ётган автобус тасвирга туширилган видео тарқалган.

Қозоғистон расмийлари хабар қилишларича, автобус Россиянинг Волгоград шаҳридан Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига бораётган бўлган.

Ақтўбе вилоятининг Айтекебий туманидаги Қорабутоқ посёлкасидан 20 километр узоқликдаги жойда автобус ҳалокатга учраган.

Аксар ўзбекистонликлар Россияда ишлаб пул топиш учун йўлга Қозоғистоннинг автомобиль йўллари орқали тушадилар.

Чўл ҳудудлари орқали ўтадиган юзлаб километр асфалт йўлларнинг сифати талабга жавоб бермаслигини Қозоқ расмийларининг ўзлари ҳам тан оладилар.

Йўл носозлиги ҳам кўплаб йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлади.

Бундан илгари ҳам ўзбекистонликлар ўтирган автоуловлар ҳалокати оқибатида инсонлар ҳалок бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02