Би-би-си меҳмони - Нурулло Мақсудов

Нурулло Мақсудов
Image caption Нурулло Мақсудов Андижонда кўзга кўринган тадбиркорлардан бўлган

Нурулло Мақсудов 2005 йил 13 майдаги Андижон қирғинидан омон қолган намойишчиларни ўзида бирлаштирган "Андижон-Адолат ва Тикланиш" ташкилотининг раҳбари.

Ўтган йилнинг 13 майида Олмониянинг Дюсселдорф шаҳрида таъсис этилган ташкилот "Андижон қурбонлари учун адолатга эришиш"ни мақсад қилиб олган.

Гуруҳнинг ниҳоий мақсади "отиб ташланган Андижонни қайта тиклаш ва ҳуқуқларидан маҳрум этилган Ўзбекистон халқи учун адолатга эришиш экани айтилади.

Андижондаги қонли воқеаларни "Президент Каримов хукуматининг ўзбек халқига нисбатан кўп йиллик қатағонининг юқори чўққиси" дея баҳолаган гуруҳ, ғарб ҳукуматларини Каримов режимига нисбатан сиёсатларини қайта кўриб чиқишга чақириб келади.

Нурулло Мақсудов 1946 йил 15 декабрда Андижонда тадбиркорлар оиласида дунега келган.

Савдо соҳасида ишлаган.

Мустақиллик йилларида Андижонда кўзга кўринган тадбиркорлардан бирига айланган Нурулло Мақсудов Боғишамолдаги хусусий корхоналарида 100дан ортиқ ишчи меҳнат қилгани, даромадлари кўпайгани сайин муҳтож оилаларга ёрдам берганликларини айтади.

Унинг ўғли ва куёви 2005 йилда маҳкамага тортилган 23 нафар тадбиркор орасида бўлган.

Қонли воқеалардан сўнг бир муддат Ўзбекистонда яширинишга муваффақ бўлган Насибулло Мақсудов ва Шавкатбек Шокировлар 2005 йилнинг октябрида Чимкентда ҳибсга олиниб, 14 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Assalomu alaykum Nurullo aka, nima deb o'ylaysiz, g'arbning ko'zga ko'ringan inson huquqlari tashkilotlari yana Andijondagi qatag'onni ko'rib chiqadimi?

Kamol Kamolov, Kanada

Нурулло Мақсудов: Ва алайкум ассалом. Андижонда содир этилган қатлиомни хозирда ҳам Европадаги инсон хуқуқлари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар томонидан текширишлар тўхтагани йўқ. Бизнинг "Андижон Адолат ва Тикланиш" ташкилотимиз ҳам ҳозирда Хелсинки фонди ташкил этган Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ташкилот билан ҳамкорликда Андижон фожиаси юзасидан мониторинг ўтказаяпмиз. Бу мониторинг ҳисоботини эса, БМТнинг махсус маърузачисига топширамиз. Бу хулосалар Европа парламентининг Ўзбекистонга бағишланган мажлисида ўқиб эшиттирилади. Бошқа томондан, ҳозирда Россия Федерациясида ҳуқуқлари поймол бўлаётган Ўзбекистон фуқароларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Бу борада ташкилотимиз томонидан ёлланган адвокатлар жамоаси ишламоқда. Ҳозирча бу соҳада ҳам анча ютуқларга эришдик, дейишим мумкин.

Assalomu alaykum Nurullo aka, mana yaqinda bir ayol qaytib keldi, hozir qamab qo'ydi, nima uchun shu ayol qaytgandi? Boshqalar qaytmadi-ku?

Abdukarim Karimov, Andijon.

Нурулло Мақсудов: Ва алайкум ассалом. Бу аёл ўз турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашиб, мана шундай қарорга келган. Ўзбекистонда бу аёлнинг оиласи ва кекса қайнонаси бўлган. Шунинг учун бу оила Ўзбекистонда бирлашишга қарор қилишди. Бошқаларнинг ҳам қайтиши ёки қайтмасликларига мен ёки бошқа одам мажбур қила олмайди.

