Рамил Рахматуллин: ихтиромиз шаккоклик эмас, инсон саломатлигини тиклашга қаратилган

Рамил Рахматуллин илмий лабораторияда
Image caption Рамил Рахматуллин биотери устида 2006 йилдан тадқиқотлар олиб боради

"Инсоннинг қўли ёки оёғини қайта ясай олмасмиз, аммо биз жигар ёки ошқозоности безининг бир қисмини қайта тиклашнинг уддасидан чиқишимиз мумкин", дейди россиялик ихтирочи Рамил Рахматуллин.

Рамил Рахматуллин ихтиро қилган материал - "Гиаматрикс"га бутун дунёдан қизиқиш билдирилаяпти.

"Сунъий тери ясашда биз бошқа йўлдан бордик", дейди ёш олим.

"Гиаматрикс" бошқа биотерилардан фарқ қилади, уни инсон танасининг куйган қисми устига қўйилса, терининг ташқи кўриниши нафақат қайта тикланади, балки бу модда куйиш оқибатида олинган яраларнинг ҳам тезроқ тузалишига ёрдам беради.

Рамил Рахматуллин бу йўналишдаги тадқиқотларини 2006 йилда бошлаган, шу йилга келиб янги ихтиро афзалликлари кўзга ташланди.

Бионженер Рамил Рахматуллин 1976 йилда Оренбург шаҳрида ҳарбийлар оиласида туғилган.

Ўрта мактабни Челябинск шаҳрида якунлаган.

У болалигидан биология фанига қизиққан, биология бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги халқаро олимпиадада бронза медали билан мукофотланган.

Рамил биотехнологияга илк бор қизиқиш болалигида Ҳолландияга сафар пайтида туғилганини айтади.

Бионженерлик конструкцияларини барпо этишга қарор қилган Рамил Рахматуллин Оренбург Медицина академиясига ўқишга киради.

Айни пайтда Москва Давлат университетида ҳам таҳсилни бирга олиб боради.

Аспирантурани тугатган Рамил Рахматуллин Оренбург Давлат университетида биотери устидаги тадқиқотларини бошлаган.

Рамил Рахматуллиннинг саволларга жавоблари

Би-би-си даставвал Рамилдан ўзи ва оиласи ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилди.

Рамил Рахматуллин: Мен давлат хизматчиларининг оиласида туғилганман. Табиийки, бу Совет Иттифоқи даври эди, менинг отам ҳарбий, онам педагог, биология ўқитувчиси эди. Мен Оренбург шаҳрида туғилганман. Отамнинг касби ҳарбий бўлгани учун ҳар хил жойларга ишлаш учун юборишар, бизнинг Совет Иттифоқининг турли шаҳарларида яшашимизга тўғри келган. Биз оилада икки фарзандмиз – мен ва синглим. Мен мактабни Челябинск вилоятидаги ҳарбий шаҳарчада олтин медал билан битирганман. Онам биология ўқитувчиси бўлгани учун биологияга бўлган муҳаббат менга онамдан «юққан”. Мен ўқувчилигимдан биология тўгарагига қатнаганман, шу фан бўйича олимпиадаларда иштирок этиб, халқаро даражадаги кўриккача етишга муваффақ бўлганман. Менда биологияга, тиббиётга қизиқиш бутун умр қолди, ўзимнинг касбимнинг йўналишини ҳам мен шу туфайли танлаганман. Ота-онам болалигимдан менинг қизиқишимни рағбатлантиришган, мен учун барча шароитни яратишга ҳаракат қилганлар. Улар менинг университетларга бориб, қўшимча сабоқ олишимга ката ёрдам берганлар. Шунинг учун мен улардан бир умр миннатдорман. Ҳозир ўзим ҳам уйланганман, яқин орада оиламиз аъзолари сони кўпайишини кутаяпмиз.

Би-би-си: Мана ҳозир сиз банд бўлган соҳа – биоинженерияга қизиқиш ҳақида батафсил гапириб берсангиз.