Assalomu alaykum Nurullo Maqsudov, siz mana Andijonda davr ko'rgan insonsiz. Sizga rahmat, birmuncha bo'lsa ham, insonlarni himoya qilishga hissangizni qo'shib kelayapsiz. Sizga savolim: Andijondan oilalari bilan birlashgan insonlar haqida qanday fikrdasiz va kelgan oilalar bilan aloqa uzilsin, jamoadan chetlatilsin, deb buyruqlar berilgan. Siz bunga nima deysiz?

Muslima Qodirova, Amerika.

Нурулло Мақсудов: Ва алайкум ассалом. Сизга ҳам саволингиз ва билдирган илиқ фикрларингиз учун раҳмат. Бизнинг жамоамизда бундай буйруқ чиқарадиган одам йўқ. Мен шахсан ўзим Андижондан оилалари келган кўпчиликнинг олдиларига бориб, уларни табриклаб келганман. Тўғри, бироз чеккароқ бўлиши мумкин. Бунга ҳам йўлга кетадиган чиқимлар ва мен ҳам кўпроқ ишлар билан банд бўлганим сабаб. Ҳозирда ташкилотимизнинг аъзолари бўлган бир нечта оилалар Европа давлатларида бирлаштирилди ва биз бундан фақат хурсандмиз. Баъзи бир дўстларимизнинг оилаларини олиб келмаётганларига сабаб, уларнинг ватанимизда ўз аёллари ва фарзандларидан ташқари, кекса ота-оналари ҳам бир уйда, бирга яшаётганлари ва уларга қараб турадиган бошқа одам йўқлигидир. Бизнинг ўзбек урф-одатларида ота-онанинг оиладаги роли ва уларга билдириладиган ҳурмат ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бундан ташқари, бизнинг дўстларимиз орасида нурли келажакка ишониб яшаш ҳисси жуда ҳам баланд. Бу нарса кимларгадир хаёлпарастлик ёки ўта ишонувчанлик бўлиб кўринар, лекин инсонни ҳар қандай муаммо ёки тўсиқдан мана шундай самимий ишонч ва қатъийлик олиб чиқиб кетади. Мен бундай фазилатли инсонларга Оллоҳдан фақат гўзал оқибатлар сўраб қоламан.

Nurullo aka, juda ko'p gaplarni gapirayapsizlar-ku, lekin biron-bir amaliy ishni ko'rmayapmiz. Tashkil bo'lgandan beri Ustavlaringdagi belgilangan qaysi ishlarni amalga oshirdingizlar? Iltimos, sanab o'tsangiz.

Anvar, USA.

Нурулло Мақсудов: Авваламбор бизнинг фаолиятимизга бефарқ бўлмаган инсонлар борлигидан беҳад хурсандман. Ҳамма қилинган ишларни санаб ўтишлик, балким нокамтарлик бўлар. Биз ҳозирда ўзимизга белгилаб олган ишларимиздан муҳожирликда юриб, ёрдамга муҳтож бўлаётган ватандошларимизга ёрдам кўрсатишлик билан шуғулланаяпмиз. Шулардан Россия Федерациясида Ўзбекистондан келган, асоссиз айбловлар билан тўла сўровларга асосан қамоққа олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин бўлган уч нафар ватандошимизга хуқуқий ёрдам, ташкилотимиз ҳисобидан адвокатлар билан таъминлаш ва уларни зарурий эхтиёжларидан ҳам хабар олиб туриш сингари ишларни амалга ошираяпмиз. Бунга қўшимча сифатида яна шундай асоссиз айбловлар билан оила бошлиқлари қамоқда бўлган оилаларга ҳам уларни уй жой билан таъминлаш, оила бошлиқларининг ҳолидан хабар олиш ва уларни адвокатлар билан таъминлаш ишларини амалга ошираяпмиз. Юқорида айтганим халқаро хуқуқни химоя қилиш ташкилотлари билан ҳамкорликда қилаётган ишларимиз бунга қўшимча, десам бўлади.

Assalomu alaykum Nurullo aka, фyting-chi, diktator Кarimov 27 million рalqqa zulm qilib, yakkaxokimlikni egallab kelayapti. Bunga barham berish uchun qanday chora va tadbirlar qo'llash. Amaliy ishga o'tish uchun nimalar qilishlikni maslaxat bergan bo'lardingiz? Javobingiz uchun rahmat.