Рамил Рахматуллин: Боя айтганимдек, мен ҳали мактаб йилларидан биологияни фаол ўрганганман ва онамнинг кўмаги билан биология олимпиадаларида қатнашганман. Биринчи қизиқиш 1993 йилда туғилган. Ўшанда бизни – биология фани бўйича халқаро олимпиада иштирокчиларини Ҳолландияга, Утрехт университет шаҳарчасига олиб боришган эди. У ерда бизни инновацион-биотехнология ишлаб чиқариш корхонасига экскурсияга олиб боришган. Бу корхонада мен ўсимликларнинг уникал қафас тизимларини яратаётганларини кўрганман. Мен биотехнология имкониятларини кўриб ҳайратга тушганман – улар у ерда ўсимликнинг битта қафасидан ёки ҳужайрасидан бутун бошли ўсимликни пайдо қилишнинг уддасидан чиқишган. Ўшандан кейин мен инсоннинг организми учун фойдаланса бўладиган таркибий қисмларни яратишга қизиқиб қолганман. Бу ўсмирларга хос ҳайрат, катта таассурот натижаси эди. Ва бу нарса шу соҳани танлашимга туртки бўлган. Кейинчалик тиббиёт олийгоҳида таҳсил олиб юрган йилларимда бу йўналиш истиқболли экан, деган фикрга келганман. Иккинчи курсдан академик Бухариннинг микробиология тўгарагига аъзо бўлиб кирганман. Яна – менинг онамга азоб берадиган бир тери хасталиги бор эди, онам анча йиллардан бери қийналар эди ва менинг бу йўналишга қизиқишим сабабларидан бири ҳам онамга ёрдамлашиш эди.

Би-би-си: Онангизга ёрдам бера олдингизми?

Рамил Рахматуллин: Ҳа, онам мен ихтиро қилган усулдан даво топган биринчи инсон. Биотери унинг қўлидаги тери хасталигини даволади. Бунлай натижа мени янада илҳомлантирди.

Би-би-си: Мана сизнинг ихтиронгиз ҳақид гапирилар экан, бу усул билан инсоннинг қўли ёки оёғини ясаб бўлмас, аммо инсон айрим органининг бир қисмини яратиб бўлади, дейилади. Бу йўналишда сиз қанчалар олдинги силжишга эришдингиз?

Рамил Рахматуллин: Биз фақат биотери билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Уч йил илгари ихтиромиз тан олинганидан кейин ноёб ускуна олиб, ўзимизда – Оренбург Давлат университетидаги лабораторияга ўрнатиш имконияти туғилди. Биз ўз изланишларимизни янада давом эттиришимиз учун Оренбург университети раҳбарияти зарур барча шароитни яратиб берди. Биз ҳозир уч ўлчовли материал барпо этиш устида иш олиб бораяпмиз. Бу йўналишда муваффақиятга ҳам эришдик. Бу кенг ҳажмдаги структуралардир. Агар бу структураларга муаяйн бир шароит яратиб, ҳали ривожланмаган ҳужайралар жойлаштирилса, бу ҳужайралар “йўналишли” ривожланиши мумкин. Мисол учун, бу инсоннинг бирор органи ҳужайралари бўлиши мумкин. Ҳозир биз жигар ҳужайралари устида эксперимент олиб бораяпмиз, алоҳида таъкидлайман, ҳали бу эксперимент. Бу эксперимент мақсади шуки, мисол учун, шикастланган жигарга биз пайдо қилган ҳужайралардан иборат структура пайвандланса, бу структура жигарнинг ўзини қайта тиклашига, яна тўлақонли соғлом жигарга қайтишига ёрдам беради. Биз бундай экспериментларни жигар, ошқозоности безида ўтказаяпмиз, биз кўзнинг биомугуз пардасини ясашнинг уддасидан чиқдик. Айнан кўз мугуз пардаси Россияда янгилик, ихтиро сифатида эътироф этилди, яқинда уни халқаро кўргазмада тақдим этамиз. Бошида биз камчилик эдик, аммо ҳозирга келиб, биз бутун бошли бир жамоага айландик. Ҳозир биз билан ёш, истеъдодли мутахассислар, тажрибали профессорлар ҳамкорлик қилишаяпти. Шунинг учун бизнинг изланишларимиз суръати ошди, деб айта оламан.