Abdulloh Komilov, Toshkent

Нурулло Мақсудов: Менимча, у президент бўладими ёки мансабдор шахсми, аввало халқ хизматчиси бўлиши керак. Бугунги кунда нега кўпчилик Каримовни диктатор, деб атаяпти? Чунки Каримов бугунги амали билан халқ хизматчиси эмас, Ўрта асрлардаги каби ўзини подшоҳ ҳис қилаяпти. Адолатсизлик ва хунрезликларнинг олдини олишнинг ягона йўли, ўша диктатор ва унинг тузган режими халқ учун қилмаётган ишларни имкон қадар амалга оширишликда, деб биламан. Масалан, ҳозирда Россия Федерациясида минглаб юртдошларимиз меҳнат муҳожири сифатида ишлаб юришибди. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлаётган ҳолларда биронта ҳам Ўзбекистон ҳукумати томонидан тайинланган расмий ташкилотлар ёки нодавлат ташкилотлар йўқ. Бундай ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари томонидан ташкил қилинган ва шундай ташкилотларнинг доимий Россия ва ўз хукуматлари билан алоқаси бор. Ҳозирда биз мухолифат вакиллари, кўп ҳолларда ўзимиз қила олмайдиган ишлар устида баҳслашиб қоламиз. Энди бундай тортишувларга чек қўйиб, ўзаро гина ва хафагарчиликларни унутиб, амалий ишга ўтиш даври келди, деб ўйлайман. Бизнинг қиладиган бирламчи ишимиз ташқарида юрган барча мухолифат вакиллари бирлашиб, мана шу миллат учун қўлимиздан келадиган ишларни амалга оширишимиз керак. Шунда халқ ўзи ким кимлигини билиб олади ва ўзига кимнинг йўлбошчи бўлиши кераклигини ўзи белгилаб олади.

Gulnora Karimovaning O'zbekiston tahtiga kelishiga qanday qaraysiz? Muxolifatning birlashishi haqidagi fikringiz? Rahmat.

Yusuf Diyorov, Toshkent

Нурулло Мақсудов: Гулнора Каримова ҳокимиятга келишига ишонмайман. Чунки отаси шунчалик худбинки, тириклигида ўз ўрнини ҳаттоки ўз фарзандига ҳам бермайди. Каримов ўлганидан кейин эса, бу ишга унинг ёнидагилар йўл қўймайдилар. Ҳозирда Каримовнинг атрофида ҳам кейинги президентликка ўзи учун замин яратиш ишлари авжида. Гулнора Каримованинг шахсиятига келсак, у хақида кенг оммага тарқатилаётган маълумотларнинг ақалли ярмига ва у қилаётган ишларнинг ҳам озгина қисмини ўз ташаббуси билан қилаяпти, деб ишонсак, у аёл анча ҳаракатчан ва ўзига яраша иқтидорли, деса бўлади. Кейинги саволингизга эса, юқорида жавоб бериб ўтдим.

Hurmatli Maqsudov janoblari, Andijon 2005 fojiasida hukumatning aybdorligini sborlovchi biror dalil yoki ma'lumotlaringizni qachon erkin ommaga chiqarasiz? Karimovning o'rniga kim Prezident bo'ladi, deb o'ylaysiz?

Dilshod Saidov, Madrid

Нурулло Мақсудов: Биз барча Андижон қирғинидан омон қолган қочқинлар бу воқеалар ҳақида ўзимизда бор маълумотларни тегишли жойларга ва кенг оммага тақдим қилганмиз. Яна буёғига вақт-олий хакам. Вақт ўтиши билан бизнинг кимлигимиз ва бизни айблаётган ҳукумат аслида қанақалиги ҳаммага ошкор бўлади, албатта. Кейинги саволингизга ҳам худди шу жавоб. Каримовдан кейин келадиган президентнинг ким бўлишини ҳам вақт кўрсатади.

Nurullo Maqsudov janoblari, Muhammad Solih haqidagi holis fikringizni bilmoqchi edim.

Volodya Zufarov, MoskvaНурулло Мақсудов: Муҳаммад Солиҳ жаноблари бизнинг бугунги кунда яқин ҳамкорларимиздан бири. Шу кунгача қилаётган фаолиятимизда биз бир-биримизга халал бермадик, аксинча, бир-биримизнинг камчилигимизни тўлдириб келаяпмиз. Мен у кишини инсон сифатида ҳам жуда ҳурмат қиламан. Hurmatli Nurullo aka, O'zbekistonlik xozirgi yoshlarning o'z davlati kelajagi uchun kurashmay, chetga chiqib, chet ellarda sarson-sargardon bo'lib yurishligida asosiy sababchi kim, deb o'ylaysiz? O'zbekistonning kelajagi haqida nima deb o'ylaysiz? Oldindan katta raxmat!

Nargiza Samadov, Turkiya

Нурулло Мақсудов: Ўзбекистоннинг бугунги умумий ҳолатига жавобгар шахс Ислом Каримов. Мен Ўзбекистонда яшаган охирги йилларда шуни кузатганман, аксар ёшлар билан суҳбатлашсам, мактабни тамомлаб, кўпчилик ёшлар олийгохларга кириб ўқишни тамомлагач, ишни ички ишларда, солиқ инспекциясида, департаментда, МҲҲда ёки прократурада бошлашни орзу қилишарди. Мен бу мисол билан ҳамма ёшлар демоқчи эмасман, уларнинг аксар қисми шундай эди. Бу эса, давлатда эътибор кўпроқ куч ишлатар тизимларга қаратилгани ва уларга жуда ҳам кўп имтиёзлар берилганини англатади. Мана шундай ёшларнинг мамлакат келажаги учун қайғуришдан кўра, кўпроқ назоратчи бўлишга интилишига нима сабаб? Сабаб битта, у ҳам бўлса, давлатнинг коррупцияга ғарқ бўлаётгани, иқтисод эса, аллақачон ишдан чиққани ва халқни бу зулмларга чидай олмасдан, портлаш арафасида турганидан далолат. Бу чигалликлар эса, Каримовнинг йигирма йиллик бошқарувининг ҳосилидир.

Karimovning Buyuk kelajagi o'z poyoniga yetmoqda, deb o'ylaysizmi? Karimovning O'zbekiston prezidentlididagi asosiy xato va kamchiliklari nima, deb o'ylaysiz?

Farhod G'oyipov, Moskva

Нурулло Мақсудов: Каримовда буюк келажак бўлмаган. Унинг бошданоқ буюк келажакка элтувчи йўл программаси йўқ эди. У халқни шу кунгача алдаб келаяпти. Унинг асосий камчилиги ҳам шунда, яъни йўлсизликда. Шунинг учун ҳозирда ўзини мухолифат санаётган ҳар бир жамоа ўзларининг кураш йўлларини режаси билан бир қаторда, эртага ҳукуматга келгандан кейин нима қилиб давлатни ривожлантириш ҳақида аниқ дастурлари бўлмоғи керак. Акс ҳолда, янги ҳукумат ҳам бир кун келиб, бугунгидек диктатор режимга айланиши мумкин. Мен анча йиллар аввал болалар учун мўлжалланган бир фильмни кўрган эдим. Шу фильмда бир шаҳар аҳлини қийнаб келаётган аждар бўлади. Шу шаҳар аҳлини қутқариш учун бир баҳодир йигит аждар билан олишгани йўлга тушади. Ҳалиги йигит қанча қийинчиликлар билан аждарни енгган вақтида, ҳалиги аждар йигитга қараб, "мана мен ўлаяпман, сен мендан кейин нима қилмоқчисан?", деб сўрайди. Чунки у аждар ҳам бир вақтлар мана шу шаҳар аҳолисини зулмдан қутқариш учун йўлга отланган бир баҳодир йигит бўлади. У ҳам аждарни енгиб, у ёғига нима қилишни билмай, охири билмаган ҳолда аждарга айланган бўлади. Шунда ҳалиги баҳодир йигит ҳам қалқонига қараса, ўзи ҳам аждарга айлана бошлаганини кўриб, бу ерлардан бош олиб кетади. Мен ўйлайманки, ҳар бир инсоннинг ўз мустақил ҳаёт йўли, мана шундай шахслардан ташкил топган жамоанинг эса, ўзга инсонлар ҳаётига мазмун олиб кела оладиган дастурлари бўлмоғи лозим. Агарда мен келтирган мисол тингловчилар учун ўринсиз бўлган бўлса, узр сўрайман.