Би-би-си: Сиз ихтиро қилган биотери –“Гиаматрикс”нинг хоссалари нималардан иборат, у қандай тузилган? Шу ҳақда батафсил гапириб берсангиз.

Рамил Рахматуллин: Агар соддароқ қилиб тушунтиришга ҳаракат қилсам – ҳамма биладики, инсон терисининг асосида гиалурон кислотаси ётади. Терининг юмшоқлиги, эластиклиги ана шу моддага боғлиқ. Гиалурон кислотасининг ташқи кўриниши биздаги, Россиядаги “холодец”нинг ташқи кўринишини эслатади. Биз ана шу аморф моддадан пластин қобиқ ясашнинг уддасидан чиқдик. Энди бу ҳарир рўмол шаклига кирди – нозик, кўзга кўринар-кўринмас иплар билан тикилган ҳарир рўмолга ўхшайди. Биз инсон терисининг асосини ташкил этадиган моддани ана шундай “ип” билан улаб чиқдик. Натижада жуда жўн, аммо ҳақиқий инсон териси хусусиятларига яқин тери юзага келди. Бизнинг материалимизнинг ўзининг ҳужайраси йўқ, аммо у ўзига хос матрицадир. Бу матрица эса жуда қулай, ҳужайралар тепасидаги муҳитни пайдо қилади. Унинг остида эса инсоннинг ўзининг териси ривожланиши учун шароит сақланади. Агар сиз куйган терининг устини гиаматрикс билан қопласангиз, у ярани инфекция тушишидан муҳофаза қилади, терини қуруқшаб қолиши, янада аҳволи ёмонлашишининг олдини олади. Бу пластинканинг қалинлиги ярим-бир миллиметрча. У терининг устига қўйилганда, теридан фарқ қилмайди. У бошида муҳофаза қавати ролини ўйнайди. Тери ўсиб, яра битиб борган сайин гиаматрикс терига сингиб йўқ бўлиб кетади. Унинг сўрилиб кетиш жараёни ҳам жуда мувозанатли кечади. Биз биламизки, тери куйганда ёки бошқа жароҳат олганда ярани қайта боғлаш инсон учун жуда оғриқли кечади. Гиаматриксдан фойдаланганда эса ярани, у битиб кетгунича қайта-қайта боғлаш талаб этилмайди.

Би-би-си: Сиз ихтиро қилган биотерини саноат миқёсида ишлаб чиқариш масаласи қандай ҳал этилаяпти?

Рамил Рахматуллин: Бизнинг муваффақиятимизга Оренбург Давлат университетининг қўллаб-қувватлаши катта ёрдам берди. Бошидан университет раҳбарияти, шахсан ректор Владимир Ковалевскийнинг ўзи биотерини ривожлантириш тарафдори бўлди. Ўқув даргоҳи бизнинг тадқиқотимиз учун маблағ ажратди, зарур жиҳоз-ускуналар билан таъминлади. Мана ҳозир университет биз учун ер ажратган. Бу жойда биз ишлаб чиқариш мажмуасини қуришни бошлаяпмиз. Мажмуа ярим йиллардан кейин, келаси баҳорларда ишга тушгач, биз саноат миқёсида ишлаб чиқаришни бошлаймиз. Ҳозир бизнинг ихтиромиз “РосНАН” давлат корпорациясидан якуний экспертизадан ўтказилаяпти, унинг раҳбари жаноб Чубайс жуда қиммат хорижий ускунани сотиб олишда бизга молиявий дастак беришга ваъда берди. Комплекснинг дастлабки баҳоси 20 миллион долларга баҳоланаяпти. Биз Бош вазир Владимир Путин билан учрашганимизда, ўзимизнинг муаммоларимиз, солиқ муаммолари ҳақида сўзлаб бердик. Биз ўзаро бир-биримизни тушундик. Шунинг учун ҳозир бизнинг ривожланишимиз учун олдимизда ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

Би-би-си: Бизнинг электрон почтамизга Илмира Гилмутдиновадан хат келди. Унда Илмира Гилмутдинова “эпидермолиз буллезний” деб номланадиган хасталикка чалинган бола АҚШда яшашини хабар қилган, сиз унга ёрдам бера оласизми, деб сўраган.