Muhtaram Nurullo aka, Andijon fojiasini keng ommaga fosh etish uchun aniq faktlaringiz bormi? Tashkilotingizning keyingi rejalari haqida ham gapirib bersangiz.

Jamshid Solihov, London

Нурулло Мақсудов: Менга вақт ажратиб, савол берганингиз учун катта раҳмат. Мен бу саволларга юқорида жавоб бериб ўтдим.

Аssalomu alaykum. Men asli studentman, hozir Londondaman, sizga savolim shuki, bu 23ta tadbirkor haqiqiy tadbirkorlarmidi, nima uchun qamalgan so'ng Andijon voqeasi kelib chiqqan?.

Kamola Jo'rayeva, London

Нурулло Мақсудов: Ва алайкум ассалом. Ҳа, бу 23 та тадбиркор ҳақиқатан ҳам тадбиркор бўлишган. Биз 2005 йилда ўзимизнинг тадбиркорларни ҳимоя қилиб чиққан вақтимизда Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида ҳам шунга ўхшаш фермерларнинг хуқуқлари бузилиш ҳоллари кузатилган ва улар Тошкентга ҳам бориб, Америка элчихонаси олдида намойиш қилишган. Аммо бу намойиш ва қаршиликларни ҳукумат куч билан тарқатиб юборган. Агарда мана шундай халқ қўзғолони Андижонда бўлмаганида, бошқа бир вилоятда албатта бўлар эди. Чунки ўша даврга келиб, халқ бундай нохақликларни кўравериб, тўлиб бўлган эди.

Maqsudov janoblari, malumki ATTning ko'p azolari Andijon voqealaridan keyin vatanni tark etgan qochqinlardir. Mana besh yildirki, oila va yaqinlaridan ayriliqda yashashmoqda. ATT BMTning oilalarni birlashtirish dasturi bo'yicha biror ish qilayaptimi?

Abdulloh, Nyu York

Нурулло Мақсудов: Ҳозиргача бизнинг ташкилотимизнинг бир қанча аъзолари УВКБ ООН билан ҳамкорликда ўз оилаларини олиб келишга муваффақ бўлдилар. Бу хизматлари учун ташкилотимиз номидан УВКБ ООН ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

Nega endi Andijon qurbonlari adolati uchun Olmoniyadagi tashkilot kurashadi? Axborot huruji va manfaatlar to'qnashuvini sezayapman. Qo'g'irchoq bo'lib qolmayapsizmi?

Mubina

Нурулло Мақсудов: Биз ташкилотимизни Олмонияда ташкил этганимиз сабаби, ҳозирда ватанда бундай ташкилотлар орқали фаолият олиб бора олмаймиз. Агарда сиз ахборот хуружи ва манфаатлар тўқнашуви деганда, Ўзбекистон ҳукуматини назарда тутаётган бўлсангиз, биз кураш услубимизни кўпроқ халққа ёрдам қилиш ва дардига малҳам бўлишга қаратганмиз. Шу ишларни ўзимиз ўйлагандек бажара олсак, албатта, халқ ўзи бизни танлайди, мен бунга аминман. Мана шунда биз ҳеч кимга қўғирчоқ бўлмаймиз.

Мana sizlar tashkilot ham tuzdingizlar, ammo qilayotgan ishlaringiz bema'ni ishlar, deyishayapti. Siz shunday deguvchilarga nima deb, javob bera olasiz?

Ulug'bek

Нурулло Мақсудов: Мен аввало бизга ҳеч қандай муносабат билдирилмай қолмаганидан хурсандман. Агарда шундай бўлганида, биз ҳеч нарса қилмаяпмиз экан, деб хафа бўлган бўлардим. Тўғри, ташкилот сифатида бизда ҳам камчиликлар талайгина. Лекин камчиликни бемаънилик билан аралаштириш керак, деб ўйлайман. Энди бу бемаънилик деган гапни рад этишга келсак, тарихда нафақат маъноли, балки буюк кашфиёт соҳибларини ҳам бемаъниликда айблашган ва ҳаттоки қатл қилишган. Уларнинг олдида биз бу гапларга парво қилмасак ҳам бўлади ёки ҳаммасига вақт одил ҳакамлик қилади.

Аssalomu alaykum. Nurullo otaga savolim shunday. Nimaga siz o'z oylasini olib kelganlarni munofiq, dedingiz? Axir oilalar birlashsa, nimasi yomon?.

Nigina Qurbonova, Evropa

Нурулло Мақсудов: Саволингиз учун раҳмат. Мен бу мавзуга бугун жуда кўп рўпара келдим. Биринчидан, бу саволни йўллаган инсон мусулмон динидан анча хабари бўлса керак. Чунки мунофиқлик, деган сифат Ислом динида эътиқодига хиёнат қилган кимсага ишлатилади. Иккинчидан, ўзлари ҳам мени мунофиқ эмасмисиз, дебдилар. Худога шукур, мен Оллоҳнинг олдида юзим ёруғ, чунки мен эътиқодимга хиёнат қилганим йўқ. Шунинг учун бу савол берувчидан асло хафа эмасман, чунки менга гумон қилинаётган бу айбдан йироқман. Учинчидан, бу савол йўллаган инсонга ҳам сизни кимдир шундай атаса, асло хафа бўлманг, чунки бундай эмаслигингизни Оллох кўриб турибди. Тўғри, инсонни кимдир ўғри деса, тўғри инсон хафа бўлмайди, чунки у инсон ҳеч қачон ўғирлик қилмаган. Тўртинчидан, менинг шахсий ҳаётимда камчиликларим бўлиши мумкин, бунинг учун Оллоҳга тавба қиламан. Лекин мен бировни мунофиқ, деб шу кунгача атаганим йўқ. Бу ишдан Оллоҳнинг ўзи асрасин! Бешинчидан, биз ҳам мана шу муҳожиротда ўтган давримизда кўп тўйлар қилдик, биз билан бирга келган ёшларимизни уйлантирдик, қизларимизни турмушга бердик. Ўтган йили ҳам ташкилотимиз аъзолари билан биргаликда Германия, Швеция, Швейцария ва Америкага бориб, тўйларни ўтказдик. Оллоҳ насиб қилса ва тўй эгалари рози бўлишса, тўйларнинг видео фильмларини сайтимизга ҳам жойлашга ҳаракат қиламиз. Мен шу кунгача оиласи келгани сабабли бирон кишининг ташкилотдан ёки жамоадан четлатилганини билмайман. Тўғри, биз билан шу кунгача бирга келган инсонлар орасида бизни ташкилот тузганимизни ёки мана шу ташкилот аъзолари ёрдамида ўша Андижон қирғинида шаҳид кетганлар ва мана шу ишларни рўкач қилиб, сохта айбловлар билан нохақ қамалганлар оилаларига доимий ёрдам қилишлик ёки мана шу муаммоларни биргалашиб ҳал қилишни ҳаётимизга мазмун, деб яшашликни нотўғри, дейдиган инсонлар ҳам бор. Бу ҳам табиий. Чунки ташкилотимиз ҳам демократик йўллар билан тузилган, ҳамманинг ўз фикри ва ўз дунёқараши бор. Бунга мен ҳам бошқалар ҳам қаршилик қилишга ҳаққимиз йўқ. Акс ҳолда, биз ҳам диктатордан фарқ қилмай қоламиз. Мен шу жойда мана шу савол йўллаган инсондан ўзр сўрайман, агарда бу инсон менинг жавобларимдан қониқмаган бўлса ёки менинг бу саволга жумлама-жумла тўхталганим оғир ботган бўлса. Бошқа тингловчиларга ва вақтларини аямай, менга савол йўллаганларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ҳаммангизга катта раҳмат, соғ бўлинглар.