Рамил Рахматуллин: Савол учун раҳмат. Биз ўз ихтиромизни синаб кўрган биринчи беморлардан бири ўн икки ёшли ўғил бола бўлган, унда туғма эпидермолиз бор эди. Лекин ундаги буллез формаси эмас, енгилроғи эди. Бизнинг материалимиз билан муолажадан кейинги натижа ёмон бўлмади. Мен Америкада эпидермолиз билан оғрийдиган бола яшаши ҳақида эшитганман. Боланинг ўзининг териси ривожланмаган, кунига беш-олти марта ярасини боғлашга тўғри келиши ҳақида хабардор бўлганман. Агар сизнинг радионгиз орқали ўша боланинг яқинлари билан боғланиш имкони бўлса, биз керакли ҳажмдаги биотерини уларга етказиб беришга тайёрмиз.

Би-би-си: Олим исмли ўқувчимиз “туғма нор”ни йўқотишда сизнинг усулингизни, яъни гиаматриксни қўлласа бўладими, деб сўрапти.

Рамил Рахматуллин: Бизга тери пигментацияси бузилган беморлар мурожаат қилишган. Афсуски, биотеридан фойдаланиш йўналиши бошқа, ундан бошқа мақсад кўзлангани сабабли биз бундай беморларга ёрдам бера олмаганмиз. Биотери инсон баданида, терисида қандайдир қусур бўлса, ўша қусурни бекитиш, даволаш мақсадини кўзлайди. Биз келажакда бундай масалалар билан шуғулланамиз, аммо ҳозир бу мақсадда биотеридан фойдланиб бўлмайди.

Би-би-си: Ўшдан доимий мухлисимиз Одилжон Маҳдумий шундай ёзади: Юнон файласуфларидан бири “инсон қўли билан яратилган барча нарсаларда албатта камчилик бор” деб айтган. Сизнинг ихтиронгизда ҳам камчилик бор, деб ўйлайсизми?

Рамил Рахматуллин: Мен бевосита шу иш билан шуғулланаётган инсон бўлганим учун ижобий ёки салбий томонларига баҳо беришда, албатта, объектив бўла олмайман. Камчиликлардан бири сифатида шуни айтишим мумкинки, бу материал чекланганидир. Бу чекланганлик биоматериал кенглиги, чуқурлиги билан боғлиқ. Мисол учун, инсон танасида учинчи даражали, тўртинчи даражали деб ўлчанадиган чуқур куйишлар бўлади. Бундай ҳолатда биотерининг ўзи етарли бўлмайди. Яна бир камчилик, ишлаб чиқариш даражасининг жуда кенглигигига эришиб бўлмаслигидир. Чунки бу илм-фан билан боғлиқ бўлганидан катта-катта миқёсдаги биотерини ишлаб чиқариб бўлмайди. Албаттаки, энг асосий камчилик ҳали уни ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаганидир, деб айтган бўлардим мен.

Би-би-си: Москвадан Алишер Қурбонов юборган мактубдан: Сиз яратган терининг инервацияси қанақа бўлади? Тананинг қайси қисмини териларини яратаяпсиз? Қайси ирқ вакилларининг терисини яратиш қулай ва қайсилариники қийин?

Рамил Рахматуллин: Биотерининг ўзи ҳақиқий тери ўрнини босувчи бўлолмайди. Биотерининг остидан инсоннинг ўзининг териси қайта ўсиб чиқади. Тери билан бирга томирлар, нервлар ҳам ўсиб чиқади. Энди бу одамнинг ўзининг териси, бегона тери эмас. Бу билан инервация, яъни бадан орқали сезиш яна сақланиб қолади. Биотери эса сингиб ё сўрилиб кетади. Мен турли ирқ вакилларининг териси бир-биридан фарқ қилади, деб ўйламайман. Фақат тери ранги фарқ қилиши мумкин. Терининг ўзини яна қайта тиклаш тамойиллари эса ҳаммада бир хил.

Тошкентдан Дилшод Муҳаммедов сўрапти: Инсонинг терисини ясаш бу инсоннинг клонини ясашга яқин ҳодиса эмасмикан? Кейинчалик клон ясашда сиздан ёрдам сўраб қолсалар, ёрдам берасизми?

Рамил Рахматуллин: Клонлаштириш жуда мураккаб, жуда жиддий жараён. Тери эса инсоннинг жуда кичик фрагменти. Инсоннинг мияси бор, юраги, жигари... Одам танаси билан терини солиштирганда, одам бир автомобил бўлса, тери бу автомобилдаги бир винтдай гап. Аммо винт ҳам автомобилнинг жуда муҳим эҳтиёт қисми ҳисобланади. Клонлаштириш ғояси жуда қизиқ ғоя. Авваламбор, клонлаштириш даражасидаги ишга қўл уриш учун бизда бунинг учун зарур технология йўқ, иккинчидан биз ўз тадқиқотларимизда ўз олдимизга клонлаштириш мақсадини қўйганимиз йўқ. Биз ўз олдимизга инсоннинг органининг бир қисмини ясаш ва бундан одам организмининг эҳтиёт қисми сифатида фойдаланиш вазифасини қўйганмиз. Агар инсонни клонлаштиришга тўғри келса, бунинг ахлоқий жиҳати ҳам юзага чиқади-ку. Ким бу, эртага нима қилади, қаёққа боради? Бунинг учун ҳам масъулиятни бўйинга олиб иш кўриш керак бўлади. Шунинг учун биз бу ғояни кўзлаётганимиз йўқ.

Би-би-си: Бир неча ўқувчимиз сиз қайси динга эътиқод қилишингиз ҳақида сўрашган ва сизнинг ишингиз Оллоҳ иродасига қарши бориш эмасми, деган маънода сизга савол беришган.

Рамил Рахматуллин: Мен авваламбор тадқиқотчи олимман. Мен мусулмонман, мен ўзимни Ислом динидаги инсон деб биламан. Менинг аждодларим, ота-онам фақат Ислом динига эътиқод қилганлар. Бу саволга мен шундай жавоб беришни истайман: мен учун муҳими – билиш, илмий ўрганиш. Менинг билишимча, ўзингнинг яқин одамингни қандайдир хасталикдан, беморликдан қутулишида кўмаклашишинг Қуръон таълимоти, Ислом таълимотига зид келмайди. Бизнинг ихтиромиз эса инсонга соғлигини қайтариш, саломатлигини тиклашга қаратилган. Йўқ, бизнинг ишимиз Ислом динига, Оллоҳ иродасига қарши эмас. Агар биз клонлаштиришга бел боғлаганимизда, ўзимизни яратувчи ҳис қилганимизда бу Оллоҳга қарши бориш бўлган бўларди.

Би-би-си: Ўқувчиларимиз сиздан Ўзбекистон ҳақида нималарни биласиз, деб ҳам сўрашган экан.

Рамил Рахматуллин: Менинг ота томондан аждодларим ХХ аср бошларида Ўзбекистонда яшашган. Бу Октябр инқилоби, инқилобдан кейинги фуқаролар уруши, 1920 йиллар бўлган. Менинг билишимча, бугун Ўзбекистон Ўрта Осиёда анча жадал ривожланиб келаётган мамлакат. Ўзбекистоннинг келажакда жуда ривожланган мамлакатлар сафига қўшилиши учун салоҳияти етарли. Ўзбеклар орасида танишларим кўп. Асли ўзбекистонлик бўлган инсонларни ҳам биламан, Оренбургда истиқомат қиладиган ҳам ўзбек танишларим бор. Уларнинг кўпчилиги билимли, зиёли кишилар. Бундай кишилар билан Ўзбекистон келажакда албатта ривожланиб кетади, деб ўйлайман.